-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Оиладан узоқлашган жиноятга яқинлашади

10.08.2018

Энг аввало, оилани эҳтиёт қилишимиз зарур

Давлатимиз раҳбари раислигида 27 июль куни жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида кўтарилган муаммолар барчани ҳуш±р торттирди. Президентимиз мазкур видеоселекторда таъкидлаганидек, 2017 йилда мамлакатимизда жиноятлар 2016 йилга нисбатан 16 фоизга, жорий йилнинг 6 ойида эса, ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 39 фоизга камайган бўлса-да, жиноятчиликнинг айрим турлари, жумладан, қасддан одам ўлдириш, оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, босқинчилик, ўғрилик ва фирибгарлик каби жиноятлар сони ҳамон юқорилигича қолмоқда. Жиноят содир этганларнинг ҳар тўрттадан биттаси ишсиз. Айрим жойларда иш билан банд бўлмаган инсонлар борлигини фуқаролар йиғини фаоллари, маҳаллий ҳокимлик ±ки бошқа ташкилотлар вакиллари билишади. Аммо эътиборсизлик, бошқалар тақдирига нисбатан лоқайдлик натижасида нохуш ҳолатлар келиб чиқади.

Оилада содир этилган жиноятларнинг субъектларига айрим ҳаётий муаммоларни ҳал эта олмаслик, ўзини тийиб тура олмаслик каби хусусиятлар хосдир. Бу ҳол, аввало, муайян оилавий муаммо таъсири остида қолган ва қандайдир фавқулодда ҳолат, масалан, жабрланувчининг хатти-ҳаракати орқали руҳий мувозанатини йўқотган шахсларга тааллуқлидир. Шу билан бирга, алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар қандай инсонни мувозанатдан чиқариб юбориш мумкин, лекин ҳамма ҳам ўзини хафа қилган шахсга муштлари ёки пичоқ билан ташланавермайди. “Ҳиссиётлар инсонни эмас, балки инсон ўз ҳиссиётларини жиловлай олиши лозим”.

Тадқиқотларнинг далолат беришича фарзанд айнан оилада шахс сифатида шаклланади ва зарур бўлган маънавий-ахлоқий қоидаларни ўзлаштириб олади.

Дарҳақиқат, оиладаги ахлоқий қарашлар ўзининг мазмуни, таъсирига кўра, ҳуқуқий муносабатлар билан чамбарчас боғлиқдир. Бироқ ахлоқий муносабатларнинг таъсир доираси ниҳоятда кенг, у оила ҳаётининг энг майда икир-чикирларидан тортиб, ҳал қилувчи ҳодисаларигача бошқариб туради. Чунончи, оила аъзоларининг кийиниши, овқатланиши, дам олиши, фарзандларини ўқитиши, уйлантириши ҳам ахлоқий қоидалар воситасида бошқариб турилади. Оила вужудга келиши билан “оила — оила аъзоси”, шунингдек, “оила — жамият” муносабатларини муайян ахлоқ қоидалари, одат ва анъаналар билан бошқариш объек­тив заруратга айланади. “Эр-хотин” ўртасидаги муносабат ахлоқий муносабатнинг бир қисми бўлиб, “ота-она” муносабати эса тўла-тўкис ахлоқий муносабатдир. Янги авлодни вояга етказиш учун энг қулай шароит оилада яратилади. Шунинг учун оиладаги маънавиятнинг, ахлоқий етукликнинг моҳияти — оилани сақлаш ва мустаҳкамлаш, комил фарзандларни тарбиялаш учун имконият яратиб беришдан иборатдир. Зотан, “Маънавият инсоннинг, халқнинг, жамиятнинг, давлатнинг куч-қудратидир”. Оиладаги маънавий ҳаётнинг муҳим таркибий қисмларидан бири кўп қиррали бўлган психологик муносабатлардир.

Ахлоқий — психологик жиҳат оиланинг муҳим суянчидир

Шунинг учун ҳам айрим оғир моддалар билан судланган аёл жиноятчиларнинг оиласидаги маънавий-руҳий муҳитни, ахлоқий-психологик жиҳатни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Турли шаклларда намоён бўлувчи зўрлик ҳодисасининг истисно эмас, балки қоида эканлиги маълум бўлди.

Оилалардаги ахлоқий-психологик муҳитнинг ҳолатини баҳоласак, ҳуқуқбузарлар ўз хатти-ҳаракатларини деярли танқидий баҳолашмаган ёки рўй берган ҳодисаларнинг ҳақиқий ҳолатини беркитишга ҳаракат қилганлар. Уларнинг кўпчилиги ўз оила аъзолари ўртасидаги муносабатлар яхши бўлганлигини, кам қисми муносабатларнинг салбий бўлганлигини қайд этадилар, айримлари оила амалда деярли барбод бўлганлигини тасдиқлайдилар.

