-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Инновация: бу ҳақда нималарни биламиз? (иккинчи мақола)

09.08.2018

Қоида тариқасида, Европа давлатларининг ҳукуматлари иқтисодий фаолиятнинг бундай турлари рўйхатини шакл­лантиради. Миллий тартибга солишда асос сифатида янги ишланмаларга, айниқса, муҳтож бўлган тармоқлар рўйхати қабул қилиниши мумкин:

энергия самарадорлиги ва энергияни асраш;

ядровий технологиялар;

космик технологиялар (энг аввало, телекоммуникациялар ҳамда навигация тизимлари соҳасида);

асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар ишлаб чиқиш соҳасидаги тиббий технологиялар;

стратегик компьютер технологиялари ва дастурий таъминот воситалари.

Кўриниб турибдики, бугунги кунда, жаҳон амалиётида инновациялар иқтисодий ўсишни ҳаракатлантирувчи асосий куч сифатида эътироф этилган ҳамда барқарор ривожланиш учун шарт-шароитлар яратадиган, турли-туман муаммоларни ечишга қодир бўлган муҳим омил ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасида ҳам инновация фаолияти, уни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга, мазкур йўналишда давлат сиёсатини самарали ташкил этишга қаратилган муҳим қадамлар қўйилди. Жумладан, давлатимиз раҳбари Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш масаласи, биринчи навбатда, илм-фан, юксак технологиялар, замонавий инновацион ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш­ билан узвий боғлиқ эканини аниқ тушуниб ва таъкидлаб, айни шу мақсадда 2017 йил 29 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармон билан стратегик режалаштириш тизимини яратиш, давлат бошқарувининг инновацион шаклларини амалга киритиш, фан ва инновация фаолиятини ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш, инвестицияларни кенг жалб қилиш, ҳуқуқий базани такомиллаштириш, илмийтад­қиқот ва инновация фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг долзарб соҳаларига илғор технологияларни фаол жорий этиш каби мамлакат инновацион ривожланишининг асосий йўналишлари белгиланди.

Шунингдек, янги Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилиб, у Ўзбекистон Республикасининг инновацион ва илмий-техник ривожланиши соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган этиб белгиланди ҳамда мамлакатимизда илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятининг истиқболли ютуқларини тарғиб қилиш, бу борада самарали механизмларни ишлаб чиқиш, инновацион тузилмаларни мустаҳкамлаш унинг фаолият йўналишлари этиб белгиланди.

Мамлакатимизда инновация фаолиятининг алоҳида йўналишларига ҳам эътибор берилмоқда, жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 30 июндаги “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғ­рисида”ги Фармонига асосан “Mirzo Ulug­bek Innovation Center” инновация маркази ташкил этилиб, унга бугунги кунда энг тез ривожланаётган соҳа, яъни ахборот технологиялари соҳасида хўжалик юритувчи субъектлар, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларни бирлаштириш вазифаси юклатилди. Мазкур соҳадаги тадбиркорлар учун кўплаб имкониятлар яратилиб, улар солиқлардан озод қилинди, ўз фаолиятларини ривожлантириш учун кредитлар олиш имкониятлари кўпайтирилди ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш тизими шакллантирилди.

Шунингдек, инновацион фа­олиятни янада жадаллаштириш мақ­са­дида давлатимиз томонидан қатор ташкилий ишлар ҳам амалга оширилиб, уларнинг тизимида инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркалари алоҳида аҳамиятли ҳисобланади. Бундай ярмаркалар ҳар йили ўтказилиб, унда саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, ахборот технологиялари ва фан-таълим соҳалари учун юзлаб инновацион ғоя, технология ва лойиҳалар намойиш этиб келинмоқда.

Ҳозирга қадар ўтказилган ярмаркалар доирасида 4 минг 200 га яқин инновацион ғоя ва технология намойиш этилиб, умумий ҳажми 144 миллиард 100 миллион сўм бўлган 4 мингдан ортиқ шарт­нома имзоланган. Натижада, қарийб 2 триллион 200 миллиард сўмга яқин 62 номдаги янги серияли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда, 59 та шартнома доирасида маҳсулотларнинг тажриба-синов ва саноат намуналари юзага келди. Шу билан бирга, юзлаб корхона, фермер хўжалиги ва тадбиркорлик субъектларига илмий ва амалий хизматлар кўрсатилмоқда.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар илғор хорижий тажриба, жаҳон фанининг­ замонавий ютуқлари, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар асосида иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал инновацион ривожлантиришни таъминлаш мақсадида амалга ошириб ке­лин­моқда. Ушбу ишлар ва вазифалар мамлакатимиз иқтисодиёти, тадбиркорлик фаолияти ривожланишига, давлатимизнинг хал­қаро нуфузи ошишига ва якуний тарзда халқ даромадларининг кўпайишига ва фаровон ҳаётнинг таъминланишига хизмат қилиши аниқ.

Исламбек РУСТАМБЕКОВ,

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи,

юридик фанлар доктори, доцент