-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ҳоким қарори ва пора... қай бири кучли? (2019 йил, 4 сон)

07.02.2019

Ҳаёт чорраҳаларида турфа ҳолатларга гувоҳ бўламиз. Кимларгадир ­баланд-баланд қасрлар насиб этса, кимлардир каталакдек уйга эга бўлишни умр бўйи орзу қилиб ўтаётгани ҳам афсуски ҳақиқат. Уй-жойсиз одам, унга эришиш учун турли товламачиларга, алдовларга дуч келаётганлиги ҳам бугун ҳеч кимга сир эмас. Навоий шаҳридаги “Кимёгар” маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўтказилган жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг очиқ мажлисида ­бошпанага муҳтож ночор аёлнинг сарсон-саргардонлиги ва алданишига сабаб бўлган кимсаларнинг иши кўриб чиқилди.

Назира Алиева (исми-шариф­лар ўзгартирилган) уй-жойга муҳ­тожлиги сабабли Навоий шаҳридаги ­ётоқхоналардан жой ажратилишини сўраб, шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилаётганда, бу масала суд залигача етиб боришини тасаввур ҳам қилмаганди. Навоий шаҳар ҳокимлиги томонидан унинг ётоқхонага муҳтожлиги инобатга олиниб, шаҳардаги 3-сонли уй-жой ётоқхонасидан навбат ­асосида хона ажратилиши тўғрисида шаҳар ҳокимининг қарори чиқарилган. Қарор ва бошқа зарур ҳужжатлар ўша вақтнинг ўзидаёқ 3-сонли уй-жой ётоқхонасининг мудирасига олиб бориб берилган ва у 79-навбатга қўйилган бўлса-да, аммо орадан икки йил вақт ўтса ҳамки, унга ҳеч қандай хона ажратилмади.

У кутавериб сабри тугагач, ўтган йилнинг январь ойида нима сабабдан ётоқхона ажратиш бунча вақт чўзилганини билиш мақсадида Навоий шаҳар уй-жойдан ва ётоқхоналардан фойдаланиш бошқармасига боргач, қабулга келган нотаниш фуқародан бу ердаги баъзи “ўйин”лар тўғрисида хабар топди. Аввалги навбатлар йўқолгани, қайтадан навбатга туриш зарурлиги, “ишни ҳал қиладиган” таниш-билиш топмаса бўлмаслиги ҳақидаги оғзаки эслатмалар унинг умидларини пучга чиқарди.

Қишнинг аёзли кунларида ­ётоқхонага муҳтож аёл таниш-билишлари орқали бўш ётоқхона излашга тушади. Навоий шаҳри, Навоий кўчаси, 49 а-уйда жойлашган 7-сонли ётоқхонага нажот излаб бош суқади, ёрдам сўрайди. У ерда унга ётоқхона фарроши Замира Солиева дуч келиб, танишлари орқали ётоқхоналардан бўш жой излашни ваъда қилади. Ва орадан 3-4 кун ўтгач, З.Солиеванинг телефонидан Н.Алиевага қўнғироқ бўлади. Ўзини З.Солиеванинг синглисиман, деб таништирган аёл Анора Олимова эканлигини кейинчалик билган Назира ­“опа-сингил” фирибгарлар тузоғига илинганлигини билмайди. Бир ҳафтада ётоқхона масаласи ҳал бўлиши учун 7 миллион сўм бериши кераклигини эшитган Н.Алиева ҳозирча йиғиб қўйган 6 миллион сўмни бера олиши ва қолган бир миллион сўмини эса пластик карточкадан ташлаб беришини айтади.

Ётоқхона ажратиш билан шуғулланадиган танишларининг соясида юрган Навоий шаҳрида жойлашган ётоқхоналардан хона расмийлаштириб бериш масаласида бирор-бир ваколатга эга бўлмаса-да, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мол-мулкини қўлга киритишни ўйлаган икки аёл бири ётоқхонада фаррош, бири эса вахта навбатчиси бўлиб ишлаш жараёнида Назира каби содда ­одамларнинг ишончига кириб, пора эвазига ётоқхонадан жой ­олиб беришни ваъда қилиши жиноят эканлигини била туриб, бу йўлдан қайтмади.

Назира Алиевани тузоққа илин­тирган устаси фаранглар ишга жиддий киришиб, ундан қўлида қандай ҳужжатлари борлигини сўраб, Навоий шаҳар ҳокимининг қарорини кўриб, “мана бу қарор бизга жуда керакли ҳужжат”, дея қувониб кетишади. Чунки шаҳар ҳокимининг қарори бир неча йил аввал чиққани ва хона олишга ҳеч қандай муаммо йўқлиги уларга асқотиши аниқ эди. Улар ­ётоқхона “савдосини пишириб”, пул билан айтган манзилда учрашишга келишиб тарқалишади.

Аммо уларнинг гап-сўзлари Н.Алиевани ўйлантириб қўяди. Пешона тери билан ҳалол топган пулларини шу фирибгарларга бериб, бир ҳафтада иссиққина ётоқхонага эга бўлиб яшагандан кўра, уларнинг сирини фош қилишни афзал кўради. Уларнинг ҳаракатлари ноқонуний эканлиги ҳақида Навоий вилоят ички ишлар бош­қармасига ариза билан мурожаат қилади.

Айтилган жойга келишилган маблағ билан келган Н.Алиева жамиятдаги бир иллатнинг олдини олишга ҳисса қўшганидан мамнун эди. Бир муҳтож аёлни тузоққа тушираман, деб ўйлаб чучварани хом санаган фаррош аёл ва шериги эса тузоққа тушганидан, жинояти фош бўлганидан, суднинг қора курсисига ўтирганидан пушаймон. Жиноятга яраша жазо тайинланди.

 

Суннат БОЛТАЕВ,

жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьяси,

Маруса ҲОСИЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири