-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Нотариал ҳаракат: келаси йилда қандай ўзгаришлар бўлади?

14.09.2018

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалардаги кўрилган амалий чоралар фуқароларнинг ортиқча бюрократик тўсиқлардан халос бўлишига хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда нотариат соҳасида ҳам фуқаролар учун қатор қулайликлар яратилди ва бу ишлар давом эттирилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 25 майдаги “Низоларнинг олдини олишга қара­тилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан соҳадаги долзарб масалалар ҳал этилди.

Қарор билан 2019 йил 1 январдан бошлаб ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартибини ўрнатиш орқали кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бўйича талаб бекор қилинди. Васиятномаларни имзолаш жараёни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 34-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео қайд этилиши лозимлиги, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахс­ларнинг шахсини аниқлаш бармоқ изларини сканер қилиш ва уларни паспортдаги (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатидаги) биометрик маълумотлар билан солиштириш орқали амалга оширилиши, мурожаат этувчиларнинг нотариал ҳаракатлар бажарганлигини тасдиқлаш нотариал тасдиқланаётган ҳужжатларга улар томонидан имзо қўйиш ва махсус мосламаларда уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш йўли билан амалга оширилиши 2019 йил 1 январдан бошлаб амалиётга киритилиши каби тартиблар белгиланди.

Шу билан бирга 2018 йил 26 июлда Фуқаролик кодексининг 565-моддаси (Транспорт воситасини ижарага бериш шартномасининг шакли)га қўшимчалар киритилди.

Хусусан, енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини ижарага бериш бўйича хизмат кўрсатадиган юридик шахслар жисмоний шахслар билан енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини ўттиз кунгача бўлган муддатга ижарага бериш шартномаларини оддий ёзма шаклда тузишлари мумкин.

Амалда мазкур норманинг қўлланилиши билан юридик шахслар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларига бизнес юритишда қулайликлар яратилди.

Юридик шахснинг жисмоний шахс билан енгил автомобиль ва мототранспорт воситасини шу муддатга ижарага бериш шартномаларини оддий ёзма шаклда тузишлари уларнинг иккинчи томон билан ҳуқуқий муносабатларни мустақил белгилаш ва амалга ошириш имконини беради.

Давлат нотариал идораларида нотариал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ битим иштирокчиларига шарт-шароитлар яратиш, намунали ҳуқуқий хизматни ташкил этиш мақсадида қатор қулайликлар, шу билан бирга соддалаштирилган механизмлар ишлаб чиқилмоқда.

Энг асосийси, кўрилаётган ташкилий тадбирлар инновацион ғоя ва технология­ларга асосланмоқда.

Нотариал идораларда навбатни тўғри ташкил этиш, нотариал битим томонлари учун уларнинг вақтини тежаш, ҳудуддаги бошқа нотариал идора ва ундаги иш юкламаси ҳақидаги ахборотларни олиш мақсадида қўшимча ташкилий чоралар ҳам кўрилмоқда.

Ушбу қулайликлар фуқаронинг вақти тежалишига, ортиқча оворагарчиликнинг олди олиниши, фуқаро ва ҳуқуқий хизмат ўртасидаги муносабатнинг тўғри ва тўсиқларсиз амалга ошишига хизмат қилади.

Файруз МИРЗАЕВ,

Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари