-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тошкент давлат юридик университетида Ихтисослаштирилган филиал ташкил этилди (2019 йил, 6 сон)

21.02.2019

ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ жорий йил 7 февралдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори юзасидан таҳририятимизга кўплаб фуқароларимиз турли саволлар билан мурожаат қилишмоқда.

 

Ихтисослаштирилган Филиал ҳақида маълумот беринг

— Президент Қарорига кўра, янги ташкил этилган Тошкент давлат юридик университети Ихтисослаштирилган филиалнинг ўзига хос жиҳатлари нимада?

Нормуҳаммад ТОШЕВ,

Тошкент вилояти

— Мазкур Қарор билан ташкил этилаётган Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлайди ва қайта тайёрлайди. Филиал битирувчилари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида махсус касбий тайёргарликни ўтамасдан, “лейтенант” махсус унвонига эга бўлиб, ички ишлар органларига хизматга қабул қилинади. Филиалда ўқишни тамомлаган шахслар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида камида 5 йил ишлаб бериш мажбуриятини оладилар.


 

Таълим қандай олиб борилади?

— Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалига ўқишга қабул қилиш тартиби ва таълим шакл­лари ҳақида маълумот берсангиз.

Зайниддин САБИРОВ,

Ўқувчи

— Ихтисослаштирилган филиалда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш” соҳа мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш кундузги таълим шакли бакалавриатнинг махсус уч йиллик дастури бўйича белгиланган намунадаги диплом берилган ҳолда амалга оширилади. “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш” мутахассислиги бўйича олий ноюридик маълумотга эга бўлган кадрларни қайта тайёрлаш кундузги таълим шаклида махсус олти ойлик дастур бўйича белгиланган намунадаги дип­лом берилган ҳолда амалга оширилади. Бакалавриатга қабул квотаси йилига 255 кишини, кадрларни қайта тайёрлаш дастури бўйича эса — ҳар олти ойда 50 кишини ташкил этади. Бакалавриат дастури бўйича Филиалга қабул танлов асосида амалга оширилади. Қайта тайёрлаш дастури бўйича ўқишга Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ва Миллий гвардия қўмондони тавсиялари асосида олий ноюридик маълумотга эга бўлган ходимлар ва ҳарбий хизматчилар эгаллаб турган лавозими ва пул таъминоти сақлаб қолинган ҳолда қабул қилинади.


 

Ноюридик кадрларни қайта тайёрлаш қандай бўлади?

— Президентимизнинг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида ноюридик маълумотга эга бўлган кадрларни қайта тайёрлаш ҳақида ҳам гап боради. Бу таълим жараёни қандай кечади?

Мансур ОРИФБОЕВ,

 маҳалла посбони

— Филиалда таълим олиш жараёнида талабаларнинг психологик тайёргарлиги, аҳоли ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш ва ўзаро ҳамкорлик кўникмаларини такомиллаштиришга урғу берилади. Ўқув жараёни модуль тизимига асосланади. Шунингдек, бўлажак таълим олувчиларнинг янги даргоҳда замонавий билим олиш баробарида базавий ва амалий касбий тайёргарликка эга бўлишларига алоҳида эътибор қаратилади.

 

Саволларга ТДЮУ декани

Отабек БОБОЖОНОВ жавоб берди.