-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Оталик масъулиятини унутиб жиноий жавобгарликка тортилди

06.10.2018

ОҚШОМ маҳали уйга қайтган Усмонга хотини Адиба (мақоладаги исм-шарифлар ўз­гартирилган) пешвоз чиқди:

— Мажбурий ижро бюросидан огоҳ­лан­ти­риш хати ташлаб кетишди!

Бу хабардан Усмоннинг таби тирриқ бўлди.

— Оббо, янами?!

Адиба эрига ортиқ сўз қотмади. Юзини тунд қилиб, рўзғор ишларига унаб кетди...

Усмон билан Насиба илиқ ҳис-туйғулар билан янги ҳаёт бошлашди...

Орада фарзандли бўлишди. Тўнғичининг тўнини қиммат бичиб, исмини Лочин қўйди. Ўткир бўлсин, мард бўлсин, дедилар. Нетонгки, турмушнинг мушти оғир тушди. Усмон билан Насибанинг ўрталарида тез-тез жанжал чиқадиган бўлиб қолди. Бундай келишмовчиликлар сабаб Насиба Лочинбекни опичиб, ҳатто уйидаги буюмларини-да йиғиштириб, ота­синикига кетиб қоладиган одат чиқарди. Оилавий аҳволнинг издан чиқишига сабаб, Усмон бор-йўғини кунора кўчага совуриб, еб-ичиб юборар, оиласининг моддий аҳволини яхшилашни ўйлаб ҳам кўрмасди. Эрининг бундай чиркин қилиқлари Насибанинг ҳам жонига теккан бўлса, не ажаб?! Аввалбошда, Усмон ҳар сафар Насибани турли важ-карсонлар, ваъдалар билан отасиникидан олиб келиб турар, кейин яна бўлмағур ҳаракатлар билан хотинининг уйдан кетиб қолишига сабабчи бўларди. Шундай кунларнинг бирида Усмон билан Насибанинг ­орасидан ҳақиқатда оғир жанжал чиқди. Насиба отасиникига кетиб қолди. Усмон қайтиб унинг изидан бормади...

Ёлғизликдан Ус­мон-­да “зерикди”, шекилли, Насибани қў­йиб,­ Са­нобар исмли бошқа жувонни шаръий ни­коҳлаб олди. Бир йил ўтиб, Усмоннинг шаръий жуфти Санобар қиз фарзанд кўрди. Қаранг­ки, айб Усмоннинг ўзидан чиқди. Қурғур Санобарни ёлғизлатиб, ора-сира биринчи хотини Насибанинг ёнига кетиб қоладиган бўлди. Усмон бунинг ортида қандай ҳийла қилдики, ишқилиб, Санобар тушган уйга Насиба ўғли Лочинбек билан келиб ўтириб олди. Бундай номақбулчиликларга чидаб тура олмаган Санобар ҳали қирқи чиқмаган қизини олиб отасиникига кетганича қайтиб келмади. Усмон ҳам уни ақалли бир бор йўқлаб бормади...

Усмон қайтадан биринчи хотини Насиба билан яшай бошлади. Иккинчи марта фарзандли бўлдилар. Афтидан, Насиба эрининг хом-хаёлларига ортиқ ишониб қўйганмикин, “тили куйди”. Усмон эски бадкирдорликлари­ни қўймади. Бор-йўғини кўча-кўйга совуриб, уйга маст-аласт кириб келар Насибани дўп­посларди.

Бир кун инсофга келиб қолар, деб Насиба ҳар сафар ўзига таскин берарди. Шундай қилиб, у яна узоқ йиллар давомида Усмоннинг бемаъни қилиқларига кўз юмиб келди. Учинчи фарзандини дунёга келтирди...

Бўлмади... Оилавий турмушдаги нотинчликнинг охири кўринмади. Бир хил мулоҳазалар ортида Насиба уч нафар фарзандини олиб отасиникига кетганича, Усмоннинг остонасига қайтиб қадам босмади...

Кунларнинг бирида Усмонга суддан хат келди. Насиба билан Санобар фарзандларининг моддий таъминоти юзасидан Усмондан алимент пули ундириб беришини сўраб судга мурожаат қилганди. Бу пайтда Усмон Адиба исмли учинчи хотинига уйланиб улгурган эди. Суддан келган мурожаатга Усмон бот-бот оила­вий шароитининг оғирлигини баҳона қилиб, белгиланган маблағларни бўлиб-бўлиб тўлаб беришини айтиб, жорий алимент пулларидан бўйин товлаб юрди. Вақт илдамлади. Мажбурият юки ошди. Усмон биринчи турмуши Насиба фойдасига 6.592.838 сўм, иккинчи турмуши Санобар фойдасига 1.081.258 сўм миқдорида алимент пулидан бўйин товлаганлиги сабабли суд томонидан айбдор, деб топилиб, Жиноят кодексининг 122-моддаси, 1-қисми билан олти ой муддатга юқоридаги алимент маблағларини ундирилиши билан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

 

Мириноят МИРЖАЛИЛОВ,

Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилоят бошқармаси катта инспектори