-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ бекор қилинадими? (2019 йил, 9 сон)

13.03.2019

ПАЙҒАМБАРИМИЗ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Ҳадиси шарифларида кимлар ўртасида никоҳ жоиз бўлмаслигини баён этганлар: “Ҳеч бир аёл ўз аммаси, холаси, ака-укаларининг қизлари, опа-сингилларининг қизлари устига никоҳланмасин. Агар никоҳлансалар, қариндошлар ўртасидаги силаи раҳмни (қариндошлик риштасини), узган бўладилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Яна “Яқин қариндош бўлган аёлга уйланмангиз, чунки бола заиф, дардман бўлади”, дея хатарли дардлардан биз умматларини огоҳ этганлар.

Ривоят қилишларича, буюк бобокалонимиз Амир Темур ҳам келин танлашда қизнинг етти пуштини суриштирар экан. Бунда, албатта, Сароймулкхоним Соҳибқирон ­Амир Темур наслининг давомчилари ҳақида қайғурганини эътиборга олиш лозим.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси бўлиб ўтди. Куни кеча 9 мартда ушбу муҳокамалар якунлади. Лойиҳа муҳокамаси жараёнида бу ҳужжат қанчалик биз учун муҳим, аслида бизга керакми, деган ёндашувларга ҳар ким турлича фикрларни илгари сурган. Айримлар буни тўлиқ қўллаб-қувватлайман деса, бошқалари бу муаммони Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳал қилсин, деган таклифни билдирган. Қарши тараф эса ногирон фарзандларнинг дунёга келишига фақат яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг алоқаси йўқ, ҳамма гап тиббий кўрикда. Агар улар кўрикдан холис тарзда ўтишса, бундай муаммо юзага келмайди, деган таклифни ҳам беришган.

МДҲ мамлакатларининг орасида Тожикистон Республикасида 2016 йил 1 июлдан яқин қариндошлар ўртасида тузиладиган никоҳни қатъий ман қилишга доир қонун кучга кирган. Бунга сабаб 2015 йилда мамлакатда 30 минг нафар ногирон бола рўйхатга олинган, уларнинг аксарияти яқин қариндошлар ўртасида тузилган никоҳ асосида дунёга келган. Ҳатто, АҚШнинг Юта штатида ҳам қариндошлар ўртасидаги никоҳ келин-куёвнинг ёши 55 ёшдан юқори, фарзанд кўриш имконияти бўлмаса, рухсат этилади. Бу қонуннинг қабул қилинишига қариндошлар ўртасидаги никоҳдан ногирон болалар туғилишининг олдини олиш ва иқтисодий омиллар сабаб бўлган.

Муҳокама жараёни давом этмоқда. Биз эса айрим юртдошларимиз фикри билан қизиқдик:

Дилором ХОДИЕВА,

Уй бекаси:

— Мен холамга келин бўлганман. Турмуш ўртоғим билан аҳил яшаяпмиз. Авваллари қариндош-уруғ турмуш қурса ногирон фарзанд туғилади, деб эшитар эдим. Худога шукр, уч нафар фарзандим соғлом дунёга келди. Аммо катта қизимни узатгач, олдин эшитган фикрларим ўз тасдиғини топиб, набирам ногирон туғилди. Мен юқоридаги диний ва тиббий манбаларда берилган қариндошлар ўртасидаги никоҳ нотўғри эканлигини ўз ҳаётий тажрибамда кўрдим. Ҳозир қизимнинг турмуши бузилиб, уйга қайтиб келди. Ачинарлиси, холам билан юзкўрмас бўлиб ўтирибман.

Дурдона РАҲМОНОВА,

Уй бекаси:

— Мен амакимнинг ўғлига турмушга чиққанман. Худога шукр оилам тинч, фарзандларим соғлом, янги келин бўлиб тушган кунимдан менга бу ерда бегонадай қарашмади. Чунки доим келиб турган жо­йим эди. Аммо биринчи фарзандим туғилгунича қайнонам жуда хавотир олдилар. Икки нафар фарзандим бор. Қариндошларимиз орасида кўпчилик опа-ука, ака-сингил қуда-анда бўлишган. Лекин оилавий шифокорлар “Нега яқин қариндошга турмушга чиққансан”, деган савол билан кўп мурожаат қилишади. Бундай ҳолат наслингизга таъсир кўрсатиши мумкин, деган фикрни билдиришади. Мен бу ҳақда ҳар сафар ­эшитганимда кўнглимда хавотир ва ҳадик уйғонади.

Мавжуда ДАЛИМОВА,

Олмазор тумани, 21-оилавий шифохона гинекологи:

— Афсуски, ўзаро яқин қариндош эр-хотин соғлом бўлиши мумкин, аммо уларнинг наслида ирсий касалликлар учраш хавфи юқори бўлади. Чунки гўдакка геннинг ярми онадан, ярми эса отадан ўтади. Дунё олимларининг кузатувлари шуни кўрсатаяптики, бугунги кунда ирсий муаммоларнинг 80 фоизи қариндошларнинг ўзаро никоҳи ва экологик муаммолар сабаб бўлмоқда. Шунингдек, яқин қариндошлар орасидаги никоҳ наслий ва туғма касалликлар хавфини кўпайтириши мумкин бўлган энг асосий ­омиллардан бири бўлиб, яқин қариндош-­уруғларнинг оила қуриши туғма нуқсонли болаларнинг туғилишига, ҳомилани бевақт нобуд бўлишига ёки ўлик туғилишига олиб келади.

Баъзилар “фалончи ҳам қариндош-ку, мана фарзандлари соппа-соғ туғилган”, деган фикр билан қариндош-уруғлар никоҳига қаршилик қилмайди. Аммо кўп ҳолларда ирсий касалликлар фақат туғилган пайтдагина намоён бўлавермайди. Улар турли ёшда кузатилиши мумкин. Масалан, 35 ёш ва ундан кейин ҳам юзага чиқади. Бундай касалликлар кейинчалик невараларда, ­яъни яқин қариндошлик никоҳи асоратлари бир авлодда кузатилмаса, кейинги авлодда, албатта, кузатилади. Шунинг учун тиббиётда ҳам яқин қариндошлар никоҳи тавсия этилмайди. Шу сабабли фарзандларнинг соғ-саломат дунёга келиши ва баркамол вояга етиши учун бундай никоҳларнинг олдини олиш лозим.

Дилором ТЎХТАХЎЖАЕВА,

“Ҳуснобод” маҳалла фуқаролар ­йиғини раиси:

— Аксарият одамлар “Қўйнимдан тўкилса, қўнжимга”, “Ўнг қўлимдан берганимни чап қўлим билмасин”, “Уй-жойим бегонага қолмасин” қабилида опа-сингиллар қуда-анда бўлишади. Охир-оқибат, эр-хотин ўртасидаги низо сабаб опа-сингил, ака-ука ўртасидаги қариндошлик ришталари узилиб, юзкўрмаслик даражасига ҳам бориб етади. Кўп ҳолларда ўзимиз кузатганмиз фарзандлари ногирон туғилади ёки фарзанд кўрмасдан ажрашиб кетаётганлари ҳам талайгина. Бунинг олдини олиш учун “Қариндошга қиз берманг”, “Соғлом насл  соғлом келажак” мавзуларида ота-оналар ва ёшлар ўртасида мунтазам тарғибот тадбирлари уюштириб борамиз. Албатта, бугунги кун фуқаролари бунга жиддий ёндашиб, оила мустаҳкамлигига аҳамият бериш­моқда.

 

Мадина ҲАМДАМОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири