-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Иллатнинг илдизи қаерда униб, қаерда ўсади? (Биринчи мақола)

13.09.2018

Жиноят ҳақиқати ва адолати

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 27 июль куни бўлиб ўтган жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги аҳволи, бу борада ички ишлар органлари ва давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, айниқса, ёшлар орасида жиноятчиликка йўл қўймаслик масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ёшлар орасида жиноятчилик камаймаётганлигига алоҳида эътибор қаратилди. Маълумотларга кўра, 2018 йилнинг 6 ойида юртимизда қайд этилган жами жиноятларнинг 30 фоизи ёшлар томонидан содир қилинган.

Танангизнинг бирор аъзоси касалланса ­уни кесиб ташлайсизми ёки даволайсизми? Фарзандингиз тўғри йўлдан тойса сабабини ҳеч ўзингиздан излаб кўрдингизми? Ўғил ёки қизингиз нима учун сиздан, қадрдон гўшасидан узоқлашиб бормоқда?

Юқоридаги йиғилишда кўтарилган долзарб муаммолар, жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабаблари, ёшлар таълим-тарбиясида мавжуд камчиликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш юзасидан кенг жамоатчилик, олимлару тегишли мутахассислар томонидан қизғин фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Уларнинг деярли барчаси ёшлар томонидан турли ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб, энг аввало, ота-онанинг фарзанд таълим-тарбиясига лоқайдлиги ва маҳалла, ўқув муассасалари ва тегишли мутасадди ташкилот ходимларининг ўз вазифасига масъулиятсизлиги, деб билишади. Шу ўринда халқимизнинг унутилаёзган бир ривояти беихтиёр ёдга тушади.

Ривоят

Иблиси лаин ҳузурига уч нафар шогирдини чорлаб, бирма-бир сўрабди: — Бугун нима иш қилдинг?

— Фалончининг нафсига тош отиб, ўғирликка ундадим, — дея мақтанибди биринчи шогирд.

Иблис пашша қувгандек норози қиёфада қўл силтаб иккинчи шогирдига юзланди: — Сен нима қил­динг?

— Устоз, мен икки одамнинг орасига нифоқ солиб уриштириб қўйдим. Лаиннинг юзидан норозилик ифодаси аримай учинчи иблисваччадан сўради: — Сен-чи, сен ҳам мана шундай арзимас майда-чуйда ишлар билан шуғулланиб, вақт ўтказдингми?

— Мен одамлар орасида юриб, лоқайдлик уру­ғини сепиб чиқдим.

Иблиснинг юзи қувончдан ёришиб кетибди:  — Сенинг ишинг ҳаммасидан зўр бўлибди. Сен эккан лоқайдлик уруғи эрта-индин одамларнинг тинчини бузадиган, қут-баракасини учирадиган, уларни қон-қақшатадиган ҳосил беради.

Дунёни меҳр-мурувват қутқаради

Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳу­қу­қий ёрдам кўр­сатиш Марказининг тар­бияланувчилари ота-она назорати­дан четда қолган, ҳуқуқбузарлик ва дайдичиликка мойил, тарбияси оғир, ўқишдан бўйин товлайдиган болалар­ ҳисобланади. Тегишли қонун ҳуж­жат­ларида уларга шундай таъриф берилган. Афсус билан қайд этиш лозимки, навниҳолдек эндигина бўй чўзиб келаётган, ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини таътиб улгурмаган норасида ўғил-қиз­ларни яхши ёки ёмон, дея тоифага ажратишнинг ўзи оғриқли ҳолат.

Тошкент вилоят ИИБ ХООБга бевосита бўйсу­нув­чи Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказидаги болалар билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг буюк табиб ва донишманд Луқмони Ҳакимнинг “Инсоннинг яшаши учун нафақат емоқ-ичмоқ, балки меҳр-мурувват ҳам ҳаётий эҳтиёждир”, деган сўзлари ёнига инсон камолоти учун меҳр-муҳаббат ва эътибор сув ва ҳаводек зарур эҳтиёж, деган сўзларни ўчмас ҳарфлар билан ёзиб қўйгимиз келди. Шу баробарида, дунёда тарбия­си оғир болалар бўлмайди, меҳр-мурувватсизлик ва масъулиятсизлик жабрдийдалари бор, деган аччиқ ҳақиқатга яна бир бор амин бўлдик.

Алик ПАК,

Оҳангарон шаҳридаги 58-умумий ўрта таълим мактаби 8-синф ўқувчиси:

— Машина тузатишга қизиқаман. Ўқишга ҳеч боргим келмайди, чунки мактабда болалар доимо мени масхара қилиб, устимдан кулади. Нега дейсизми, менимча мен бошқа болалар каби замонавий ки­йинмайман, ҳатто қўл телефоним ҳам йўқ. Буларга имконимиз етмайди. Отам бизни ташлаб кетган. Фақат онам ишлайди, 3 яшар синглим бор. Дарсларни ҳам яхши ўзлаштиролмайман. Шунинг учун ўқитувчилар менга дакки беришгани беришган. Ўртоғимникидек зўр смартфон сотиб олиш учун мактабга бормай, машина ювиш шохобчасида ишлаб юргандим. Чамаси, 2-3 ой дарс қолдирдим...

Элнуржон УСМОНОВ,

Бекобод шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиси:

— Самбонинг қўл жанги билан уч йил шу­ғул­ланганман. Қора белбоғим бор. Онам вафот этган. Отам ишлаш учун Россияга кетган. Бувим билан яшайман. Ҳаммаси нимадан бошланди? Бир куни дарсда ўртоғим билан гаплашиб ўтиргандим. Ўқитувчи жим ўтир, деб бошимга китоб билан бир урди. Болалар кулишди, аламим келди. Бехосдан ўқитувчига “нимага урасиз?” деб бақириб юбордим. Ўқитувчи “нега менга бақирасан етимча?”, деб яна урмоқчи бўлди. Уни итариб юбордим, дарсдан чиқиб кетдим. Эртасига ўқитувчидан кечирим сўрамоқчи эдим, лекин мени дарсга қўймади. Бувимни мактабга чақиришди. Унга “неварангизни бошқа мактабга олиб ўтинг”, дейишибди. Кейин мен Самарқандга ўгай онамникига кетиб қолдим. Бир ойдан сўнг уйга қайтиб келганимда участка нозири мени шу ерга олиб келди.

Камола ТЎРАЕВА,

15 ёш (маълум сабабларга кўра, исм-шарифи ўзгартирилди):

— Уйимизда ҳеч тинчлик йўқ, доимо уруш-жанжал аримайди. Отам тез-тез ичиб келиб, онамни уриб-сўкади. Мени ва учта укамни ҳам аямайди.

Шунинг учун аям мени ва укаларимни ташлаб, чет давлатларга ишга кетиб қолаверади. Бундай пайтларда дадам янада “ёмон” бўлиб кетади. 2015 йилда телефон орқали Беҳзод исмли йигит билан танишиб қолдим. У билан тез-тез гаплашиб турардик. Онамга бир йигитни севиб қолганимни айтган эдим, “у билан бошқа гаплашма, отангга айтаман, ўлдиради”, деб урушиб берди. Барибир Беҳзод билан гаплашавердим. Бир куни уйдаги жанжаллардан бе­зиб, унинг уйига бордим. Онаси “ҳали жуда ёш экансан, барибир сени келин қилмайман”, деб ҳайдаб юборди. Уйга қайтишга қўрқдим...

Камола кейинги воқеаларни эслашни истамадими ёки истиҳола қилдими гапиришни хоҳламади. Бизга маълум бўлишича, кўчада бемақсад тентираб юрган ўсмир қиз ғараз ниятли кимсаларнинг эътиборидан четда қолмаган. Ота-онасидан бир қатрагина эътибор, туғилган гўшасидан осо­йишталик топа олмаган қизалоқ “сохта меҳрибонлар”нинг ўлжасига айланади. Агар тегишли ҳуқуқ-тартибот идора ходимлари томонидан қўшмачи аёлнинг жирканч фаолиятига ўз вақтида чек қўйилмаганда, Камоланинг кейинги тақ­дири янада аянчлироқ фожиа билан ту­гаши тайин эди.

— Бу ерга олиб келинган болаларнинг 70 фоизидан ортиғи нобоп оилавий муҳит таъсирига тушганлар ҳамда ўз бурч ва масъулиятини унутган ота-­оналарнинг фарзандлари, — дейди марказ раҳбари, подполковник Шаҳноза Ҳидоятова. — Айрим одамлар фарзандим ҳеч кимдан кам бўлмасин, деб фақат пул топиш дарди билан андармон ёки чет давлатга ишлаш учун кетган. Боласи қандай ўқияпти, ким билан дўст, нима билан банд буларни ўйлашга вақти йўқ. Фарзанд тарбиясини фақатгина едириб-ичириш, яхши кийим кийдириш ва данғиллама уй-жой билан ўлчашади. Ачинарлиси, болалар бизнинг марказга олиб келинганда, баъзи бир ота-оналар уларни излашмайди, ҳатто фарзандидан хабар олишга ҳам вақтларини қизғанишади. Боланинг яшаш манзилини, ўқиш жо­йини ўзимиз қидириб топамиз. Айрим тадбиркорларга ҳам эътирозим бор. Вояга етмаганлигини билишса-да, болалар меҳнатидан ноқонуний фойдаланишади. Катта ёшдаги ишчилар билан баравар ишлаётган бола нима учун ўқишга бормаяпти, меҳнат шароити унга оғирлик қилмаяптими, деб қизиқиб кўришмайди. Бола арзимаган пулга қи­­зиқиб, мактабдан совийди, аста-секин ўқишни ҳам бир четга йиғиштириб қўяди. Мен ана шундай тадбиркорларнинг биридан “нима учун вояга етмаган болани қонунга зид ҳолатда ишлатаяпсиз?”, деб сўрадим. “Оиласи қийналган экан, раҳмим келди, ёрдам тариқасида рози бўлдим”, деган жавобни эшитиб рости ҳайрон бўлдим. Вояга етмаган боланинг меҳнатидан ноқонуний фойдаланиш, унга ёрдам беришга кирадими ёки аксинчами?

Камоланинг оилавий аҳволи билан яқиндан танишиш мақсадида унинг уйи­га бордик. Отаси ичкиликка берилган. Онаси 3 нафар вояга етмаган фарзандларини қариндошларига ташлаб чет давлатга ишлашга кетган. Қайтиб келганида эса 15 ёшли қизининг тар­бия­си бутунлай издан чиққан эди.

— Қизим дайди, кўчага чиқиб кетган, — дейди она ёзғириб. — Мактабга бормайди. 3-4 кунлаб уйга келмайди. Сўрасак, ўртоқларимникида эдим, деб алдайди. Ўртоқлари кимлигини танимаймиз. Қаерларда юради, нима билан машғул билмаймиз. Фақат ёлғон гапиради. Урдик, сўкдик фойдаси бўлмади. Қизимни тўғри йўлга сололмадим...

Бу аёлнинг гапларини эшитиб, ҳай­ратланмай илож йўқ. Беихтиёр ёдимизга Фарғона вилоятида содир этилган мудҳиш жиноят, манфур шахснинг ширин сўзларига алданиб, йўлдан адашган­ 15 ёшли қизини бўғиб ўлдирган она ниқобидаги ёвуз­лик воқеаси жон­ла­нади. Кўнглимизда ­инсонийликнинг энг оддий ҳис-туй­ғу­ларидан мосуво бун­дай кимсаларга қа­рата саволлар туғён уради: Танангизнинг бирор аъзоси касалланса, уни кесиб ташлайсизми ёки даволайсизми? Фарзандингиз тўғри йўлдан тойиши сабабини ҳеч ўзингиздан излаб кўрдингизми? Энг яқин инсонларидан топа олмаган меҳр-мурувватни ўзгалардан излаган норасида фарзандингиз тўғри йўлдан тойиб кетмадими? Ота-онанинг бемеҳрлиги туфайли туғилган гўшаларидан безиб, манфур кимсаларнинг чангалига тушиб қолмадимикин?

Ўғилой ТАНГРИҚУЛОВА,

Тошкент шаҳридаги 118-мактаб ўқитувчиси:

— Дарҳақиқат, ҳар бир боланинг ка­моли ҳам, заволи ҳам ота-она билан бирдай ўқитувчининг гарданида. Ўқитувчининг бир оғиз ножўя сў­зи болани бутунлай ўқишдан сови­тиб, тақдирини издан чиқариб юбори­ши мумкин. Ёки аксинча, фанидан ўз­лаш­тиролмаётган ўқувчига бир оғиз­гина ширин сўз билан маънавий далда бериб, унинг келгусида етук мутахассис бўлишига сабаб бўлган ўқитувчилар ҳаётда кўп кузатилган.

Масалан, юқори синф ўқувчи қиз­ларидан бири дарсга лабини бўяб, кўча кийимида келди, дейлик. Уни ҳамманинг олдида “Ёмон қизларга ўхшаб, башарангни бўяб олибсан. Тур дарсдан чиқиб кет. Ота-онанг келмагунча, мактабга келма”, деб изза қилиш ўсмир қизни нафақат ўша фандан, ҳатто мактабдан бездириб қўяди. Натижада, ўқувчи ўзга жойга интилади. Бу тарбияни бошқача усулда, синфдан ташқарида юзма-юз “Қизим, ўзинг жуда яхши қизсан. Мактабимизнинг фахрли ўқувчиларидан саналасан. Лекин бу иш сенга ҳеч ярашмабди”, қабилида қўллаган ўқитувчига ўқувчининг ҳам ҳурмати ошади, ҳам у бу хатони бошқа такрорламайди.

Бир болага етти маҳалла ота-она, деган ҳикмат бугунги кунда ўз маъносини йўқотган...ми?

Қадимдан маҳалла ёшлар тарбиясида беқиёс ўрин тутган. Маҳаллаларда неча минг йиллардан бери азалий қадриятларимизга хос бўлган каттага ҳурмат, кичикка иззат, яхши-ёмон кунларда бир-бирига елкадошлик каби фазилатларни кўриб, ўрганиб, онг ва шуурига сингдириб келаётган ёш авлод қалбида элу юртга меҳр-муҳаббат, садоқат, мурувват ва саховатпешалик туйғулари шаклланиб сайқал топади. Ҳатто, ўзбекона салом-алик ҳам ёшлар тарбиясида бетакрор ҳикматга эга.

Ёшлар ўзидан катта инсонларни кўрганда, таниш ёки нотанишлигидан қатъи назар қўлини кўксига қўйиб, эҳтиром билан салом берадилар. Нуроний боболаримиз ва момоларимиз ­эса, ўз навбатида, уларни энг яхши ниятлар билан дуо қиладилар, алқайдилар, ­уларга узоқ умр, бахт-саодат тилайдилар. Уларнинг сўзлари бола кўнглини юмшатади, қалбига раҳм-шафқат ру­ҳини сингдириб, ота-она ва бошқа кек­саларга нисбатан ўзгача ҳурмат-эҳтиром туйғуларини шакллантиради.

Маҳалла кишилари кўча-кўйда салгина тарбияси бўшроқ, ножўя хат­ти-ҳаракат қилган болани учратиб қол­гудек бўлса, унга яхши сўзлар билан насиҳат қилиб, “сенинг ота-боболаринг ҳурматли инсонлар, аждодларингга муносиб бўл”, қабилида насиҳат қилиб, тўғри йўлга соладилар. Лекин... Бу каби эзгуликка йўғрилган анъаналаримиз бугунги кунда ҳам давом этаяптими? Халқимизнинг неча минг йиллик “маҳалла — отанг, маҳалла — онанг”, “бир болага етти маҳалла ота-она” каби ҳикматлари ҳали-ҳануз ўз мазмун-моҳиятига эгами?

Шуҳрат ЖАЛИЛОВ,

Республика “Нуроний” жамғармаси раиси:

— Тан олиш керак, лоқайдликка берилиб, кўзимизни кўр, қулоғимизни кар қилиб муаммоларнинг илдиз отиб кетишига сабабчи бўлдик. Бугунги маҳалла бундан эллик-олтмиш йил олдинги маҳалла эмас. Ҳар ким ўз қобиғига ўралиб қолган.

Тегишли идоралар, профилактика инспекторлари ва маҳалла, нуронийлар, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси каби қатор манфаатдор идора масъуллари жойлардаги вазиятга панжа ортидан назар солиб тураверишган. Юқори идораларга эса уйма-уй кириб ўрганилди, ҳар бир оила аъзосининг муаммоси, дарду ташвишига қулоқ тутилди, дея ҳисобот тақдим этилаверган. Аслида ҳам шундай бўлганида ­эди, бугун оналар ўз фарзандини бўғиб ўлдирмаган, энг ифлос жойларга ташлаб кетмаган, ҳали вояга етмаган болалар ўртасида ўғирлик, қотиллик жинояти, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳамда турли кўринишдаги одам савдоси каби жирканч иллатлар қайд этилмаган бўларди.

Ҳеч ким она қорнидан ёмон хулқли, жиноятчи бўлиб туғилмайди. Шиддат билан ўтиб бораётган бугунги тезкор давр ҳар биримиздан ҳаётга янгича ёндашувни, ён-атрофимизда рўй бераётган ҳодисаларга виждон амри билан муносабат билдиришни тақозо этмоқда. Дейлик, бир боланинг тарбия­си ота-она назоратидан четда қолиб кетса, маҳаллада бирор хонадонда нохуш ҳолатлар кузатилаётган ­бўл­са-ю,­­ ­қўшниси ёки маҳалла аҳли “менга ни­ма” қабилида эътибор бермаса, инсофу диёнатдан эмас. Маҳалла фаоллари, оқсоқоллари, қўйинг-ки, имону эътиқодли ҳар бир киши учун неки хайрли иш бўлса, барчасига ўзини масъул ва жавобгар, деб билиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ҳар бир жиноятнинг илдизига етиб бориш, жамиятда жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш керак. Акс ҳолда, жиноятнинг оқибатлари билан овора бўлиб юраверамиз”.

Фарида ҚОРАҚУЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири