-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Маърифатга хиёнат ёхуд уволдан қўрқмаслик (2019 йил, 14 сон)

10.04.2019

ЎТГАН ҳафтанинг “Инсон ва қонун” ҳуқуқий газетаси чиқадиган куни йўлим тушиб “Сирдарё ҳақиқати” таҳририяти биносига кирдим. Иккинчи қаватга кўтарилганда “Матбуот тарқатувчи” МЧЖ шу ерда фаолият кўрсатаётгани ёдимга тушиб, йўлакнинг охиригача бордим. Бу ерда 2-3 нафар йигитлар ҳар хил журналларни йўлак адоғига тахлаётган экан. Бир-биридан чиройли, кўзни қамаштирувчи республика журналлари: “Маънавий ҳаёт”, “Тил ва адабиёт”, “Илк қадам”, “Мактаб ва ҳаёт”, “Мактабгача таълим методикаси”, “Молиячи”, “Одил судлов”. — Нега бу журналларни каридорга тахлаяпсизлар? — деб сўрадим йигитлардан.

— Булар макулатура ака, ҳозир машинага ортамиз, олиб кетади, — деди йигитлардан бири бепарво.

— А?! Макулатура! Шу-я! Ҳазиллашма ­укам!

“Маънавий ҳаёт” журналини қўлимга олиб кўра бошлаган пайтда қаршимда бир йигитча пайдо бўлди.

— Олаверинг, Шуҳрат ака, олаверинг. Мен сиз билан телефонда гаплашиб турадиган, матбуот тарқатувчи МЧЖнинг иш юритувчиси Камолиддинман.

Ҳақиқатан ҳам мен бу йигит билан бир неча марта телефон орқали гаплашган, ўзини эса энди кўришим эди. Туман адлия бўлимларига газеталар етиб бормаётганлиги сабабли у билан бир неча марта телефонда суҳбатлашган эдик.

— Ҳа, Камол ишчиларингиз мана бу журналларни макулатура деяпти, қаердан олдингиз шунча макулатурани, — деб сўрадим.

— Бу журналларни 300 метр нарида макулатура қабул қилиш шохобчаси бор, ўша ердан олдим. Хоҳласангиз юринг кўрсатаман.

— Кўрсатинг! — дедим нигоҳимни унга жиддий қадаб. — Энди нима қиласиз, бу “макулатура”ни?

— Мен буларни арзон нархда олдим. Энди Тошкентда қиммат оладиган жойига олиб бориб сотаман.

Иш юритувчи мени макулатура қабул қиладиган шохобчага олиб бориб, чўпчакларига ­ишонтиролмади. Биз яна “Матбуот тарқатувчи” МЧЖга қайтдик. Журнал тахламларини энди синчиклаб кўра бошладим. Юқорида санаб ўтилган журналлар бир неча юзлаб донани ташкил қилади. 70-80 фоизининг босмахона боғлами ва тахлами бузилмаган, ҳатто. — “Маънавий ҳаёт” журнали қанча туради? ­­ ­— сўрайман Камолиддиндан.

— Ўтган йили бир донаси 35000 сўм эди шекилли. Бир килограмм макулатура 1500 сўмдан олинаяпти экан.

— Кўзингиз қандай қияди шундай гўзал журналнинг 5-6 тасини 1500 сўмга сотишга — асаб­ларим бузилиб, ҳурпая бошладим. Битта отаравани синдирадиган шунча журнални макулатурага сотиб юбориш учун менимча ёки ўта саводсиз, ёки телба бўлиш керак! Бу орада Республика “Маҳалла” газетасининг вилоят мухбири Тошпўлат Хайитбоев келиб қолди: — О, Шуҳратжон укам қандайсиз, яхшимисиз, нима қилаяпсизлар, бу ерда?

— Макулатура сотаяпмиз, мана!

— Йўғ-ей, ахир, булар боғлами ҳам ечилмаган янги журналлар-ку!

— Тошпўлат ака бу шоввозлар 2018 йилнинг 7-8 хил турдаги бир-биридан гўзал журналларини ўз обуначиларига йил бўйи тарқатмай, йиғиб энди макулатурага топширмоқчи бўлиб туришган экан.

Тошпўлат ака қошларини чимирди:

— Бу нарсага чидаб бўлмайди. Мана энди ­одамларнинг “газета ва журналларингизга обуна бўламиз, лекин барибир бизга етиб келмайди”, деган ҳақли эътирозига жавоб топгандайман.

Юқорида бўлиб ўтган воқеаларни қоғозга туширар эканман, матбуот тарқатиш соҳасида маънавият ва маърифатнинг фарқига борадиган, фидойи ҳалол инсонлар ишлаши керак эканлиги кўнглимдан ўтди. Биз журналистлар 2019 йил обуна мавсумини жуда қийинчилик­лар билан ташкиллаштирганимизни кўпчилик яхши билади. Газета ва журналларимизни халқимизга зиё улашайлик, деб нашр этсагу, матбуот тарқатувчи МЧЖларда фаолият олиб бораётган Камолиддин Хошимовга ўхшаган “бизнесмен”лар бу ёқда макулатура бизнесини гуллатиб юрган бўлсалар. Биз матбуотимизга бўлаётган хиёнатнинг бу кўринишига сўнгги сўз айта оладиган масъуллардан жавоб кутиб қоламиз.

 

Шуҳрат СУЯРОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири