-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Энг иқтидорлилар ­президент мактабларида ўқийди

28.02.2019

ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаси шаклидаги Президент мактаблари ташкил этилади.

Қарорга кўра қуйидагилар Президент мактабларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

• иқтидорли болаларни аниқ­лаш, танлаш ва ўқитиш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, ўқувчиларнинг интеллектуал, илмий ва ижодий салоҳиятини очиб бериш;

• табиий ва аниқ фанларни чуқур ўрганиш, хорижий тиллар, муҳандислик ва ахборот технологияларини ўзлаштиришни ташкил қилиш, ўқувчиларнинг инновацион ғоялари ва ишланмаларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

• ўқувчиларни ўқитиш ва улар билимини баҳолашнинг замонавий услубларини, шунингдек, таълим дастурларининг интеграциялашувига асосланган ўқитишнинг фанлараро ёндашувини жорий қилиш ва кейинчалик ижобий тажрибани республика халқ таълими тизимига татбиқ этиш;

• ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларда етакчилик кўникмалари ва нотиқлик санъатини ривожлантириш, танқидий фикрлаш, ахборотни излаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, олинган билимларни амалиётда қўллаш малакасини ошириш;

• ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича халқаро олимпиадалар, танловлар ва мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлаш;

• ўқувчиларда ватанпарварлик ва Ватанга муҳаббат туйғусини, бағрикенглик, қонунлар, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан муносабатни, ҳаётга қатъий ишонч ва қарашларни шакллантириш;

• ўқув дастурларининг узлуксизлигини таъминлаш масалаларида худди шу йўналишдаги миллий ва хорижий умумий ўрта ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, битирувчиларнинг илғор хорижий олий ўқув юртларида ва уларнинг республикамиздаги филиалларида ўқишини давом эттириш.

Президент мактабларини таш­кил қилишдан асосий мақсад мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида иқтидорли ёшларни ­аниқлаш, шу йўсинда мамлакатимиз учун энг керакли кадрларни тайёрлашдир.

Президент мактабларига қабул 4-синф битирувчилари орасидан мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбат орқали танлаб олинади.

Президент мактабларига ҳар йили 24 нафар ўқувчи қабул қилинади ва иккита синфга тенг тақсимланади. Биринчи ўқув йилида эса 5-10 синфларга 144 нафардан ўқувчи қабул қилинади. Мактабларда ўқувчиларни танлаш ва таълим сифатини таъминлаш учун хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликда иш олиб борилади. Мактабларга малакали хорижлик ҳамда маҳаллий педагоглар жалб этилади.

Президент мактаблари STEAM (Science (фан), Technology (технология), Engineering (муҳандислик), Art (санъат) ва Mathematics (математика) фанларини ўқитишга ихтисослашган бўлади. Яъни, Президент мактабларида ёшларга математика, физика, ­кимё, биология ва ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим методологиялари асосида чуқур ўргатилади. Мактабларда таълим инглиз тилида олиб борилади.

Мактаб битирувчиларига белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган маълумот тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома, аттестат) билан бир қаторда, хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасаларига кириш имконини берадиган халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Place­ment ёки International Advanced Levels) берилади.

Президент ташаббусига кўра биринчи мактаб Қорақалпоғис­тоннинг Нукус шаҳрида Хивада ва Тошкентда барпо этилиши кўзда тутилмоқда. Бундай мактаблар босқичма-босқич мамлакатнинг барча ҳудудларида очилади.