-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ўзбошимчалик билан қурилган уйга қонуний эгалик қилиш мумкинми?

07.11.2018

Адлия вазирлиги Қонунчилик бош бошқармаси бошлиғи Худоёр Мелиев шарҳи

ҲА, бунинг имкони бор. Жорий йилда 11 минг 206 нафар шахс ўзига қарашли бўлган, лекин ноқонуний қурилган уйига қонуний эгалик қилиш ҳуқуқини олди.

Халқимиз ободликни қадрлайди ва доим шунга интилади. Пули кўпайса, дарров чиройли иморатлар қуришга чоғланади. Бироқ кўплаб соддадил кишилар баъзан уй қуришнинг қонуний талаблари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Айниқса, қишлоқларда ўзбошимчалик билан қурилган уйларни истаганча топиш мумкин. Авваллари бундай уйлар ноқонуний қурилма, деб топилиб, бузиб ташланган ҳолатлар ҳам йўқ эмас эди.

— Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги Фармони кўплаб юртдошларимизга мулк ҳуқуқи таъминланиши учун имкон берди,  — дейди Адлия вазирлиги Қонунчилик бош бошқармаси бошлиғи Худоёр Мелиев. — Сир эмас, уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан минглаб фуқаролар кўп йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида якка тартибда уй-жойларни ноқонуний барпо этишган. Бундай ҳолатларнинг юз беришига давлат органлари, энг аввало, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият, шу жумладан, ер кадастри, архитектура ва қурилиш соҳасидаги ваколатли органларнинг бепарволиги ҳам сабаб бўлган.

Фармонга мувофиқ, Адлия вазирлиги ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси томонидан фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган тураржойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида ҳозирги кунгача 11 минг 206 нафар шахс ўзига қарашли бўлган ўзбошимчалик билан қурилган уйига қонуний эгалик қилиш ҳуқуқини олди.

Бу аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек, фуқароларга тегишли бўлган тураржойларни давлат рўйхатидан ўтказишда катта кўмак бўлди.

Қайд этиш жоиз, мазкур акция 2019 йил 1 майга қадар давом этади.

Акция давомида Фармон қабул қилинган вақтга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки ­иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган тураржойга нисбатан мулк ҳуқуқи ушбу объектга ўз шахсий мулки каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилаётган шахсга айрим шартлар асосида эътироф этилади.

Бу шартлар шундан иборатки, ушбу ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига мувофиқ тураржой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган бўлиши керак. Ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаётган бўлиши зарур. Шунингдек, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаслиги шарт.

 

Норгул АБДУРАИМОВА,

ЎзА мухбири