-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Журналистлар учун медиа тур

12.03.2019

“Ўзстандарт” агентлигининг ҳудудий маркази ҳисобланган “Олмалиқ синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонасида медиа тур бўлиб ўтди. Марказ Тошкент вилоятининг Олмалиқ, Оҳангарон, Ангрен ва Нурафшон шаҳарлари, Пискент, Оҳангарон ва Ўрта Чирчиқ туманлари аҳолиси ҳамда тадбиркорларига стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш бўйича хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. Бугунги кунда марказда маҳсулотларни сертификатлаштириш идораси, аккредитланган синов комплекси, ўлчаш воситалари устидан давлат метрологик назорат бўлими, менежмент тизимларини сертификатлаштириш идораси каби бўлимлар фаолият юритмоқда.  

Марказнинг барча бўлимлари Ўзбекистон Миллий аккредитация тизимида аккредитациядан ўтказилган. Марказда малакали мутахассислар, шу жумладан 6 нафар сифат бўйича эксперт-аудиторлар, 4 нафар эксперт-аудиторликка номзодлар ҳамда ўз мутахассисликлари бўйича сертификатланган ходимлар фаолият юритиб келмоқда. Шунингдек, марказ мутахассислари жадвал бўйича СМСИТИ, “Ўзстандарт” агентлиги томонидан ташкил этилган семинарлар ва тренингларда доимий равишда иштирок этишади.

2018 йил 27 мартда машинасозлик, электротехника, қурилиш ва озиқ-овқат маҳсулотларини синаш бўйича аккредитация доираси кенгайтирилди. Натижада синов комплексида 20 дан ортиқ синов усуллари (5 дан ортиқ халқаро синов усуллари) ўзлаштирилди. Синов комплекси моддий техник базасини бойитиш, маънан эскирган ускуналарни янгилаш ва аккредитация доирасини кенгайтириш мақсадида 2018 йил апрел ойида намуна танлаш асбоблари тўплами (сочилувчан маҳсулотлар ва сут маҳсулотларидан намуна олиш учун), тухумни синаш учун овоскоп ускунаси, синовга намуна тайёрлаш учун лаборатория тегирмони, лабораторияни иссиқ сув билан таъминлаш мақсадида сув иситгич ускуналари харид қилинди.

Марказ ўз ҳисобидан тиббиёт ускуналарини қиёслаш ишларини ташкил этиш ва қамраб олиш мақсадида, 36 миллион сўмга “СООL WATER INVEST” МЧЖ билан намунавий “HELLМА” туридаги светофильтр ўлчаш воситаси ҳарид қилинди. Марказ қошида газ, электр ва сув ҳисоблагичларни қиёслаш шахобчалари ташкил этилди. Ҳозирги кунда шахобчалар Ангрен ва Нурафшон шаҳарларида ўз иш фаолиятини юритиб, жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатиб келмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз-ки, авваллари ҳафталаб ўлчов ускуналарини кутган тадбиркорлар эндиликда 2-3 кунга қолмасдан мосламалар учун тегишли тартибда сертификатларига эга бўлишмоқда.

Бугунги кунда корхона “Ангрен шакар” қўшма корхонаси билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Хомашёларни сифати ва уларнинг яроқлилик даражасини текширилиб сертификатлаштирилмоқда. Завод йилига 300 минг тонна тайёр маҳсулот етказиб бераяпти, қувонарлиси, четдан мамлакатимизга олиб келинишига ҳожат йўқ.

Медиа тур мобайнида “Ўзбекнефтгаз” томонидан Жанубий Корея компанияси билан биргаликда 2018 йилда суюлтирилган газ учун мўлжалланган композит баллонларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган “UNG ECONN” қўшма корхонаси иш жараёни билан таништирилди. ECONN 20 балонларни қўллаш кўлами анча кенг газ плиталари, газ гарелкалари, газ иситгичлари ва бошқалар.  Композит балонлар 50 литр ҳажмга эга бўлиб, металл баллондан 60 фоиз енгилроқ, экологик тоза маҳсулотдир. Мазкур шиша-полимер балонларга хавфсизлик қопқоғини ўрнатиш зарурияти йўқ, чунки улар ўн баробар чидамлилик даражасига эга. Ноёб дизайни эвазига портлашдан ҳимояланган ва майда бўлакчаларга майдаланмайди.               

Латофат ЮСУБОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири