-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Олий юридик таълим ислоҳотлар самараси (2018 йил 51-52 сон)

08.01.2019

2018 йил 13 апрелда Президентимизнинг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолия­тини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғ­рисида”ги Фармони ҳамда “Ўз­бе­кис­­тон Республикаси Адлия вазир­лиги фа­олиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғ­рисида”ги Қарори қабул қилинган бў­либ, ушбу ҳужжатлар мамлакатимизда юридик таълим тизимини такомиллаштириш бўйича бир қатор устувор вазифаларни белгилаб берди.

Қабул қилинган ҳужжатларда олий юридик таълим тизимида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилиши белгилаб берилган. Хусусан, биринчидан, Тошкент давлат юридик университети магистратурасига 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб тўлов-контракт асосида талабаларни қабул қилиш квотаси 150 нафаргача оширилди ҳамда ўқитиш муддатининг давомийлиги 1 йил қилиб белгиланди. Шу билан бирга, магистратурага кириш имтиҳонларидан тест синовлари чиқариб ташланиб, эндиликда абитуриентлар мутахассислик фанлари ва чет тили фанидан ёзма имтиҳон топшириш белгилаб қўйилди.

Магистратурада таълимнинг соҳа­лараро тизими жорий этилиб, бунда ҳуқуқий фанлар билан бир қаторда бошқа соҳа фанлари ҳам ўқитилиши назарда тутилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 июлдаги 502-сон қарори билан Тошкент давлат юридик университети магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низоми қабул қилинган бўлиб, низом ТДЮУ магистратура босқичига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда хорижий давлат фуқароларини ўқишга қабул қилиш муносабатларини тартибга солади.

Мазкур Низомнинг ўзига хос хусу­­си­я­­­ти шундан иборатки, у ТДЮУ ма­гис­тратурасига ўқишга қабул қилиш жара­ёнининг барча босқичи ва тартибини қамраб олган комплекс ҳужжат ҳисобланади.

Бугунги кунда ТДЮУда 5А240108 – “Давлат бошқаруви ҳуқуқи”, 5А240115 – “Меҳнат ҳуқуқи”, 5А240116 – “Жиноят қонунчилигини қўллаш назарияси ва амалиёти” ҳамда мутлақо янги бўлган 5А240118 – “Ҳуқуқ ва бизнес”, 5А240119 – “Ҳуқуқ ва ахборот технологиялари”, 5А240120 – “Молиявий-ҳуқуқий мониторинг” мутахассисликлари бўйича магистрлар тайёрланмоқда.

Иккинчидан, педагог кадрларни қай­та тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ маркази негизида Тошкент дав­лат юридик университети ҳузу­ри­да­ги Юридик кадрларни халқаро стан­дарт­лар бўйича профессионал ўқитиш маркази тузилди. Унда:

1) олий маълумотга эга бўлган шахс­ларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курслари;

2) юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича қисқа муддатли профессионал ўқитиш курслари;

3) ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида ҳуқуқий фанлардан дарс берувчи педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ­ошириш курслари бўйича ўқув жараёнлари ташкил этилади.

Юқоридагиларга асосан, юридик кадр­ларни халқаро стандартлар бў­йи­ча қисқа муддатли профессионал ўқи­тиш курсларида тингловчилар учун хал­­қаро тижорат фаолияти, халқаро ар­­битраж ва суд низоларини ҳуқуқий таъ­­минлаш соҳасидаги асосий малака ва кўникмаларини, шунингдек, халқаро ху­сусий, тижорат ҳуқуқи, халқаро арбит­ражнинг моддий ва процессуал ҳу­қуқ нормаларини қўллаш, илғор ад­вокатлик техникаси, активларни хал­қаро қидириш ва уларни қайтариш, халқаро тергов қилиш ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш ва бошқа шу каби муайян соҳага оид билим ва кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган машғулотлар ташкил этилади.

Жорий йилнинг 5-24 ноябрь кунлари дунёга таниқли юридик компаниялар (“White and Case”, “Foley Hoag”, “Dentons” ва “Merritz” каби)нинг 12 нафар юқори малакали адвокатлар ва амалиётчи-мутахассислар жалб этилиб, юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича қисқа муддатли профессионал ўқитиш курс машғулотлари ташкил этилди. Курслар тамомлангандан кейин тингловчиларга Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган намунадаги сертификат берилади.

Шу билан бирга, курсни муваф­фа­қиятли тугатган тингловчилар Адлия вазирлиги тавсиясига биноан хорижий юридик компаниялари, халқаро арбит­раж ташкилотлари ва бошқа тегишли ташкилотларда 2-3 ойлик муддатга стажировкага юборилиши белгиланган.

Марказда ташкил этилган курсларнинг яна бири — Олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курслари бўлиб, мазкур курсни муваффақиятли тугатган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахслар давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг юридик хизматларида ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Шунингдек, Олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курсларида ўқиш Тошкент давлат юридик университети томонидан қабул квотаси миқдори 100 нафар (75 нафар ўзбек гуруҳи, 25 нафар рус гуруҳи) ва тўлов-контракт миқдори 7 500 000 сўм қилиб белгиланган.

Мазкур курсларда ўқув жараёнлари 2019 йилнинг январь ойидан бошланиши режалаштирилган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки,­ юридик таълим тизимида етук ва про­­фессионал кадрларни тайёрлаш хал­­қаро таълим стандартига жавоб бе­радиган таълим тизими ва ўқув жараёнига боғлиқдир. Шу жаҳатдан олиб қаралганда таълим тизимидаги ис­ло­ҳотлар ўзининг амалий самарасини бе­ради.

Ойбек САЙИДУМАРОВ,

Нуриддин ҚАЮМОВ,

Адлия вазирлиги масъул ходимлари