-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Маҳалладан маълумотнома берилиши бекор қилинди

11.10.2018

Ахборот технологиялари ва янги инновацион ғоялар дунёни ўзгартириб юборди. Шундай шароитда мамлакатимизда ҳам  фу­қароларга ҳар томонлама қулайлик яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу амалий ҳаракатлар замонавийлик, тезкорлик, бюрократия ва коррупциядан холилик каби хусусиятлари билан халқ эътирофига сазовор бўлмоқда. Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган тасдиқловчи ҳужжатлар турларини тубдан қисқартириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда ҳам халқимизга хизмат қилиш, уларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ­ишончли ҳимоялаш, уларнинг кундалик ҳаёт­ларида муҳим ҳужжатларни расмийлаштиришда турли қийинчиликларни бартараф этишга, сансалорлик, сарсон-саргардонлик ва бюрократик тўсиқларнинг олдини олишга эътибор қаратилди. Эндиликда қарорга мувофиқ, 2018 йил 15 октябрдан давлат хизматлари кўрсатилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тақдим этиладиган:

● шахснинг яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлигини;

● шахснинг ишсизлигини;

● болани, ёлғиз шахсларни, пенсионер­ларни ва ногиронларни парвариш қилган­лигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

● шахснинг тавсифномаси каби ҳуж­жат­ларни талаб қилиш бекор қилинди.

— Эндиликда юқоридаги ҳужжатлар зарур бўлгандагина давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари сўровига асосан Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан электрон ҳамкорлик орқали сўровга асосан олиниши фуқаролар  сарсонгарчилигининг олдини олади. Шу билан бирга Маҳалла фуқаролар йиғинининг иш ҳажми ошишининг олдини олади, дейди — Адлия вазирлиги масъул ходими ­Анвар Қодиров. — Вазирлик томонидан олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан шахснинг яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлиги, шахснинг ишсизлиги ва қариндошлик даражаси ва фуқаронинг оилавий аҳволи ҳақидаги маълумотларни бериш механизми қонунчилик билан белгиланмаган ва ушбу тартиб Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатига кирмаса-да улар томонидан мустақил равишда белгиланиб келинган.

Шу билан бирга фуқаролар томонидан Адлия вазирлигига тушган мурожаатларда ҳам айнан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилаётган маълумотларни муайян ҳақ эвазига амалга оширилаётганлиги таъкидланган.

Ушбу ҳолатларни инобатга олган ҳолда Ҳукуматнинг 16 та қарорига тегишли ўзгар­тириш ва қўшимчалар киритилди ҳамда халқ билан ҳамоҳанг ва бир-бирига яқин бўлганлиги сабабли, кафолат хати, кафиллик, ёзма тавсиянома ва илтимоснома­ларни бериш Фуқароларнинг ўзини ўзи бош­­қариш органлари қолдирилиб, тегишли Фу­қароларнинг ўзини ўзи бошқариш орган­ларида фаолиятини мувофиқлаштириш бў­­йича республика кенгашига айнан ушбу ҳужжатларни бериш аниқ муддатларини ва бепуллигини назарда тутган ҳолда, фу­қароларга тақдим қилиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия этилди.

 

Манзурахон ВАЛИЕВА,

Шайхонтоҳур туман “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

— Мазкур қарорнинг қабул қилиниши ­ишимизни енгиллаштирди. Чунки кўп вақти­миз фуқароларга юқорида таъкидланган ҳужжатларни беришга сарфланар эди. Яхши биласиз, маҳалла раисининг маълумотномаю, тавсифномалар беришдан ҳам бошқа ишлари талайгина. Эндиликда асосий вақтимизни оилаларда учраётган  ­муаммоларни ўрганишга, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш билан бирга, ёшлар таълим-тарбияси, бандлик масалаларига ало­ҳида эътибор қаратишга сарфлашга имконият яратилади.

— Маҳалла идорасидан маълумотнома, тавсифнома берилиши бекор қилинганлиги фуқароларни турли оворагарчиликлардан, сансалорликлар оқибатида юзага келадиган норозилик кайфиятидан халос этадиган бўлди. Боиси, маҳалла идорасида нав­бат кутардик, баъзида раис ўз жойида бўларди, баъзан бўлмасди. Вақтимиз кутиш билан ўтарди. Бизку майли, бундай ноқулайликларга ёши катталар, ногиронлар ёки тоби қочган одамлар ҳам дуч келишган. Ўзимнинг ҳам ўн тўрт нафар неварам бор. Бирига маълумотнома, яна бирига бошқа ҳужжат керак бўларди. Хуллас, ортиқча қо­ғозбозликка чек қўйилибди, — дейди маҳалла фаоли Шо­йиста Эшонхўжаева.

Хулоса қилиб айтганда, қарорда белгиланган қулайликлар фуқаролар ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашнинг таъсирчан механизмларини яратишда, уларнинг ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятидан тезкор баҳраманд бўлишида қўл келади. Бу юқорида таъкидлангани каби  аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилади. Натижада фуқароларнинг давлат идораларидан рози бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Дилфуза ЭРГАШЕВА,

“Инсон ва қонун” мухбири