-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Жилов тутган жиловдорлар

30.12.2018

Ер башарий қўналғамиз.

Унга ўт қўйиш ярамайди...

ҚОБИЛЖОН “ойнаи жаҳон”га бир қадар ҳайрат билан термулиб турар, экранда тош йўниб ўтирган “мавжудот”нинг юмушига қизиқсиниб боқар, алалхусус, ушбу жараённинг тадрижини соғинарди... “Мавжу­дот” тошни узоқ, ҳафсала билан йўнди. Ўт­ган вақт оралиғида жорий тош қир­радор, кескир асога айланди. “Мав­жудот” тош-асонинг қиррасига бош­бармоғини теккизган эди, қирра юзасига қон тирқиради. “Мавжудот”нинг бошбармоғи кесилди. Қобилжоннинг назарида турган “мавжудот” — ибтидоий одам эди...

Мавҳум ва ҳайратланарли ҳо­ди­сага жон-қулоқ термулиб турган Қо­бил­жон­нинг ҳайрати босилди. Эшикда дадаси пайдо бўлди:

— Бу нимаси, Қобилжон ўғлим? Бў­ладиган кўрсатувларни кўрсанг-чи?!..

Бола ғингшиган бўлди. Дадаси ҳам ижикилиб ўтирмади. Канални ўзгар­тирди: 

— Мана, бу кўрсатувни кўрсанг бў­лади, ўғил бола!..

Экранда олдинги кўрсатувга тескари бир тасвирлар гавдаланди. Улкан зирҳли улов, юкхонасига улкан ядровий бомбани ортқилаб юриб борар, уч ёнда кўп сонли издиҳом чинқирар, чуввос соларди. Айни пайт, “ойнаи жаҳон”да шундай сўзлар жарангларди: “Ушбу қитъалараро учувчи ракеталар бир пайтнинг ўзида юз минглаб инсонларнинг ёстиғини қуритиши мумкин...”. Ҳали сохт-сумбати айрича “мавжудот” — ибтидоий одамнинг юмушига қизиқсиниб турган Қобилжон ортиқ ғингшимади. Дадасининг қаватига су­қилиб, жорий аср оммавий қирғин қу­роллари тўғрисидаги кўрсатувни кў­­­­ришга тутинди...

...Бобом Иккинчи жаҳон уруши қат­нашчиси эди. Бобомнинг урушда кўр­ган-кечирган воқеалари чунонам қизиқ эдики, қишлоқнинг эсини таниган бола-бақрасидан тортиб, бўз йигитларигача у кишининг атрофида қўр солиб, уруш ҳақида турли ҳангомалар тинглардилар... Бу воқеалар барча учун шукроналик ва адабнинг мавжуд кўриниши эди...

Эслайман. Бобомнинг айтишича, иккинчи жаҳон уруши тугаганида дунё аҳли: “Эндиги ҳаёт бошқача бўлади. Уруш-можаролардан ҳоли, тинч-тотув заминда яшаймиз, деб хаёл қилишган — ишонишган эканлар...”. Бобом ҳам бир умр шу ақидага ишониб ўтди...

Қайдам, инсониятнинг юрагида нафс, очкўзлик ва ҳасад каби иллатлар яшаб келар экан, замин урушлардан, можаролардан ҳоли бўлмайди. Албатта, бундай утопиянинг, пок ва виждонан комил инсонлар билан таркиб топган жамиятнинг бўлиши мумкин эмас (Яна ким билсин). Минг йиллар бурунги инсон боласининг томирларида оқаётган қизиқ қирмизи қон бугунги замонамизда ҳам ё Сизнинг, ё Бизнинг томиримизда оқаётир.

Шу кеча-кундузда ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан ноқулай даврда яшаяпмиз. Бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг мураккаб давр. Она сайёрамизда “совуқ уруш” нафаси кезиб юрибди. Ўзларининг “куч-қудрати” тимсоли бўлган ядровий қуролга эга давлатлар ўртасидаги келишмовчилик­лар, зиддиятлар кишини ҳушёрликка чорлайди.  Ушбу совуқ оммавий қирғин қуролларининг номигина юракка ғул­ғула солади.  Айни пайтда ер шарида­ги мавжуд ядровий қуролларнинг қув­вати сайёрада ҳаёт тизимини издан чиқариб юборишга етарли.

Албатта, инсон борган сари ўз ақ­лий қобилиятларининг, кашфиётлари­нинг до­­мига тушиб бораётир. “Дунё хў­жа­йин­ли­ги”га даъвогар давлатлар ўр­та­сидаги турли сиёсий, савдо-иқ­тисодий  зиддиятларнинг оқибати ядро урушига сабаб бўлмайдими? Заминимиз ушбу фалокатлар оқибати учун суғурталанган эмас. Совуқ оммавий қирғин қуроллари аслида “жиловни тутиб туриш учун мавжудлиги” барчага маълум. Иқтисодий қолоқ давлатларнинг шиддат билан ривожланиб бораётгани, гигантларнинг кўпаяётгани билан инсоният ядро урушига тобора яқинлашаётир.

Ушбу қирғин қуроллари АҚШ томонидан илк маротаба японлар устида “синаб кўрилган”лиги бор гап. Айни синов-тажрибанинг асоратлари ҳамон фаол, ҳамон ҳаракатда, ҳамон японлар юрагида...

Бир сиқим тупроқдан яралган инсон боласи ўз ибтидоси бўлмиш заминнинг эртасига бефарқ эмаслигига ишониб қоламиз.  Муҳаққақки, инсон ер курраси­да яккаш ҳукмронлик ўр­натганига аср­лар ошди. Бир замонлар чақмоқ, тў­фон-қасирғалар, тош­қинлар ва олов офатлари олдида “қарам” бўлган одам боласи бир-би­рига меҳ­рибон, орқадош эди. Мавжуд хавф-хатарларга улар ёл­ғизликда эмас, ўзаро бирдамликда бў­либгина қарши туриши мумкинлигини ҳис этганлар. Балки, бугун инсоннинг бирдамлигини таъминлаш учун шундай восита — ­умумий инсоният тақдирига раҳна солувчи “куч-қувват”нинг йўқлиги улар ўртасида ўзаро можароларни келтириб чиқараётгандир. Менимча, бу “куч-қувват” инсониятни узоқ куттир­май­ди. Биргина иқлим ўзгариши, ­сунъий интеллектнинг ривожланиши янги му­ҳитларни вужудга келтиради. Инсо­ният ибтидога қайтиш орқали мавжуд хатарлардан омон қолиши мумкиндир... Балки!..

Ислом ИБОДУЛЛА,

“Инсон ва қонун” мухбири