-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Бир жуфт зирак қизалоқдан азиз бўлдими? Бу кино эмас, ҳаётимизда бўлган воқеа (51-52 сон)

30.12.2018

ФАРҒОНА туманининг Юқори Гулшан маҳалласида яшовчи Ёрқин­ой Асадова (исм-шарифлари ўзгар­тирилган) шу йилнинг 11 сентябрь ку­ни оилавий келишмовчилик туфайли турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб қолди. Эр-хотиннинг жанжали шу даражага бориб етдики, оқибатда Ёрқиной жаҳл устида уйдан чиқиб кетди.

У уйдан чиқди-ю, йўловчи маши­на­га ўтириб, боши оққан томонга жў­нади. Аммо машина қўшни Ҳу­вай­до маҳалласидан ўтиб бораётга­нида Ё.Асадова Узумчи кўчасида бў­лаётган тўйни кўриб, машинадан тушиб қолди. Чунки бу маҳал вақт пешиндан оғиб, аёл жуда очқаган, шу боис қорнини тўйғазиш мақсадида тўйга киришни мўлжаллаганди.

Шундай бўлди ҳам. Ёрқиной тўй­хонага кириб, безатилган саҳна олдидаги столлардан бирига бориб ўтирди. Ўша пайтда унинг рўпарасида ўтирган тўй соҳибаларидан бири Нафиса Ҳалилова бир ёшли жияни Жасмина Шокировани ўйнатиш билан овора эди. Бинобарин, Ё.Асадова унга қараб-қараб, дастурхонга қўл узатмоқчи бўлди. Лекин тамадди қилишга улгурмади. Негаки Нафиса ўрнидан туриб, унга яқинлашди.

— Опа, жиянимни ушлаб туринг, мен идиш-товоқларни ташишга ёрдамлашиб юборай, — дея Жасминани Ёрқинойнинг қўлига тутқазиб кетди.

Чақирилмаган меҳмон қизалоқ­ни ­ову­тиб ўтираркан, унинг қулоқла­ридаги тилла зиракни кўриб, нияти бузилди. Шу сабабли у ён-атроф­дагиларга сездирмай, Жасминани кўтарганча кўчага чиқди. Чиқди-ю, йўловчи “Дамас” машинасига ўтириб, жуфтакни ростлади. Машина Бой­ма­ҳалла кўчасининг бошига етганда Ёр­қиной ундан тушиб қолди. Сўнг шу кўчанинг охиригача кириб борди-да, одам йўқлигидан фойдаланиб гўдакнинг қулоғидаги зиракларини ­ечиб олди. Энг ачинарлиси, Ё.Асадова ўзини-ўзи ҳимоя қилолмайдиган, ожиз аҳ­вол­даги Ж.Шокировани хавф остида қолдирганча ўша ерга ташлаб кетди.

Шундан кейин Ёрқиной Миндон қишлоғи марказига бориб, нархи 200.000 сўмлик тилла зиракларни, фуқаро Ўғилой Неъматовага 155.000 сўмга пуллади. Пулнинг 95.000 сўмини та­ниши Зилола Мираҳмедовадан бўл­ган қарзи эвазига бериб юборди. Қолганини эса чўнтагига солиб, уйига келди. Уйида бўлса уни ИИБ ходимлари кутиб олишди.

Маълум бўлишича, Жасмина йў­қол­гандан кейин тўйхонада қий-чув кўтарилади. Шунинг учун дарҳол ИИБ­га хабар беришади. Бундан таш­қари, Нафисанинг сўзларига кўра, тўй­ни видеотасвирга тушираётган йигит тасвирни ортга қайтариб беради. Натижада Ёрқинойни таниб олишади. Худди ўша пайтда Боймаҳалла кўчаси, 104-уйда яшовчи Ғанижон Латипов ҳам қаровсиз қолдирилган қизалоқнинг йиғисини эшитиб, кўчага чиққан ва бу ҳақда профилактика инспекторига қўнғироқ қилганди. Бинобарин, Ё.Асадова нақ 3 соатда қўлга олинади. Шу билан бирга, унинг ҳамёнидан пулнинг қолган қисми, Ў.Неъматовадан зираклар, З.Мираҳмедовадан эса 95.000 сўм пул ашёвий далил сифатида олиниб, ўз эгаларига қайтарилган. Энг муҳими, ўғри аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 117-моддаси, 1-қисми (хавф остида қолдириш), 137-моддаси, 2-қисмининг “а”, “б” бандлари (вояга етмаган шахсга нисбатан ғаразгўйлик ва бошқа паст ниятларда одам ўғирлаш), 169-моддаси, 1-қисми (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Оқибатда, у суд томонидан қонуний жазога маҳкум этилди.

Албатта, мазкур воқеа барча ота-оналарга сабоқ бўлиши лозим. Зеро, болани эътиборсиз қолдириш бундан ҳам аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.

Фарруҳ АБДУРАИМОВ,

жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди раиси

Хуршид СУЛТОНОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири