-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Аёлини эъзозлаган юртнинг обрўси баланд бўлади (2019 йил, 9 сон)

12.03.2019
ЎТГАН ҳафта интернет сайтларида Ўзбекистоннинг гендер тенглик бўйича халқаро рейтингда паст баҳо олгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хусусан, Daryo.uz ахборот сайти ўзининг телеграмдаги каналида қуйидаги маълумотни эълон қилди: 
“Жаҳон банки 187 мамлакатда аёллар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ўрганиб чиқиб, “Аёллар, бизнес ва қонун” тадқиқотини (https://openknowledge.worldbank.org/bitstream/handle/10986/31327/WBL2019...) эълон қилди. “Газета.уз”нинг ёзишича, (https://www.gazeta.uz/ru/2019/03/01/gender-equality/), тадқиқотни тайёрлашда экспертлар мамлакатларнинг сўнгги ўн йилликдаги қонунчилик базаларига баҳо берган.
Вазиятни баҳолашда ҳаракатланиш эркинлиги, ишга жойлашиш, меҳнатга ҳақ тўлаш, никоҳ ва фарзандларнинг борлиги, хусусий бизнесни юритиш, мулкларни бошқариш ва пенсия таъминоти каби жиҳатлар ҳисобга олинган.
Ўзбекистон рейтингда гендер тенглиги даражаси бўйича 100 баллик тизимда 70,6 балл олиб, МДҲнинг барча мамлакатларидан ортда қолган”...
Ушбу ҳолат мамлакатимизда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича ҳали кўп ишлар қилиниши лозимлигини кўрсатади. 
Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида бу борада кўплаб муҳим ва ижобий ўзгаришлар қилиниши кўзда тутилган. Хусусан:
1. Аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинади.
Ҳозирги кунда амалда бўлиб турган айрим қонун ҳужжатларида аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи чекланиш ҳолатини кўриш мумкин. 
Жумладан, 2000 йил 5 январда Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган Аёллар меҳнати тўлиқ ёки қисман қўлланилиши тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхати билан жами 400 га яқин касбларда аёлларнинг ишлаши тақиқланган. 
Масалан, мазкур ҳужжатга кўра, аёлларнинг йўловчилар сони 14 та дан кўп сиғимли автобусларнинг ҳайдовчиси бўлиб ишлаши тақиқланади. Ваҳоланки, ҳозирги кунда ушбу русумдаги транспорт воситасини бошқариш учун жуда катта жисмоний куч талаб қилинмайди. Шу сабабли мазкур рўйхат қарорга асосан қайта кўриб чиқилади. Аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати эса тавсиявий характерда бўлади. 
2. Фарзанд тарбиясида оталарнинг масъулияти оширилади.
Қонунчиликка асосан бола парваришлаш таътилини (декрет таътили) нафақат она, балки ота томонидан ҳам олиниши мумкин. 
Бунда Президент Қарорига асосан мазкур таътилнинг уч ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига қўшимча бир бола парваришлаш таътили берилиши назарда тутилаяпти. Ушбу бир ой учун ҳам нафақа тўланади.
Шунингдек, икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар ҳам берилиши лозим. 
Бу танаффуслар камида ҳар уч соатда бир марта ҳар бири ўттиз дақиқадан кам бўлмаган муддат билан берилади. Аёлнинг хоҳишига кўра, болани овқатлантириш ­учун бериладиган танаффуслар дам ­олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилиши ёки умумлаштирилиб, иш кунининг бошига ёки охирига кўчирилиб, иш куни шунга яраша қисқартирилиши мумкин эди.
 Янги тартибга кўра, мазкур ҳуқуқ икки ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи она билан бир қаторда ­оталарга ҳам берилаяпти, шунинг­дек, мазкур танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш мумкин. Яъни, умумлашган танаффусни фақатгина иш куни боши ёки охирида эмас, балки ўзига қулай бўлган вақтда олиши мумкин.
3. Пенсия ёшига етган аёлларнинг ишлашда давом этиши рағбатлантирилади.
Меҳнат кодексига асосан ходимда пенсия олиш ҳуқуқининг пайдо бўлиши, у билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига ­асосан бекор қилиш учун асос бўлиб ҳисобланади.
Яъни, умумий қоидага кўра, ­аёллар 54 ёшга тўлгандан кейин 20 йиллик иш стажига эга бўлса, иш берувчи уни меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида камида икки ой олдин огоҳлантириб, ушбу муддат тугагандан кейин эса уни ишдан бўшатиши мумкин. 
Президент Қарори билан эса ­аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланди.
Яъни, янги тартибга асосан аёллар ўз хоҳишига кўра 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугагунга қадар ишлашлари мумкин.
4. Судларда адвокат хизмати ­учун харажатлар давлат томонидан қоплаб берилади.
Юқоридаги Қарорга кўра, эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қоп­ланиши белгилаб қўйилди.
Мазкур ўзгартиришлар 2019 йил 1 майдан амалга киритилади.
5. Хотин-қизлар тадбиркорлик фаолияти учун янги имкониятлар ­очиб берилади. 
Қарор билан нодавлат нотижорат ташкилоти мақомига эга бўлган “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари” ташкил этилиши белгиланди.
Ушбу марказлар хотин-қизларнинг тадбиркорлик, ҳунармандчилик фаолиятини, хусусан, оилавий тадбиркорлик фаолиятни ривожлантиришга кўмаклашади. Шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланишни истаган хотин-қизлар туман (шаҳар) ҳокими ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан шакллантирилган рўйхат асосида махсус ўқитиш дастури бўйича ўқитилади.
Аёллар тадбиркорлигини нафақат ҳуқуқий ва услубий, балки молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор берилади. Хотин-қизлар қўмитаси томонидан шакллантирилган рўйхат бў­йича ­аёлларга имтиёзли кредитлар (3 йилдан кўп бўлмаган муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан йиллик 8 фоиз ставкада) берилади. 
Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан тижорат банкларига ҳар йили ажратиладиган 100 миллиард сўм ресурс маблағларининг камида 50 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қиладиган хотин-қизларнинг бизнесини ривожлантиришга йўналтирилади.
6. Гендер тенглиги масаласига эътибор кучайтирилади. 
Хотин-қизларнинг гендер камситилишга йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси кўмагидаги Хотин-қизларнинг гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссия тузилди. 
Маълумки, ўтган йили Президентимизнинг “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ­ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори имзоланган эди. Унда оилавий-маиший зўравонликка жазо муқаррарлиги таъминланиши, ваколатли органларга оилавий зўравонлик ҳақида келиб тушган ҳар қандай мурожаатлар синчиклаб ўрганилиши ва айбдорларга, албатта, жазо берилиши ­алоҳида таъкидлаб ўтилган эди.
Энди “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонлик­лардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар ишлаб чиқилиши белгилаб қўйилди. Булар аёллар учун ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг шаъни, қадр-қиммати ва турмуш хавфсизлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган изчил сиёсатнинг давоми сифатида қабул қилиниши лозим бўлган чора-тадбирлардир.
Мақсад, аввало, аёлларимизнинг турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, оилада, хусусан, фарзанд тарбиясида эркаклар ролини ошириш, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро имиджига муҳим таъсир кўрсатувчи гендер тенглик масаласида илғор ижобий ўзгаришларни амалга оширишдан иборатдир. Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида қабул қилинган ушбу муҳим ҳужжат ­юртимиз аёллари учун мамлакатимиз раҳбари томонидан ажойиб байрам совғаси бўлганини эса алоҳида таъкидлаш лозим.
 
Фурқат ТОЖИЕВ,
Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари,
Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА, 
Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси