-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ерда ётган бир бўлак нонни кўрсам кўзимга ёш келади

09.11.2018

ШАҲАР тамаддихоналаридан бирига овқатланиш учун кирдим. Менга қарама-қарши тарафда бир гуруҳ ўспиринлар стол атрофида ўтирганига кўзим тушди. Улар овқатланиб бўлишган, гаплашиб ўтиришарди. Бетартиб ёки эътиборсиз овқатланишганмикин, шундоққина оёқларининг остида нон урвоқлари ва бўлаклари ётарди. Йигитлар ўринларидан туриб кетишди, аммо улардан бирортасининг хаёлига нон бўлакларини бир чеккага олиб қўйиш фикри келмади...

Нон энг азиз неъмат. Унинг бир бурдасини ҳам кўзимизга тўтиё қилишимиз, ёшларга ноннинг азизлигини уқтиришимиз керак эмасми? Афғонистонлик бир меҳ­мон тўйларимиздан бирида ўзбек дас­турхонини кўриб, “Нонни жуда исроф қилар экансизлар”, дея қайғургани бекорга бўлмаса керак. Унинг айтишича, биз бўлаклар устига яна ушатаверадиган ноннинг бир бурдасига афғон мамлакатида қанчалаб зорлар бор эмиш.

— Увол бўлган бир бўлак нонни кўр­сам кўзимга ёш келади, — дейди паст­­дарғомлик Иккинчи жаҳон уруши қат­нашчиси Ислом Неъматов. — Сталинград остонасида урушда бўлганман. Қа­малда қолганмиз. Нон йўқлигидан, очликдан юзлаб одамлар ҳалок бўлганини ўз кўзларим билан кўрганман. Очарчилик нималигини биз яхши биламиз. Ҳозир уйда ноннинг суви қочса дарров нон қоқи қилинглар, деб буюраман. Нонни ҳеч вақт увол қилиб, ташлаб юбормаслик керак.

Оқтош ун комбинати директори Тў­рақул Худойбердиевнинг айтишича, ҳозирда кўпгина қозоғистонликлар Оқ­тош унини харид қилишаётган экан. Улар янги тегирмонлардан чиқаётган Ўзбекистон унининг сифатини ҳам, мазасини ҳам аъло, дейишмоқда. Дарҳақиқат, бугун бозорлару дўконлар расталарида азиз неъматни кўриб кўзимиз қувнайди, ширмой нонларни еб тўймаймиз. Нон расталарида серобчилик. Дастурхонимиз тўкин-сочинлигига асло кўз тегмасин, деймиз. Аммо мўл-кўлчиликнинг ҳам қадрига етиш керак-ку! Бугун қай биримиз дастурхон атрофида фарзандларимизга нонни эъзозлаш ҳақида насиҳат қилаяпмиз? Қайси биримиз ноннинг муқаддаслигини ёшларга уқтираяпмиз? Ноннинг нон бўлгунча деҳқоннинг заҳ­мати, нонвойнинг меҳнати қанчалик экан­лигини нега уларга гапирмаймиз?

Айтишларича, оёқ остида нон бўлса от уни босмай ўтар экан. Отнинг сезгирлигига, унинг одамзод тирикчилигининг манбаини нақадар қадрлашига қараб ҳайратланамиз. Ўзимиз эса онгли равишда нон урвоғининг-да муқаддаслигини англашимиз, ҳамиша унинг қадрига етишимиз керак эмасми?

Азим ҚОДИРОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири