-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

МММда Соҳа истиқболи муҳокама марказида

09.11.2018

МИЛЛИЙ матбуот марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамкорлигида “ОАВ соҳасида ўзини ўзи бошқаришнинг самарали усуллари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, ЮНЕСКО, Европа Иттифоқининг Тошкентдаги ваколатхоналари, “Регионал диалог” халқаро ташкилоти, Буюк Британия элчихонаси вакиллари, ахборот соҳаси мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда иштирокчиларнинг асосий­ эътибори “Ўзбекистон журналистла­ри­нинг одоб-ахлоқ кодекси” лойиҳасини му­ҳокама қилишга қаратилди. Қонунда бундай одоб-ахлоқ қоидалари журналистлар ва оммавий ахборот воситаларининг бирлашмалари томонидан мустақил равишда ишлаб чиқилиб, қабул қилиниши кафолатланган.

Кодекс лойиҳаси Ўзбекистондаги бир қатор медиа тузилмалари томонидан журналистлар ва соҳа экспертлари, фуқаролик институтлари, манфаатдор ташкилотлар вакиллари иштирокида ишлаб чиқилган бўлиб, унда Конституция ва амалдаги қонунчилик, миллий менталитет ва халқаро ҳуқуқий меъёрлар, хусусан, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”, “Халқаро журналистикада профессионал этика тамойиллари”, “Халқаро журналист ахлоқи тамойиллари декларацияси” каби ҳужжатлардаги тамойиллар инобатга олинган.

Ҳужжат лойиҳасида белгиланганидек, журналист ҳамкасбларининг касбий ҳуқуқларини ҳурмат қилади, адолатли рақобат қонунларига риоя этади, бошқаларнинг фикрлари ва асарлари, материалларини қисман ёки тўлиқ ўзлаштирмайди ва ҳеч қачон кўчирмачилик билан шуғулланмайди.

Давра суҳбати сўнгида “Ўзбекистон журналистларининг одоб-ахлоқ ко­дек­си”­ни қабул қилиш ва мазкур қоида­лар­нинг амалга оширилишини мониторинг қилиб борувчи махсус Жамоатчилик Кен­гашини шакллантиришга келишиб олинди.

 

Анвар ҚОБИЛОВ