-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Саробдан сув кутманг (2018 йил 51-52 сон)

08.01.2019

ЎЗГАРАЁТГАН замоннинг шиддатли­ янгиланишлари, тус-тамойиллари, ах­­борот уммони жамоли инсон ҳаёти, он­гу тафаккури, дунёқарашини ўзгар­ти­риб, мисли кўрилмаган тарзда бошқа ўзанга буриб юборди. Бу силси­лот ён-ат­­рофимизда, оилада, фарзанд тарбиясида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Шу боис, кузатилаётган бу жараён фарзанд тарбиясига ғоятда масъулият билан ёндашиш, бунда шахсий ибрат жуда муҳим омил эканлигини кўрсатмоқда.

Бугунги кунда ўзаро оилавий муносабатлардаги айрим муаммолар оила бузилишига, бу эса, ўз навбатида, бола таълим-тарбиясига ўта салбий таъсир кўрсатишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, ажрашиб кетган айрим ота-оналар фарзанд тарбиясида умуман иштирок этмаслиги, ҳатто фарзандининг моддий таъминотини ҳам ихтиёрий амалга оширмаётгани каби ҳолатларни келтириб чиқармоқда.

Буни рақамлар мисолида келтирсак, ўтган 2017 йилда 3 минг 99 нафар фуқародан суднинг ҳал қилув қарори асосида, 38 мингдан зиёд фуқаролардан эса суд буйруғи орқали фарзандлари таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, фар­занд тарбиясига, айни балоғат ёши­­га қадам қўяётган бир пайтда руҳ­шу­нос­лар тили билан айтганда, “ўтиш дав­ри”да жиддий эътибор қаратиш лозим. Айниқса, бундай пайтда фарзанд тар­биясини бировларга ишониб топшириб бўлмайди.

Бугунги кунда жиноят содир этиб, жазо ўтаётган вояга етмаганларнинг аксарияти, аниқроқ айтганда, 70 фоиздан кўпроғи ажрашган ёки бошқа юртга ишлаш учун чиқиб кетган ота-она фарзандлари экани ҳам ушбу фикрларимизни тасдиқлаб турибди.

Шунингдек, ота-онанинг спиртли­ ичим­ликка муккасидан кетганли­ги, оила­да эр-хотин ва фарзандлар ўр­тасида ўзаро иззат-ҳурмат йў­қол­­ган­лиги, қисқа айтганда, оила бош­лиқ­ларининг ўзлари биринчи галда тар­бияга муҳтож эканида ўз аксини топмоқда.

Маълумотларга қараганда, 2017 йилда 1 минг 198 нафар ота ва она ота­лик ҳамда оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган. Қарийб 800 нафар фуқаро, яъни ота ёки онанинг спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги ва бошқа сабаб­ларга кўра, муомала лаёқати чекланган. Мана шундай ташвишли ҳолатлар ҳам, аслида, вояга етмаган ёшлар келажагига жиддий раҳна солаётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Бундан ташқари, вояга етмаган фар­­зандларимизнинг билиб-билмай жиноят йўлига кириб қолишига улар онгига салбий таъсир кўрсатаётган турли ахборот хуружлари, десак ҳам янгилишмаймиз.

Кечки пайт соат еттилар атрофида Нодир (исм-фамилиялар ўзгар­ти­рилган) ўртоғи Жавлон билан мактаб ёнидан ўтиб бораркан, ўнинчи синфда ва коллежда ўқийдиган икки нафар ўртоғи билан ўтирган Равшанга дуч келди. Улар ичиб олган, кайфлари тароқ эди. Нодир ҳам Равшан ҳам бир-бирига еб қўйгудек қаради. Чунки бир неча кун аввал улар орасидан “қора мушук” ўтиб, ғижиллашиб қолган эди. Шунинг учун ҳам яна гап талашиб, бир-бирларини куракда турмайдиган гаплар билан ҳақорат қилишди. Равшан ғазабини тийиб туролмай, ёнидан пичоқни олди. Султон орага тушди. Нодирни ҳовуридан тушириб, олиб кетди.

Равшан ҳақоратга яраша жавоб қай­тарган бўлса-да, ўпкасини босолмасди. “Қасдимни олмай қўймайман”, дея кўнг­лидан ўтказди. Оғайнилари  Зарифжон ва Ботир “уни бурнини иш­қаш керак эди”, дея чўғга мой сепишди.

Орадан 2-3 кун ўтиб, Равшан қўлига пичоғини оларкан Зарифжон ва Ботирни чақирди. Нодирни топиб, тавбасига таянтириш кераклигини айтди.

— Қаердан топамиз уни? — деди Зарифжон шу фурсатни кутиб тургандек.

— Бозорда бўлса керак, — деди Равшан қатъий оҳангда.

Учовлон буюм бозорига кириб борди. Зарифжон ва Ботир ҳам бозордан пичоқ сотиб олишди. Кунбўйи бозорда изғиб юриб, ниҳоят Нодирни топди. Уни­ четроққа чиқишга, гаплашиб олишга ундади. Нодир уларнинг шаштларини кўриб, бироз чўчиди.

— Нима ишларинг бор менда, айтаверинглар шу ерда.

— Йигит бўлсанг юр, қўрқоқ!

Икки ўспирин яна бир-бирини сўкиб, ҳақоратлай бошлади. Улар бу билан кифояланмай, муштлашиб кетишди. Ас­лида Равшан шу вазиятни кутиб тур­ган эди. Пичоғини чиқарди. Нодир дўконга қараб қочди. Зарифжон ва Ботир унга етиб олиб, пичоқ билан ҳамла қилди. Дўкон остонасида турган Дос­тон эса “улар гаплашиб олиши керак”, дея ҳеч кимни ичкарига киритмади. Қуршовда қолган Нодир ўзини ҳимоя қилмоқчи бўлиб стулни қўлига олаётганида Равшан унинг билагини тилиб юборди. Нодирни қўлидан стул тушиб кетди. Шу пайт Равшан ва Зарифжон унинг дуч келган жойига пичоқни кетма-кет санчиб олди. Нодир инграб йиқилди. Қасоскор ўспиринлар воқеа жойидан қочишди.

Ҳайриятки, яхши инсонлар Нодирни кўриб, шифохонага олиб борди. У ўз вақтида кўрсатилган ёрдам туфай­ли омон қолди. Бироқ қарийб бир ой касалхонада даволанди. Қи­лар иш­ни қилиб қўйган Р.Тўхтаев, З.Аҳа­дов ва Б.Ҳасанов ИИБга бориб, қил­миш­ларига иқрор бўлишди.

Бироқ касалхонада ётган Н.Во­ҳи­довдан хабар олиш у ёқда турсин, ҳат­то кечирим сўрашни лозим топишмади. Суд мажлисида ўспиринлар “Ун­га жароҳат етказмоқчи эмасдик, пи­чоқ билан қўрқитиб қўймоқчи эдик, урушни ўзи бошлади”, дея қайта-қайта кўр­сатма беришди.

Бироқ жиноятга жазо муқаррар, албатта. Тенгдошининг ҳаётига тажовуз қилиб, унга оғир тан жароҳати етказган Р.Тўхтаев, З.Аҳадов ва Б.Хасанов, Д.Умировларга суд ҳукми билан тегишли жазо қўлланилди.

Шу ўринда айтиш лозимки, вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик содир этилиши ҳамда уларга содир этган жиноятлари учун жазо қўлланилишини кутмасдан, унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, олдини ­олиш мақсадлироқ эмасмикин? Айниқса, бу каби оғир ва мудҳиш жиноятлар ўз фарзандининг тарбиясига эътиборсизлик билан қараётган ота-оналарнинг ҳамда таълим-тарбия муассасалари, ўзини ўзи бошқариш органлари, профилактика инспекторлари, қолаверса, кенг жамоатчилик­нинг бепарволиги оқи­батида юз бер­маяптимикин? Негаки, фар­зандлари­миз тарбиясига ўз вақтида эътибор бериб, назоратга олмас эканмиз, бағ­римизда опичлаб ўстираётган фар­­зандимизни ким эканлигидан беха­бар бўлиб қолаверамиз. Натижада, таълим-тарбиясиз, мақсадсиз, маънавият­сиз, эътиқодсиз манқуртга айланиб ул­ғайган болалар ҳеч иккиланмай  оиласига, ота-онасига қарата қурол кў­таришдан ҳам тап тортмаслиги мумкин.

Бир сўз билан айтганда, ёшларни тарбиялашда ҳамиша сергак ва ҳушёр бўлиб, бепарволикка берилмасак, фарзандларимиз ёт ғоялар таъсиридан мо­суво бўлиб, ўзининг ёруғ келажагини ­бунёд этишга рағбат сезадилар. Акс ҳолда саробдан сув умид қилгандек бўлиб қолаверамиз.

 

Гулсумхон ШОДИЕВА,

“Инсон ва қонун” мухбири