-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Дарз (2019 йил, 13 сон)

05.04.2019

Тўкис бахтинг тўкилмасин

ДАВЛАТ статистика қўмитасининг маълумотига кўра, ўтган 2018 йилда Ўзбекистонда 311,4 мингта янги оила тузилгани ҳолда, ФҲДЁ органлари томонидан 32,3 мингта никоҳдан ажралиш ҳолатлари қайд этилган. Мос равишда 1000 аҳолига нисбатан никоҳдан ажралиш коэ­ффициенти 1,0 промилленни ташкил этган. 2017 йилда ажралишлар сонинг юқори суръатлари Андижон (31,1 фоиз), Тошкент 19,4 фоиз), Сурхондарё (5,6 фоиз) ва Тошкент (2,8 фоиз) вилоятларига тўғри келган.

Хўш, оилалар нега ажрашишади? Бунинг асл сабаби нимада? Фуқаролар никоҳ, оила муқаддаслиги, ажрашиш ва бош­қа оилавий муносабатларга нега енгил қарашаяпти? Эр-хотин ажрашмаслиги, бахтли яшаши учун нима қилиш керак?

 

Оила таназзули

Дунё миқёсида оила ва никоҳ муаммо­ларига қаратилган илк тадқиқотлар Ғарбда 1889 йилдан бошланган эди. Ўтган вақт мобайнида маълум бўлдики, ҳар бир оила кичик бир қўрғон, ўзаро муносабатлар макони бўлиб, унинг ўзига хос хусусиятлари, таназзул ва ривожланиш анъаналари мавжуд экан. Олинган илмий натижаларнинг аҳамиятидан келиб чиқиб, орадан 100 йилдан ошиқ вақт ўтган бўлса-да, оила масаласи ­яна долзарб тус олди. Негаки, тараққиётнинг кейинги пайтларида, айниқса, айрим Ғарб давлатларида кўплаб оилалар чуқур таназзулни бошдан кечирди. Шу боис оила масаласи сўнгги йилларда жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборида тургани бежиз эмас. Чунки оила барча даврларда давлат ва жамиятнинг ғамхўрлигига муҳтож бўлган. Ўзбекистонда ҳам оилалар равнақида нохушликлар кузатилганидан кўз юма олмаймиз. Бу тубсиз дилхираликларнинг олдини ­олиш ҳамда ­оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш соҳасида аниқ мақсадли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, оилавий ажримларнинг олдини олиш мақсадида Оила кодексига судга ёки ФҲДЁ органларига ажрашиш учун ­ариза берган шахслар тўғрисида маҳалла фуқаролар йиғинларини хабардор қилиш бўйича алоҳида норма киритилди.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби белгиланди.

Бундан ташқари, Олий суд билан Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида меморандум имзоланиб, ажрашишга ариза берганлар билан дастлаб Хотин-қизлар қўмитасида суҳбат ўтказиш ва ажрим ­юзасидан хулосасини олиш йўлга қўйил­ди. Кенг жамоатчилик вакиллари ўзаро ҳамкорликда олиб борган ишлар туфайли 2018 йилда ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларнинг 26 мингга яқини яраштирилди. Энг муҳими, бунинг натижасида 36 минг 500 нафарга яқин болалар ота ва она меҳридан жудо бўлишдан сақлаб қолинди.

Шундай бўлса-да, олиб борилган ­ишлар, хусусан, оилавий ажралишлар бўйича таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2014-2017 йиллар давомида бундай ҳолатлар сони ҳар йили ўртача 3-4 фоиз ортиб борган, биргина 2018 йилнинг 11 ойи давомида 2017 йилнинг шу давридагига нисбатан 43 тага ошган. Натижада ­эса 2018 йилнинг ўзида 22 минг нафардан ортиқ вояга етмаган болалар ота ёки она меҳридан маҳрум бўлган.

Шу ўринда айтиш лозимки, оилавий муаммолар туфайли келиб чиқадиган жиноятларни кескин камайтириш мақсадида 10 минг 14 та нотинч оила билан профилактика ишлари олиб борилган ва 71 фоиз шундай оиланинг нотинчлиги бартараф этилган. Хотин-қизлар, маҳалла, профилактика инспекторларининг ҳамкорликда олиб борган ишлари ва кўрилган чоралар натижасида, хусусан, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик 2018 йилда 34 фоизга камайган.

Оталар сўзи қадрсизланганда...

Оилаларда можаро кўпаяди

Яқинда Ўзбекистон Республикаси ­Олий суди ташаббуси билан илк марта журналистлар билан видеоконференция кўринишидаги мулоқот ўтказилди. Видео­конференцияда Олий суд раиси ва барча вилоят судьялари иштирок ­этишди. Унда Олий суд раиси К.Комилов кўплаб мавзуларда фикр юритиб, жумладан, фуқаролик судларида кўрилаётган аксарият ишлар оилавий масалалар билан боғлиқ эканлигини таъкидлади.

— Фуқаролик судида 3-4 йил ишлаган судья яхши кадр бўлиб етишади. Бу ерда жуда оғир масалалар кўрилади, — дейди Олий суд раиси К.Комилов. — Хусусан, оилавий низоларни ўрганиш жуда қи­йин. Тасаввур қилинг, энг яқин инсонлар бир-биридан норози, сиз уларнинг муаммосини ҳал қилишингиз керак. Ахир кўз олдингизда оилалар ажралиб кетиши, болаларнинг аросатда қолиши жуда ­ёмон-ку?

Шу ўринда айтиш лозимки, ажралиш тўғрисидаги ишларни имкон қадар судгача олиб чиқмасликка ҳаракат қилиш керак. Бизда расмий бўлмаса ҳам яраштириш институти шаклланган. Ажрашиш тўғрисидаги ишларни имкон қадар судгача ҳал қилиш керак. Шу ўринда маҳаллалар фаолиятидан бироз хафаман. Улар оилаларни яраштириш борасида жиддий иш олиб бориши лозим. Оила масаласига енгил қараб бўлмайди.

Биз 2018 йилда 26 минг оилани яраштиришга эришдик. Бу натижани кўпайтиришимиз керак. Яқинда водийда бўлдик, у ерда шунчаки шаръий никоҳ асосида яшаётганлар кўп экан. Хотин қайнонага ёқмайди-да, кейин... Нима, у буюмми тез-тез алмаштирадиган? Менга қолса, эр-хотин ўртасида никоҳ шартномаси тузилиши шарт.

Шунингдек, фуқаролик судларида ­алимент ва мерос масалалари бўйича ҳам жуда кўп аризалар тушган. Лекин оилалардаги можароларнинг судгача чиқиши жуда хунук ҳолат эмасми? Шу маънода айтганда, оилада оталар сўзининг қадри камайгани турли муаммоларни келтириб чиқармоқда. Масалан, бир ­оила вакиллари мерос талашишини қандай изоҳлаш мумкин? Назаримда, кейинчалик муаммо туғилмаслиги учун оила бош­лари вақтида барча нарсани тақсимлаб беришлари керак.

давоми кейинги сонда...

 

Гулсум ШОДИЕВА,

“Инсон ва қонун” мухбири