-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Маъмурий орган ва фуқролар ўртасида адолатли тизим ўрнатилади

06.11.2018

2019 ЙИЛНИНГ 8 январидан “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги янги Қонун кучга киради. Ушбу Қо­нун нима мақсадда қабул қилинди, ­унинг афзалликлари нимада, Қонун кучга кирса малакатимизда нима ўз­гаришлар рўй бериши мумкин, ўзи бу қонун бизга нимага керак? Аввало, ушбу қонун моҳиятини жамоатчиликка етказиш, тушунтириш учун Оммавий ахборот воситалари вакилларининг бу ҳақидаги тушунчалари етарли бўлмоғи шарт. Чунки биринчи навбатда шу касб эгалари янгиликни халққа етказувчилар ҳисобланишади.

Шу мақсадда Тошкент давлат юридик университети биносида журналистлар учун қонун моҳиятини ўрганишга қаратилган семинар-тренинг ташкил этилди. Адлия вазирлиги ҳамда Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (GIZ) ҳамкорлигида ўтказилган ушбу анжуманда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Юртимизда ҳар куни қанчалаб қарорлар қабул қилинади, шу асосда қонуности ҳужжатларининг ҳам жуда кўп қабул қилинишини инкор этиб бўлмайди. Баъзан айнан қонуности ҳужжатларидаги номувофиқликлар сабаб фуқаролар ўртасида тушунмовчиликлар, эътирозлар вужудга келади. Янги Қонун жисмоний ва юридик шахслар ҳамда маъмурий органлар ўрасидаги бир қатор маъмурий масалаларни тартибга солишга,  жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган.

Ушбу Қонун ишлаб чиқилишида Германиянинг маъмурий тартиб-таомиллар борасидаги қонунлари тажриба сифатида ўрганиб чиқилган. Тадбир давомида Германиядан ташриф буюрган эксперт ва бошқа мутахассислар ўз фикрларини билдиришди.

 

Штефан ГРОСКУРТ,

Берлин Маъмурий суди судьяси:

— Юртингизда қабул қилинган ушбу қонун Европа қонунларининг кўп жиҳатларига мос равишда инсон манфаатларига хизмат қилиш тамойили асосида қабул қилинган. Кўпинча маъмурий органлар томонидан адолатсизлик рўй бериши, фуқароларнинг эътирози ва уларнинг юқори ташкилотларга мурожаат қилиш ҳоллари ўша жойда пухта ишлаб чиқилган қонуннинг мавжуд эмаслиги ёки яхши ишламаслигидан далолат беради. Германияда ҳар қандай ҳолатда манфаатдор томон ҳимояланади. Ҳамма учун фикр эркинлиги бирдек. Янги қонун мамлакатингизда кучга кириб, ҳамма унга бирдек амал қила бошласа маъмурий органлар ва фуқаролар ўртасидаги келишмовчиликлар барҳам топади. Адолатли тизим йўлга қўйилади.

 

Игорь ЦАЙ,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Хуқуқий тадқиқотлар маркази директори ўринбосари:

— Ушбу қонун бўйича манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқлари устун. Маъмурий иш юритиш давомида юзага келадиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар ушбу Қонунга мувофиқ манфаатдор шахслар фойдасига талқин қилинади. “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун кучга кириб амал қила бошлагандан сўнг республикамиздаги барча маъмурий тизимларда ягона тартиб вужудга келади. Яъни, қайсидир бир маъмурий орган ички қарор ёки низом билан фуқаронинг бугунги кундаги қонуний манфаатларига зид қарор қабул қила олмайди. Бунда асосан маъмурий орган ва маъмурий орган ҳисобланмайдиган идора ҳамда ташкилотларни фарқлаб олиш лозим. Масалан, маҳаллий ҳокимият органлари, ўзини-ўзи бошқариш ташкилотлари, давлат хизматларини кўрсатувчи бир қанча идоралар маъмурий орган ҳисобланса, Президент қабулхонаси, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис, суд, прокуратура органлари маъмурий орган сифатида мазкур Қонун предметига кирмайди. Демоқчиманки, ушбу Қонунимиз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш, солиқ ва бошқа маъмурий тўловларни ундириш, референдумлар, сайловлар ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида, маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини юритишда юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

 

Баҳром УМАРОВ,

Тошкент давлат юридик университети “Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви” кафедраси катта ўқитувчиси:

— “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан, лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ  фаолиятларига нисбатан татбиқ этилади. Ушбу Қонунда “маъмурий ҳужжат” ва “маъмурий-ҳуқуқий фаолият” деган тушунчаларга дуч келамиз. Маъмурий ҳужжат деганда маъмурий органнинг манфаатдор шахсга нисбатан чиқарган қарорини тушуниш керак. Яъни фуқаро ва маъмурий орган ўртасидаги муносабатларда маъмурий-ҳуқуқий фаолият жараёни кўринса, икки ўртада натижа сифатида чиқариладиган қарор бу маъмурий ҳужжатдир. Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда маъмурий органларнинг ягона тизими, ягона қонун асосида, бюрократияга йўл қўймасдан фаолият олиб боришлари учун муҳимдир.

“Инсон ва қонун” мухбири

Мадҳия АВАЗОВА тайёрлади.