-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Ёзғувчи” ёзувчи эмас... баъзи “юмалоқ хат” ёзувчи муттаҳамлар ҳақида мулоҳаза (51-52 сон)

27.12.2018

РАҲМАТЛИ шоир Муҳаммад Раҳ­мон ажойиб шоир эди. Инсонларга меҳ­ри­бон, ўзи қалбан юмшоқ феълли одам эди. У киши билан танишганимга анча бўлганди. Шоир ҳозирги “Янги аср авлоди” (илгариги “Ёш гвардия”) нашриётида катта муҳаррир бўлиб ишларди. Қиш кунларининг бирида у кишининг ­ёнига борганимда “Вақтингиз бўлса устоз Саид­ Аҳмадни зиёрат қилиб келсак, у киши анча вақтдан буён Дўрмонда ижод билан банд”, дедилар. Тушдан сўнг у киши билан Дўрмонга бордик. Улуғ ёзувчи бизни илиқ кутиб олди. Муҳаммаджон ака билан адабиёт ҳақида улар анча суҳбат қуришди. Саид Аҳмад шунда бир қизиқ воқеани айтиб берганди.

— Ўтган ҳафтада Дўрмондан Тошкентга кетаётсам кечқурун йўлда болали аёл билан бир йигит машина кутиб туришган экан. Уларга раҳмим келиб маши­намга миндириб олдим. Йўл-йўлакай ҳалиги йигит билан суҳбатлашиб кетдик. Йигит менга қараб: — Яхши одам экансиз, нима иш қиласиз? — деб қолди.

— Қаламни сал-пал ғилдиратиб юрадиган ёзувчиман, — дедим.

— Унда сиз жуда хавфли одам экан­сиз-ку, — деди. Сўнг аччиғим чиқиб: “мен китоб ёзадиган ёзувчиман, “юмалоқ хат” ёзадиган “ёзувчи” эмасман”, дедим.

У юзимга қараб: (машинанинг ички ойнасида мени кўриб, таниди).

— Эҳ, кечирасиз. Минг бор узр сў­рай­ман. Сиз ёзувчи Саид Аҳмад акамисиз? Та­нидим. Мен сизнинг китобларингизни ўқиганман. Яқинда сизни телевизор­да ҳам кўрдим. Сиздан яна бир бор юқоридаги гапим учун узр сўрайман. Мени кечиринг гапим учун, — деди ҳалиги йигит учун узр сўраб.

— Сизга айтсам, бир қўшним бор. “Ёзувчи”. Ҳамманинг устидан ёзгани ёзган. Менинг устимдан ҳам икки марта ёзди. Уйида телевизорини баланд овозда кўради. Уйига ҳар хил одамлар келади, — деб. Ўтган ҳафтада яна устимдан ­ёзибди. “Талабалардан пора олади”, деб. Ўзим бир хоналик уйда оилам билан ижарада тураман. Университетда аспирантман, — деди ҳалиги йигит.

Саид Аҳмад менга қараб:

— Ёзувчилар, биласизми, пайғамбар -сифат одамлар бўлади. Толстойнинг ­асарларини ўқиганмисиз? У бир даҳоки, рус халқининг фахри. Уни дунё билади. Дунё ўқувчилари рус халқи, деганда Толстойни тушунади. Ёки Чингиз Айтматовни айтинг. Қирғиз миллати деганда, дунёда Чингизни билишади. Буюк бобомиз Алишер Навоийни олайлик, ҳақиқий авлиё сифатидаги инсон бўлган. У киши салкам беш юз йил олдин “ойнаи жаҳон”ни башорат қилган. Сабаби, ўзи­нинг “Фарҳод ва Ширин” асарида Фар­ҳод Шириннинг жамолини ойнада кўриб қолади, — деб ёзган.

Қаранг, беш юз йилдан кейин дунёда биринчи бўлиб Тошкентда “ойнаи жа­ҳон” кашф этилди.

Унинг қалбига “ойнаи жаҳон”ни Яратган солган-да.

— Биласизми, эркаклар маза қилсин, деб Москвадан ўзимиз телевизорда баъзида билет кўрсатиб қоладиган “дил­бузар”ни (телевизор) гапираяпман-да, — дейди. (кулади).

— Эшитаяпсанми, ҳей бола? — деди менга қараб.

— Ҳали-ҳанузгача йўлдаги учрашган йигитнинг гапи кайфиятимни тушираяпти. Ўзингиз ўйланг, кўчадаги бир одамни бир хонага бир ҳафта қамаб қўйинг-да, битта ҳикоя ёзиб бер, денг бир ой тугул бир йилда ҳам бир сатр нарса ёза олмайди. Одамларни ғишт терувчиликка, пайвандловчи касбларига ўргатиш мумкин. Лекин ёзувчига, ижодкорга ­Ярат­ган юқтирмаса қийин. Айрим одамлар оғзаки нутқда яна ёзувчи билан “мут­таҳам” сўзининг фарқига бормайди. Нега? 

Адибнинг гапида жон бор. Сўздан сўз­нинг фарқи бор!

Ахир, Навоий, Қодирий, Ойбек, А.Қаҳ­ҳор, Э.Воҳидов каби улуғ ижодкорларимиз бўлмаганда бизнинг халқимиз халқ си­фатида дунёга намоён бўлармиди?! Уларнинг асарлари бўлмаганда ҳозир авлод кимларнинг китобларини ўқиб маънавий қувват оларди. Халқимиз мил­лат сифатида шаклланармиди? Биз қайси “чинор”ларимизга суяниб мадад олардик? Сиз ҳам бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

***

Хўжалигимиз марказида Қиличмурод, деган (исми ўзгартирилган) муттаҳам (“ёзувчи”) бўларди. Ғал­ла ўрими пайтида унинг ҳовлисига бир машина ғалла тўкиларди. Кеч кузда хўжаликнинг бригадалари уникига картошка, сабзи келтириб берарди. Унинг ёзишидан ҳамма қўрқарди. Хўжалик раҳбари ҳам уни “тинчитиш” билан ово­ра-ю сарсон эди. Яқинда бир фермер айтиб қолди. — 50 гектар ерга пахта ­экаман. Яқинда Қиличмурод “ёзувчи” ус­тимдан “юмалоқ хат”ини юмалатиб юборибди. “Фермер ер сотади”, деб. Аччиғим чиқди. Уйига бориб: устимдан нимага ёздингиз. — Мен ерга пахта экаман сизга пахта беришим керакми? Пахта давлатники —десам, нима дейди. Ноинсоф.

— Унда “қуруғидан бер” — дейди.

— Нима учун унга “қуруғи”дан беришим керак, деб туман прокурорига мен ҳам ариза ёздим. Бу муттаҳам таъмагирлигини қўймас экан, уялмайди ҳам. Безбет. “Ёзувчиман”да дейди. Фермернинг асаби бузилиб.

Бу фикрлар бир мулоҳаза учун. Бу борада сизнинг бизга айтар гапингиз бордир. Нима дейсиз?

Тўғрисини айтсак, улуғ ёзувчимиз Саид Аҳмад айтганидек, сўздан сўзнинг фарқи бор.

 

Зайниддин МАМАДАЛИЕВ,

“Инсон ва қонун” мухбири