-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тез ва сифатли хизмат яратилди

06.10.2018

ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ФҲДЁ органлари тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш институтини янада ислоҳ қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва мазкур соҳадаги ваколатли давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий мақоми ҳамда ваколатларини аниқ белгилаб берган асосий норматив ҳужжатлардан бири ҳисобланади.

Ушбу Қарорда ваколатли органлар томонидан юридик фактларни кенг қамровли қайд этиш йўли билан фу­қароларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, энг муҳим юридик фактларни қайд этмаслик натижасида юзага келадиган оқибатлар бўйича аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, хизматларнинг сифати ва тезкорлигини ошириш, экстерриториаллик принципи асосида архив маълумотлари ва ахборотини олиш имкониятини берувчи фуқаролик ҳолати ягона электрон архивини шакллантиришга қаратилган инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жадал жорий этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, мазкур Қарор билан соҳада бюрократия ва коррупциянинг юзага келишининг олдини олишга қаратилган идоралараро электрон ҳамкорликни кенгайтириш, ФҲДЁ органлари томонидан давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида қулайлик ва шаффофликни таъминлаш, ходимлар томонидан касб этикаси қоидалари ва функционал вазифаларга амал қилиш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини сифатли ва тезкор қайд этиш, давлат божи ва бошқа тўловларнинг тўғри ҳисобланиши ва ундирилиши устидан назоратнинг янги шаклларини, жумладан, масофавий назоратни жорий этиш, аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини оширишни назарда тутган ҳолда ундириладиган тўловларни оптималлаштириш, ФҲДЁ органлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тизимини шакллантириш каби масалалар батафсил ёритилган.

Бундан ташқари, ҳудудларда қайд этилмаган туғилганлик, ўлим ҳолатларини аниқлаш ва кейинчалик уларни ФҲДЁ органларида қайд этилишини таъминлаш бўйича туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари бошчилигида ҳудудий комиссиялар ташкил этилиши белгиланган. Шунга кўра, жойлардаги комиссияларга амалий ёрдам бериш мақсадида туман (шаҳар) адлия бўлимлари ва давлат хизматлари марказлари ходимлари томонидан манфаатдор ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда жойларга сайёр тартибда чиқиб, фуқаролик ҳолатларини расмийлаштириш ишлари таъминланмоқда. Жумладан, сайёр хизматлар натижасида жорий йилнинг 25 сентябрь кунига қадар жами 4 мингдан ортиқ фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари қайд этилмаган ҳолатлари аниқланган ва уларнинг 2 мингдан ортиғи тегишли тартибда ФҲДЁ бўлимларида расмийлаштирилган, қолганлари бўйича эса белгиланган тартибда расмийлаштириш чоралари кўрилмоқда. Ушбу тадбир жойларда давом эттирилмоқда.

Шунингдек, мазкур Қарор ижросини таъминлаш мақсадида ҳу­ку­матимиз томонидан 2018 йил 26 сентябрда “Гербли rувоҳномалар шаклларини такомиллаштириш ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг аҳолига кўрсатаётган хизматлари сифатини яхшилаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Ҳукумат қарори билан гербли гувоҳномалар бланкаларининг янги такомиллаштирилган шакллари тасдиқланди ва гербли гувоҳномалар қўлда тўлдириш тартиби бекор қилиниб, уларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда фақат босма ҳарфларда тўлдириш тартиби жорий этилиши белгилаб қўйилди. Эндиликда гербли гувоҳномаларнинг ахборот-коммуникация технологиялари орқали тўлдирилиши айрим ҳолларда ходимлар томонидан қўлда тўлдирилган ёзувлардаги баъзи ҳарфларнинг ноаниқ ёзилганлиги ёки ҳуснихат лозим даражада эмаслиги борасида фуқароларнинг асосли эътирозларига ечим топишда янги қадам бўлди.

Шунингдек, ФҲДЁ бўлимлари томонидан фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатишнинг янги шаклини жорий этиш орқали талаб этиладиган муддат қисқаришига ҳам эришилади. Мисол учун, ФҲДЁ бўлими томонидан гербли гувоҳномани қўлда тўлдиришда ҳар бир гербли гувоҳнома учун 5-10 дақиқагача вақт сарфланган бўлса, эндиликда ушбу масала учун бир неча сония талаб этилади холос. Натижада, ФҲДЁ органлар ходимлари томонидан фуқароларга тез ва сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатиш учун қулайлик яратилади.

 

Мадина МАҲМУДОВА,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ФҲДЁ органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бўлими катта маслаҳатчиси