-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тарих гувоҳ бўлган буюк салтанат (2019 йил, 14 сон)

09.04.2019

БУЮК салтанат соҳиби Амир Темур барпо этган қудратли давлат ҳар томонлама тараққий этди. Мўғуллар истибдоди даврида топталган юрт қайтадан ўзлигини намоён қилди. Дунё, хусусан, Европа давлатлари билан турли соҳаларда алоқалар ривожланди. Ўша даврлардан Амир Темур ва у барпо этган қудратли давлатга қизиқиш тобора ортиб борди. Бу эса тарихий манбаларда ўз аксини топганлиги билан аҳамиятлидир.

Машҳур сайёҳ ва элчи Руи Гонсалес де Клавихонинг “Кундалик”лари Темур ва темурийлар даври тарихидан хабар берувчи муҳим асарлардан бири ҳисоб­ланади.

Тарихий манбаларда келтирилган маълумотларга қараганда, XIV асрнинг 80-90-йилларида Темур давлатининг шон-шуҳрати Оврўпо мамлакатларигача бориб етди. Англия, Франция, Испания, Генуя ва Византия сингари давлатларнинг ҳукмдорлари Амир Темур билан сиёсий ва иқтисодий муносабатлар ўрнатишга интилиб, улуғ жаҳонгир ҳузурига мунтазам равишда ўз элчиларини юбориб турдилар. Масалан, Кастилия қироли Генрих III нинг элчиси дон Пелагия де Сатоматир ва дон Фердинанд де Паласуелос 1402 йили Темур Қорабоғда турганда унинг ҳузурига келишган ва ўша йилнинг 20 июлида Амир Темур билан Боязид I Йилдирим (1389-1402) қўшинлари ўртасида бўлган энг катта қирғинбарот урушни ўз кўзлари билан кўришган эди. Жангдан кейин уюштирилган катта қабул маросимида булардан бошқа яна бирталай мамлакатнинг элчилари ҳам қатнашдилар. Хуллас, ўша йиллари Темур билан Оврўпо давлатлари ўртасидаги савдо ва сиёсий муносабатлар қандай бўлганлигини жуда кўп расмий ҳужжатлардан ҳам билиб ­олиш мумкин.

Самарқанд ва у ерда Амир Темур қурдирган бинолардан баъзилари ҳақида Клавихо қуйидагиларни ёзади:

Самарқанднинг бойлиги ҳақида. “бу юрт дон-дун, май, мева-чева, парранда гўшти, (бошқа) ҳар хил гўшт, қўйингки, ҳамма нарсага бойдир... бир жуфт семиз қўйнинг нархи 1 дукат” (Дукат — Испанияда ўша вақтда амалда бўлган ­олтин пул).

Катта хиёбон ва савдо расталари ҳақида. “Самарқанд шаҳрида ҳар йили Хитой, Ҳиндистон, Татаристон ва бошқа мамлакатлардан, шунингдек, бениҳоят бой Самарқанд салтанатининг ўзидан келтирилган моллар сотилади. Шаҳарга келтирилган молларни бир сафда тартиб билан жойлаштириб сотадиган кенг жой (шу пайтгача) йўқ эди. Подшоҳ икки тарафида қатор дўконлар жойлаштирилган савдо растасидан иборат кўча ўтказишни буюрди. Мазкур кўча шаҳарнинг бир чеккасидан чиқиши лозим эди. Подшоҳ бу ишни икки мирзосига топшириб, улар кечаю кундуз (тинмай) меҳнат қилдилар. Йўлга тушган уйлар кимники бўлишидан қатъи назар, бетўхтов бузилди... Кўчанинг икки тарафига дўконлар қурилди, ҳар бир дўкон олдида мармар билан қоп­ланган юксак курсилар ўрнатилган. Ҳар бир дўкон иккита хонадан иборат эди. Кўчанинг тепаси гумбаз шаклида ёпилган бўлиб, ёруғлик тушиб турадиган туйнукчалар қўйилган”.

“Тузукот”да ҳам Амир Темур ва темурийлар даврини ўрганиш учун зарур маълумот ва хабарлар мавжуд. Унда Чиғатой улуси (Олтой, Eттисув, Шарқий Туркистон, Мовароуннаҳр ва Шимолий Афғонистон ерлари)нинг 1342-1405 йиллардаги тарихи, давлат ва қўшиннинг тузилиши, Амир Темур давлатининг қўшни мамлакатлар билан олиб борган сиёсий муносабатлари тарихи ўз ифодасини топган.

“Тузукоти Темурий” икки қисмдан таркиб топган. Биринчи қисмда Амир Темурнинг давлатни барпо этиш ва мустаҳкамлаш, қўшинларни ташкил этиш юзасидан тузуклари, режаларидан иборат бўлиб, ҳатто қўшиннинг жанговар тартиби жадваллар воситасида ифодаланган. Иккинчи қисмда 13 кенгаш ва унинг бўлимларида Амир Темурнинг ҳокимият тепасига келиши ва ҳарбий юришлари тафсилотлари берилади.

Асарда айтилишича, Амир Темур қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштирганларни рағбатлантирган. Бундай ишга қўл урганларга Амир Темур ҳукумати катта имтиёзлар берган. Бу ҳақда “Тузукот”да қуйидагиларни ўқиймиз: “Биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили эса қонун-қоидага мувофиқ хирож йиғилсин”. “Ўлик” ерларни ҳосилдор ерларга айлантириш шарт-шароитлари ҳақидаги кўрсатмалар ҳам диққатга сазовордир: “Хароб бўлиб ётган ерлар эгасиз бўлса, холиса (давлат ерларини бошқарувчи маҳкама) тарафидан обод қилинсин. Агар эгаси бўлса-ю, обод қилишга қурби етмаса, унга турли асбоблар ва керакли нарсалар берсинлар, токи ўз ерини обод қилиб олсин. Яна амр қилдимки, хароб бўлиб ётган ерларда коризлар қурсинлар, бузилган кўприк­ларни тузатсинлар, ариқлар ва дарёлар устига кўприклар солсинлар, йўл устида, ҳар бир манзилгоҳга работлар қурсинлар”.

Амир Темур замонида солиқлар муайян тартибда белгиланган эди. Энг муҳими, ердан олинадиган хирож миқдори ҳам, чорвадан олинадиган солиқ миқдори ҳам белгиланган эди. Муҳосиллар (солиқ йиғувчилар)нинг фаолияти устидан назорат ўрнатилган. “Амр қилдимки, дейилади “Тузукот”да, раиятдан мол-хирож йиғишда оғир аҳволга тушириб қўйишдан ёки мамлакатни қашшоқ қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлиш зарур, чунки раиятни хонавайрон қилиш давлат хазинасининг камбағаллашувига олиб келади. Хазинанинг ғариб бўлиб қолиши эса, сипоҳнинг тарқалиб кетишига сабаб бўлади. Сипоҳнинг тарқоқлиги, ўз навбатида, салтанатнинг заифлашувига олиб боради”.

Амир Темурда муҳим ажойиб хислат — қўл остидагиларнинг гуноҳини кечира олиш қобилияти ҳам бўлган. Амир Темур эслайди: “Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтариб, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам илтижо билан тавба-тазарру қилиб келгач, ҳурматлаб, ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим”.

Амир Темур очкўз, зиқна, ёвуз ва нафс бандаларини ёқтирмас эди, айниқса, ўзининг кечаги валинеъматини унутганларга нисбатан шафқатсиз эди. “Қайси бир сипоҳий туз ҳаққи ва вафодорликни унутиб, хизмат вақтида ўз соҳибидан юз ўгириб, менинг олдимга келган бўлса, ундай одамни ўзимга энг ёмон душман деб билдим.

Шуни айтиш керакки, буюк соҳибқирон Амир Темур жамиятдаги барча табақаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини эътиборга олган мардлар ва номардларга нисбатан алоҳида тартиб асосида иш юритган.

Дарҳақиқат, Амир Темур барпо этган буюк салтанат дунё халқлари тақдирида, уларнинг ўзаро ҳамжиҳатлик асосида юксалишида муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Амир Темурнинг тарихий хизмати ҳам ана шундадир.

Ҳаким АЗИМОВ,

Тарих фанлари номзоди, доцент