Ўз оилаларидаги салбий психологик му­ҳитнинг сабаби сифатида оила аъзоларидан бирининг ичкиликбозлиги, моддий аҳволнинг ёмонлиги, тураржойнинг харобалиги, шунингдек, оила аъзоларидан бирининг салбий характери ва рашкчилиги билан боғлиқ бўлади.

Зўрлик жиноятлари субъектлари оиладаги ўз мақомлари, яқинларининг уларга муносабатларини танқидий баҳолай олмайди, уларнинг кўпчилиги, агар эркак аёлини урмаса, шунинг ўзи оилавий ҳаёт учун етарли, деб ҳисоблашади. Шунинг учун ҳам уларнинг ўзига нисбатан ижобий ёндашув даражаси, умуман, оилавий ўзаро муносабатларга нисбатан бирмунча юқори. Аёллар жуфтлари ўзларига оилада ёмон муносабатда бўлганлигини таъкидлайдилар. Улар бундай фикрни аниқ хатти-ҳаракатларга асосланиб айтишади: уларни сўкиб ҳақорат қилишган, уйдан ҳайдаб юборишган, жисмоний куч ишлатишган ва ҳоказо.

Аёл жиноятга қўл урса...

Аёлларнинг ғараз мақсадларда ва зўрлик ишлатиб содир этган жиноятларига қарши кураш олиб бориш ҳамда унинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашнинг узвий таркибий қисмидир. Жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олиш масаласига ҳуқуқни мухофаза қилувчи идоралар фаолияти сифатида тор маънода қарамаслик лозим. Жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши кураш давлатнинг аниқ мақсадга йўналтирилган фаолият йўналиши сифатида ҳам, ушбу фаолиятни амалга оширувчи ташкилий тизим сифатида ҳам намоён бўлади.

Бугунги кунда жиноят, жиноят ижро қонунчилиги ҳам тубдан ўзгарди. Эндиликда жазони ўташ тар­тиблари зарарни ундириш ва жиноят оқибатларини бартараф этишга қаратилган чоралар билан алмаштирилди. Бу эса жиноят қонунчилигини либераллаштиришда яққол кўринади. Жиноят­ижроия қонунчилигини ислоҳ қилиш, жумладан, озодликдан маҳрум қилинган аёлларнинг жазони ўташ тартибини енгиллаштириш ва эркинлаштиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатлар алоҳида диққатга сазовор. Бундай чора-тадбирлар жумласига аёллар учун маҳаллий (вилоят, минтақа) жазони ўташ колониялари ташкил этиш, аёлларнинг колонияларида психологик-психиатрик ёрдам кўрсатувчи турли хизматчиларнинг фаолиятини тегишли қонун ҳужжатлари билан тартибга солиш, шунингдек, мазкур хизмат ходимларининг мақомини озодликдан маҳрум қилиш жазосини ижро этиш муассасаларининг маъмуриятидан мустақил қилиб белгилаш киради.

Аёл жамиятдаги ўрнини топсин

Республикамизда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан аёллар учун адаптация Марказларини ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир. Жазони ўтаб чиққанларнинг қариндош-уруғчилик, оилавий алоқалари бузилади, уларнинг борадиган жойи бўлмайди. Адаптация марказлари қошида оила­да зўравонликка учраган аёллар ва вояга етмаганлар учун бепул психолог­лар хизмати ташкил этилиши лозим, деб ўйлаймиз. Жиноят содир этган аёлларга қилган қилмиши эътиборга олиниб, озодликни чеклаш жазо турлари қўлланилса ҳар бир аёл ўзига керакли хулосани чиқаради.

Жамиятимизда кам таъминланган, ногирон, меҳнатга лаёқатсиз, ёлғиз, нафақадаги аёлларга иж­тимоий кафолатларни яна­да кучайтириш зарур. Мамлакатимизда аёлларга нисбатан бўлган муносабат юқорилигини эътироф этган ҳолда, бугунги кунда давлат бошқаруви органлари, хотин-қизлар қў­митаси, депутатлар, “Оила” илмий-амалий маркази, маҳалий ҳокимият органлари, маҳалла фуқаролар йиғинининг янада жипс, биргаликда иш олиб бораётгани қувонарли ҳолат, лекин айрим оилалардаги оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган аёлларни жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш, аёлларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ишга жойлаштириш, оила­вий тадбиркорликка, касаначиликка ва ҳунармандчиликка жалб этишда бу идоралар алоҳида жонбозлик кўрсатиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Гулчеҳра ТЎЛАГАНОВА,

Тошкент давлат юридик университети

профессори, юридик фанлар доктори

Мурод ЎРАЗАЛИЕВ,

 “Жиноят ҳуқуқи” кафедраси катта ўқитувчиси, юридик фанлар доктори