-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Халқ билан мулоқот аёл тақдирида учраётган кўнгилсизликларни ўрганишга ундамоқда (2019 йил, 4 сон)

08.02.2019

ЗАМОНЛАР оша барча даврларда оилаларни қўллаб-қувватлаш, никоҳ муносабатларини тартибга солишга алоҳида аҳамият қаратилган. Хўш, бугун оилаларда аёллар ўрни, ҳуқуқ ва манфаат­лари, мақоми қай даражада кафолатланган?

Халқ билан мулоқот қилиш орқали бугун кўплаб кўринмай ётган муаммолар ­юзага қалқиб чиқди. Жумладан, оилада, аёл тақдирида учраётган кўнгилсизлик­лар, сарсонгарчиликлар, йўқсилликларни ўрганишга ундади. Уйида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ожиз, турмуш ўртоғи билан ажрашиши туфайли кўчада қолган, боқувчисини йуқотгач ёлғиз ўзи болаларини тарбиялашга қийналаётган, ногиронлиги ёки аксинча ишсизлиги оқибатида ўзгалар кўмагига муҳтожлик сезаётган, эрининг масъулиятсизлиги боис рўзғор тебратиш ғамида чет эллардан иш излаб абгор бўлаётган аёллар дарду ташвишларини ҳис қилишни англатди. Улар қай биримизнинг бурч ва масъулиятсизлигимиз, эътиборсизлигимиз туфайли, кўп ҳолларда оғир турмуш шароитида яшаб, руҳий изтироб чекиб келаётганини кўрсатди. Аввало, улар ҳам ҳар биримизнинг онамиз, ёримиз, опа-синглимиз, яқинларимиз, фарзандлари эса эртанги ворисларимиз эканлигини эслатди.

 

Аёллар нима учун жиноят содир этади?

Бу бўйича умумий статистика бўлмаса-да, ҳозирги вақтда 48 мингдан зиёд хотин-қизлар ҳаётда қийналганлар сифатида рўйхатга олинган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож экан. Албатта, уларни уй-жой билан таъминлаш, иш билан банд қилиш, ижтимоий кўмак кўрсатишга доир чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ хотин-қизларни қийнаётган масалалар сабаблари ўрганилмас экан, муаммолар ­ечими ҳал этилмай қолаверади. Жумладан, оилаларда арзимас сабаблар билан ажрашиш ҳолатлари давом этаркан, фарзанди билан ёлғиз қолиб кетаётган аёллар муаммоси яна қайтадан такрорланаверади. Негаки, ажрашгандан кейин эркак киши бошқасига уйланади, турмушида янги ҳаёт бошлайди. Аёл-чи, аксар ҳолларда уйсиз, пулсиз, ишсиз, ҳимоясиз боласи билан ота уйига қайтади. Тўғри, уни ортга қайтаришга, оиласини тиклашга кўп бора ҳаракат қилинади. Аммо аёл оилада камситилиши, унга нисбатан куч ишлатилиши, ҳуқуқлари поймол этилиши охир-оқибат ­ажралишга сабаб бўлади.

Ўрганишлар шуни кўрсатадики, кейин­ги пайтларда айрим оилаларда ёш хотин-қизларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари айнан ана шундай носоғлом муҳит натижасида эканлиги аниқланган. Хусусан, эр-хотин, қайнона-келин, ­ота-она ва фарзандлар ўртасидаги ўзаро келишмовчилик сабабли ўз жонига қасд қилиш, одам ўлдириш, оғир тан жароҳати етказиш каби жиноятлар кузатилган. Ҳаттоки, баъзи оилаларда учраётган ­уруш-жанжаллар туфайли фожиали ҳолатлар ҳам юз берган. Масалан, аёллар орасида 2018 йилда 113 нафар жиноят ва 780 нафар ҳуқуқбузарлик содир этган хотин-қизлар кафиллик асосида жазодан озод этилган.

 

“Фарзандларим тақдирини ­ўйлаб юрагим оғрийди”

Ҳалима опанинг турмуши бузилгач, уч нафар фарзандини боқиб катта қилиш ­унинг зиммасига тушди. Эри бошқа аёлга уйланиб, болаларидан хабар ҳам олмай қўйди. Ўша пайтлари Ҳалима фарзандларимнинг отасиз кўнгли ўксимасин, дея сув келса симириб, ўт келса кемириб бир амаллаб рўзғор тебратди. Вақт елдирим деганларидек, болалари бирин-кетин ­ўсиб-улғайди. Тўнғич фарзандини уйлантиргач, кўп ўтмай қизини сўраб совчилар эшик қоқишди. Қизим ҳали ёш, эндигина 18 ёшга кирди, дейишига қарамай, қўшни маҳалладан келган совчи минг ваъдани бериб, остонада туриб олди. Ҳалима бўлғуси қудасининг оиласини маҳалла-кўйдан суриштирди, иймон-эътиқодга берилган оила, қизингни хор қилмас, деган маслаҳатни олди.

Майли менинг рўзғорим бузилди, на фарзандларим на ўзим эримдан ҳурмат кўрмадик, хўрлик топдик. Энди фарзандларим бахтли бўлсин, деган яхши ниятда совчиларга розилик берди.

— Куёв тўйдан бир ой ўтгач, чет элга ишлаш учун кетди. Қудалар эса ёш келинни ўраб-чирмаб уйдан кўчага чиқармай қўйди, — дейди Ҳалима опа пешонасига муштлаб. Бир йил ўтгач, қайнонаси қўлига гўдагини тутиб уйидан ҳайдаб чиқарди. Маҳалла-кўй аралашуви билан уларни яраштириб қўйишди. Лекин орадан ярим йил ҳам ўтмай қизим яна қўлига бирини етаклаб, иккинчисини кўксида кўтарганича қайтиб келди. “Биз келин олишда ­адашибмиз, отасиз ўсган, тенгимиз эмассизлар, ўғлимни тагли-тугли оиладан уйлантираман”, дея қайнонаси тирноқлаб йиққан сепи-сарпоимни остонамга отиб кетди. Қизим эндигина йигирма бир ёшга кирган. Ўз ҳуқуқларини талаб қилишга ожиз, эри ва қайнонасининг калтаклари, зўравонлигидан қўрқиб қолган. Ачинарлиси, соғлиғи ҳам яхши эмас, унга парвариш зарур. Ўртада икки нафар фарзанди бор. Энди болалар тақдири нима бўлади? Онаси каби улар ҳам етимликда улғаядими? Уч хонали уйда ўғлимнинг оиласи, қизим болалари билан кичик ўғлим биргаликда яшаймиз. Кенжа фарзандим ҳам бўй етиб қолган. Оила қурган фарзандларимни уй-жойга муҳтожлик қийнайди. Турмуш ташвишларидан эзилган, камситишлардан кўнгли ўксиган фарзандларим тақдирини ўйлаб юрагим оғрийди.

Бугун ҳар бир оила, жумладан, аёл, ­онанинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг ҳимоясиз кўчада қолишига йўл қўймаслик, бахтли ҳаёт кечириши юзасидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Чунки аёл бахти, бу — миллат ва халқ бахтининг тўкислиги шартидир.

 

Гулсум ШОДИЕВА,

“Инсон ва қонун” мухбири