-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Коррупция ва маданият

05.12.2018

БИР қарашда бу икки сўз бир-бирига умуман мувофиқ келмайди. Иккинчи томондан эса улар ўртасида қандайдир яқинлик борлигини инкор эта олмаймиз.

Дарвоқе, коррупция ва маданият ўзаро боғлиқ ва баъзи ҳолларда бир-бирини тақозо этади.

Дастлаб коррупцияга бизда қандай таъриф берилганига тўхталсак. Қонунга кўра, коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб, моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши.

Маданият тушунчасига эса адабиётларда инсоннинг жамият аъзоси сифатида ўзлаштирган билимларини, ишонч-эътиқодини, санъатни, ахлоқ ва қонунларни, урф-одатларни, шунингдек, унинг бошқа қобилияти ва кў­ник­маларини ўз ичига олган мажмуадир, дея таъриф берилади.

Коррупцияга қарши кураш самарали бўлиши учун бу иллатнинг маданият билан боғлиқ жиҳатларини чуқур тадқиқ этиш ва шу асосда зарур чораларни қўллаш лозим.

Бу борада хорижий мамлакатларда маълум тад­қиқотлар олиб борилган. Олимлардан Т.Нестик коррупция ва маданиятнинг ўзаро боғлиқлиги масаласида уч хил ёндашув мавжудлигини қайд этади.

Биринчи ёндашувга кўра, коррупциянинг ўзи алоҳида маданият сифатида ўрганилади. Р.Клитгаард ўз ишида коррупцияни иш ёки ташкилий маданият сифатида ўрганиб, одатлар, тасаввурлар ва қадриятлар билан боғлиқлигини очиб беришга ҳаракат қилади. Ташкилий маданият сифатида коррупцияни беорлик ва соғлом фикр­нинг йўқолиши билан изоҳлайди.

Иккинчи ёндашувда коррупция кишилар ўртасидаги муносабатларни тартибга соладиган меъёрлар, қоидалар ва қадриятларнинг муваққат бузилиши сифатида талқин этилади. У жамиятнинг аксарият қисми ижтимоий меъёрларга бефарқ ва бепарво муносабатда бўлганда, қадриятлар тизими элементлари ўртасида зиддият келиб чиққанда вужудга келади. Мазкур ёндашувнинг вакиллари сифатида Т.Парсонс ва Р.Мертонларни кўрсатиш мумкин. У.Райзман томонидан илгари сурилган номувофиқ нормалар назариясини ҳам ушбу ёндашувга киритиш мумкин. Бу нуқтаи назарга кўра, жамиятда ҳаддан ташқари идеал нормалар яратилади ва амалиётда эса агентлар (ижрочилар) ўзларининг амалиёт нормаларини ишлаб чиқиб, унинг асосида ҳаракат қиладилар.

Учинчи ёндашувга кўра, коррупция вақтинчалик, оғриқли ҳолат эмас, балки маданий анъаналар ишлаб чиқадиган, миллий маданиятнинг доимий, барқарор хусусиятларига таянувчи ҳодиса сифатида шарҳланади. Бу қараш 1970 йилларда, аввало, учинчи дунё мамлакатларида, сўнгра эса Ғарб мамлакатларида маҳаллий одатлар ва қадриятлар билан боғлиқ бўлган норасмий иқтисодиётнинг қарор топишига алоқадордир.

Й.Андвиг ўзининг “The economics of corruption: A survey” асарида собиқ СССР республикаларидаги коррупция даражасига уларнинг маданиятидаги фарқ таъсир этганини ёзади.

Т.Нестик коррупциянинг яна бир маданий омили бу — дин, деб ёзади. У коррупция ва маданиятнинг ўзаро алоқадорлиги тўғрисида тадқиқот олиб борган тадқиқотчиларнинг ишларини ўрганиб, юқори иерархик динлар коррупция даражасининг юқори бўлишига таъсир этади, деган хулосага келган. Назаримда, бу фикрни ислом динига нисбатан қўллаш асоссиз. Сабаби, муқаддас динимизда порахўрлик жуда қаттиқ қораланади, ҳалоллик, поклик ҳар жиҳатдан улуғланади. Диннинг асл қоидаларини бошқача талқин қилиш, афсуски, ҳамма жойда учраб туради.

Сўнгги йилларда коррупциянинг барча кўринишларига қарши из­чил, тизимли ишлар амалга оши­рилмоқда. Бироқ уларнинг самарали натижа бериши бир қатор омил­ларга боғлиқ. Буларнинг ичида кор­рупциявий стереотипларни йў­қо­тиш, одамларнинг ҳар қандай кичик коррупция кўринишларини оддий, “нормал” ҳолат деб эмас, балки умумқораланадиган қилмиш сифатида баҳолашига эришиш муҳим аҳамиятга эга.

Янги туғилган чақалоқни туғуруқ­хо­надан олиб чиқарканмиз, шифокор ва дояларга пул бермасликни кўп­да лозим деб топмаймиз. Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидасини буз­­ганда ички ишлар ходимига "чой" пули таклиф қилишни оддий ҳо­диса сифатида қабул қиламиз. Фарзан­димиз имтиҳондан ўта олмаса, қан­дай қилиб бўлса-да, масалани ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Умуман, қонунларни бузиб, маълум ҳақ эвазига жазодан қутилиб қолиш, давлат ташкилоти билан бирор муаммо вужудга келса, таниш-билиш то­пиб, масалани ҳал қилишни “нормал” ҳо­лат ҳисоблаймиз. Сир эмас, айрим ҳолларда туғилган кун, тўю-тан­таналарда берилаётган совға-салом, тўёна, суюнчилар ортида пора туради. Ҳаётимиздаги энг яхши кунларимизга шубҳали нарсаларни аралаштирамиз.

Бу яшаш тарзимизнинг бир қис­мига айланиб қолган. Бошқача айтганда, айрим коррупция кўриниш­лари маданий қилмиш сифатида ба­ҳоланадиган даражада қайғули аҳ­волдамиз.

Афсуски, мамлакатимизда коррупциявий қилмишларнинг сабаб ва шароитлари, маҳаллий одат­лар­нинг унга таъсири сингари жи­ҳат­лар бўйича чуқур криминологик тад­қи­қотлар олиб борилмаяпти. Коррупцияга қарши кураш натижадорлиги эса сўзсиз ҳар бир фуқарода бу иллатга қарши иммунитет ва наф­ратни шакллантиришга бевосита боғ­лиқ. Аҳолида юксак ҳуқуқий мада­ниятни шакллантириш, ҳар қандай кўринишдаги коррупциявий қилмиш маданиятсизлик эканини ижтимоий онгга сингдириш бу иллатнинг олдини олишда энг муҳим омилдир.

Шу боис кейинги йилларда адлия органлари томонидан ҳуқуқий маданиятни юксалтириш вазифаси доирасида коррупцияга қарши умумий, махсус, манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари мунтазам кўпайтириб борилмоқда. Шу билан бирга, ­уларнинг сифати ҳам оширилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг январь ойида Адлия вазирлиги бошчилигида тайёрланиб, ОАВ, интернетда эълон қилинган коррупцияга қарши “Қонун доим биз билан бирга” номли роликни келтириш мумкин. Ижтимоий тармоқларда ушбу роликни уч кун ичида бир миллионга яқин одам томоша қилганди. Хато қилмаётган бўлсак, бунга қадар бошқа бирор ролик, клип ижтимоий тармоқнинг миллий сегментида бундай қисқа муддатда шунча кўп одам томоша қилишига сазовор бўлмаганди.

Вазирлик томонидан жорий йилда худди шундай яна учта ролик тайёрланиб, ОАВ, интернетда намойиш қилинди. 2018 йилнинг январь-сентябрь ойларида адлия органлари томонидан коррупцияга қар­ши 4 минг 553 тарғибот тадбири ўтказилди. Жумладан, “Биз коррупцияга қаршимиз” мегатанлови доирасида ўтказилаётган “Коррупция — тараққиёт кушандаси” умуммиллий иншолар танловида 20 мингдан ортиқ фуқароларимиз ўз иншолари билан иштирок этди. Аҳолида коррупцияга қарши нафрат уйғотувчи ўн минглаб тарқатма материаллар тарқатилмоқда, баннерлар, плакатлар жойлаштирилмоқда. Бунда жараёнга инновацион ёндашилмоқда, коррупциянинг жирканч қиёфаси ва аянч­ли оқибатлари халқчил тарзда ­очиб берилишига ҳаракат қилин­моқ­да.

Бироқ, шу ўринда афсус билан қайд этиш керак-ки, аксарият ташкилотлар ва фуқароларда коррупцияга қарши тарғибот фақат адлия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иши, деган мутлақо нотўғри қараш мавжуд. Бунинг боиси эса қонунлардан хабарсизлик, ҳуқу­қий маданиятсизликдир. “Коррупцияга қар­ши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг 16,­17-моддаларида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўз ходимла­ри ва аҳолининг коррупцияга қарши ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўришлари белгиланган.

Коррупцияга қарши кураш ҳар куни, ҳар лаҳзада ҳар бир фуқаро томонидан амалга оширилиши керак. Инсонларнинг ушбу иллатга қарши қатъий фуқаролик позицияси шакл­ланиши, коррупцияга нисбатан муросасизлик ва тоқатсизликнинг пайдо бўлиши, коррупция ҳолатларини оқлаш ва изоҳлаш эмас, қоралаш ва қабул қилмаслик биринчи ўринга чиқиши керак. Бир сўз билан айтганда, коррупция онгларни ўзгар­тирмай туриб, онгли ёндашув билан фуқароларнинг ўзи аҳволни ўз­гар­тириши, коррупциясиз жамият қу­ришда ҳар ким ўз роли ва вазифаларини англаб, масъулиятни ҳис этиши лозим.

Худоёр МЕЛИЕВ,

Адлия вазирлиги масъул ходими

ЎзА