-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Истеъмолда кони фойда бўлган балиқ турлари кўпайтирилмоқда (51-52 сон)

30.12.2018

МАЪЛУМКИ, айни пайтда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари қатори балиқчиликни ривожлантириш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса,

Президентимизнинг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори тармоқ истиқболида янги саҳифа очди.

Мазкур Қарорга биноан келгусида ба­лиқ ва балиқ чавоқлари етиштириш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда сақ­лаш қувватларини ишга тушириш, ба­лиқ­чилик хўжаликларига омухта ем ва минерал ўғит (аммофос) етказиб бериш, туманлар ва балиқчилик хўжаликлари ке­симида манзилли чора-тадбирлар дас­турларининг ишлаб чиқилиши бизни бе­ҳад қувонтирди.

Бизнинг “Аср Юлдуз Шамс” фермер хўжалиги ҳам 2007 йилда балиқчилик йўналишида, туманимизнинг Арабмозор қишлоғида жойлашган 5 гектарлик табиий кўлда ташкил этилган. Илгари бу кўл сувидан ширкат хўжалиги майдонларини суғоришда фойдаланиларди холос. Шундан буён халқимиз дастурхонига балиқ маҳсулотларини етказиб бераяпмиз.

Гап шундаки, ҳар йили апрель ойида­ “Наманганбалиқ” масъулияти чекланган­ жамияти ва Бешариқ туманидаги ба­лиқ­чилик хўжаликларидан 40-50 граммлик май­да балиқларни келтириб, парваришлаймиз. Ўтган 2017 йилда 16 тонна балиқ етиш­тиргандик. Бу йилги режамиз ундан юқорироқ. Жорий йилда кўлга Карп оиласига мансуб турли Сазан ҳамда ўтхўр балиқлар саналган Дўнгпешона, Оқ Амур сингари 15 минг дона майда балиқларни ташлагандик. Айни пайтгача улар 25 тонна омухта ем, 4 тонна аммофос ва 1 тонна азотли ўғит билан озиқлантирилди. Ҳозир балиқлар ўртача 1-1,2 килограммдан тош босадиган даражага етди. Ҳатто 2-3 килограммликлари ҳам бор. Тошлоқ туман деҳқон бозори билан имзоланган шартномага кўра, балиқларни январь ва февраль ойларида истеъмолчиларга етказиб берамиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, келаси 2019 йилда 20 та садок(қафас)да интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўймоқчимиз. Бунинг учун сувни кислород билан бойитувчи технологияларни олиб келишни режалаштирганмиз. Натижада янада кўпроқ маҳсулот етиштириш ва даромад олиш имконияти пайдо бўлади. Шу билан бирга, кўлимиз атрофида экотуризмни ривожлантириш мақсадида замонавий меҳмонхона қуриш ниятимиз ҳам бор.

Албатта, Президентимиз Қарорига биноан келгусида Молия вазирлиги томонидан ҳар йили 15 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни балиқчиликни ривожлантириш учун ажратилиши, 2019 йилдан бошлаб ҳар йили ноябрь ойида балиқчиликка оид кўргазмани ташкил қилиш, балиқчилик хўжаликларини зарур ресурслар билан таъминлаб борилиши каби чора-тадбирлар зиммамизга янада катта масъулият юклайди. Шунингдек, Юртбошимизнинг янги Қарори бизни ҳар йилгидан ҳам катта ғайрат-шижоат ва фидойилик билан меҳнат қилишга ундамоқда.

Жасур ШЕРМАТОВ,

Тошлоқ туманидаги “Аср Юлдуз Шамс” фермер хўжалиги раҳбари