-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тадбиркорлик янада қўллаб-қувватланади

12.03.2019

“Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғриси”даги Президент Қарори қабул қилинди. Бугунги кунда аҳолининг меҳнат орқали даромад топишга бўлган қизиқишини кескин ошириш, айниқса, муҳтож оилаларнинг ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолиятини, шунингдек, ҳудудларда фойдаланилмаётган биноларда ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни, аҳоли томорқалари ва бўш экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорларга янада кенгроқ имконият ва имтиёзлар яратиш талаб этилмоқда. Шундан келиб чиқиб, 2019 йилда “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури асосида аҳоли бандлиги ва даромадлари ­ошишига кўмаклашиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида тажриба тариқасида Наманган вилояти Бандлик бош бош­қармасида 14 та штат бирлигидан иборат тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг ўзини ўзи банд қилишини рағбатлантириш бўлими ташкил этилиши белгиланди. Ушбу бўлим “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида аҳолининг даромад олиш борасидаги лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, агротехника ва ветеринария хизматлари кўрсатиш, ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини, шу жумладан, унинг муҳтож қатламларини тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилишнинг самарали шаклларига ўргатиш, кластер тизими орқали даромадли меҳнат фаолиятига жалб этиш, лойиҳаларнинг узлуксиз ва муваффақиятли амалга оширилишига амалий ёрдам бериш билан шуғулланади.

Қарорга мувофиқ “Ҳар бир — оила тадбиркор” дастури доирасида:

— назарда тутилган лойиҳалар ва тадбирларни молиялаштириш Ўзбекис­тон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда халқаро молия инс­титутлари кредит линиялари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

— имтиёзли кредитлар аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига йиллик 8 фоиз ставкада 3-6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.

“Ҳар бир — оила тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз” ва бошқа шу каби мақсадли дастурлар асосида аҳолига имтиёзли кредитлар эндиликда Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари хулосаси асосида ажратилади. Белгиланишча, бунда дастлаб шартнома асосида лойиҳа эгаси (кредит олувчи)га маҳсулотлар (масалан, қорамол) етказиб берилади, лойиҳа эгаси (кредит олувчи) етказиб берилган маҳсулотдан қаноатланиш ҳосил қилгандан сўнг тегишли маб­лағлар банк томонидан маҳсулот етказиб берувчининг ҳисобрақамига ўтказиб берилади.