-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ўзбекистонда нима учун давлат активларини бошқариш агентлиги ташкил этилди? (2019 йил, 9 сон)

12.03.2019

Давлат активлари нима? Бу ҳақда биз нималарни биламиз? 

ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ 2019 йил 19 февралдаги “Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Айтиш жоизки, айни дамда мамлакатимизда иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш, фонд бозорини ривожлантириш ва соғлом рақобат муҳитини яратиш, фаол инвестиция сиёсатини олиб боришда муҳим қадамлар қўйилаяпти. Шу пайтгача ушбу соҳада бир давлат органи доирасида давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашиш ҳамда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш функцияларининг жамланиши оқибатида бир қатор муаммолар тўпланиб қолган ва давлат активларини бошқариш соҳасида, капитал бозорида ҳамда монополияга қарши курашиш органи фаолиятида аниқ, алоҳида йўналишни белгилаш имкони йўқ эди. Шу сабабли бундан бир оз аввал январь ойида “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинган эди. Хўш, бундан кейин қандай ўзгаришлар бўлди? Ушбу Фармондан кўзланган мақсад нима эди? Давлат мулки объектларини тадбиркорларга бериш ёки сотиш тартиби ҳозирги кунда қандай ҳолатда?

Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги бошқарма бошлиғи ўз мулоҳазаларини билдирди...

Зоҳид БОБОБЕКОВ,

Давлат активларини бошқариш ­агентлиги, Давлат корхоналари ва улушлари ҳисобини юритиш бошқармаси бошлиғи:

— Илгари Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан Давлат мулк қўмитаси функцияларининг ўзаро кесишмайдиган ҳолатлари жуда кўп эди. Давлат мулкини сотишда тўғридан-тўғри музокара ўтказиб бериш имконияти мавжуд бўлган ҳолатларда монополияга қарши курашиш органи эса рақобат муҳитини яратиш, ­объектни оммавий равишда сотиш тарафдори бўларди. Бу иккита йўналишнинг битта органда бўлиши ўз-ўзидан тўғри келмайдиган ҳолат эди. Шу нуқ­таи назардан Давлат активларини бошқариш, Монополияга қарши курашиш ва Капитал бозорини ривожлантириш бў­йича учта қўмита ташкил қилиш заруратга айланди. Президентимизнинг мазкур Фармони қабул қилинишидан кўзланган мақсад ҳам бу уч орган фаолиятини ­аниқ белгилаб олиш ва шу орқали мамлакатда соғлом рақобат муҳитини яратиш, давлат мулки объектларини сотиш тартибини соддалаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, бўш ётган объектлардан тадбиркорларни жалб этган ҳолда имкон қадар тўғри ва самарали фойдаланиш бўлди. Масалан, ўзим ишлаётган бошқарма фаолиятидан келиб чиқадиган бўлсам шу вақтгача бизда давлат активларини ҳисобга олиш масаласи тўғри йўлга қўйилмаган эди. Эндиликда, давлат активларини ҳисобга олиш ва хусусий мулкка бериш масалалари ҳам Фармон билан очиқ-ойдин белгилаб берилди.

Дастлаб эксперимент тариқасида Президентимиз топшириғи билан Тошкент вилоятида ўтган 2018 йилнинг март ойида давлат мулки объектларини элект­рон, яъни E-IJRO AUKSION орқали сотиш механизми жорий этилди. Шундан сўнг бу механизм анча самарали эканлиги исботланди. Бу давлат мулки объект­ларининг ошкора олиниши, ҳеч қанақа инсон омиллари иштирок этмаслиги, коррупцион ҳолатларга барҳам берадиган йўл эди. Яъни, хоҳлаган шахс хоҳ уйда бўлсин, хоҳ ишда интернет тармоғи орқали электрон савдоларда бевосита объект билан танишиши, савдони кузатиши, унда иштирок этиши ва керак бўлса, электрон савдо орқали ўша объектни сотиб олиши мумкин бўлади. Бунда савдолар мутлақо адолатли бўлади, ҳеч қандай инсон омили иштирок этмайди ва коррупцион ҳолат вужудга келишининг имкони ҳам йўқ. 2018 йил 11 октябрда Президентимизнинг яна бир Фармони билан давлат мулки обеъектларини сотиш тартиби янада соддалаштирилди. Олдинги тартиб бўйича объектлар баҳоланиб, кейин савдога чиқарилган бўлса, Фармондан кейин энди 1 сўм қийматда бошланғич нархда савдога қўйила бош­ланди. Бу амалиёт 4 ой давомида ўз мевасини берди. Масалан, 500 га яқин ­объект савдога чиқарилди, 327 та объект 1 сўм қийматда савдога қўйилган бўлса, буларнинг барчаси ўз эгасини топди. Мазкур объектлар электрон савдолар орқали 12 миллиард сўм қийматда сотилди ва 212 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 3694 та иш ўрни яратиш шарти билан тадбикорларга берилди. Бу ҳам бўлса қисқа муддатда ошкора равишда электрон савдолар ташкил этилгани учун бугун ўз натижасини бераяпти.

2019 йилнинг 19 февралида Президентимизнинг “Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Бу ҳужжатда назарда тутилган тартиблар бутун респуб­лика бўйича татбиқ қилинади. Фармонга мувофиқ энди республикамиз бўйлаб давлат мулки объектлари — акциядан ташқари ҳар қандай улуш, кўчмас мулк объектлари фақат E-IJRO AUKSION орқали сотилади. 2019 йил 1 июлдан эътиборан давлат мулкини ижарага бериш механизми ҳам соддалашади. Бутун рес­публика бўйлаб 1 июлдан бошлаб давлат мулки объект­лари E-IJRO AUKSION орқали тадбиркорларга ижарага олиш учун таклиф қилинади. Электрон савдолар ҳақида ­оммавий ахборот воситаларида эълонлар берилади ва мунтазам ёритилади. Ушбу Фармонда яна бир жиҳатга эътибор қаратиш керак. Олдин Бош прокуратуранинг Мажбурий ижро бюроси қошида бўлган Электрон-онлайн-аукционларни ташкил қилиш маркази Давлат активларини бошқариш ­агентлиги тасарруфига ўтказилди. Бундан буёғига Давлат активларини бошқариш агентлиги тегишли манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда электрон савдолар орқали давлат мулки объектларини сотиш, тадбиркорларга енгиллик­лар яратиш масаласида янада кўпроқ тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради. Мажбурий ижро бюроси ўз-ўзидан суднинг қарори билан мусодара қилинган мулкларни ундириш ва қарздорлар билан ҳисоб-китоб қилиш ишлари, яъни суд қарори ижросини таъминлаш билан шуғулланади, лекин ­аукцион орқали давлат мулкини сотиш бу бошқа масала. Биз мазкур Фармон қабул қилинишидан олдин жаҳон тажрибасини ҳам ўргандик. Украина, Беларусь, Россия, Қозоғистон мамлакатларида ҳам ­электрон аукцион савдо майдончалари прокуратура ҳузурида эмас, бевосита давлат мулкини бошқариш ваколатига ­эга бўлган орган ҳузурида ташкил этилган.

 

“Инсон ва қонун” мухбири

Мадҳия АВАЗОВА ёзиб олди.