-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

55 йиллик муаммо Уни ечадиган пайт келмадими? (2019 йил, 14 сон)

10.04.2019

ТАҲРИРИЯТИМИЗГА фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти суд ҳукми ва қарори кучга кириб, ижроси таъминлангандан кейин ёки бир неча ўн йиллаб “қудуқ туби”га ташлаб қўйилган ижтимоий масалалардан иборат. Бу эса мурожаат юзасидан журналистик текширув ўтказиш жараёнида кўп йиллар олдинги ҳолатларга ойдинлик киритиш ва адолат қарор топишида бир мунча қийинчиликлар туғдиради.

Тошкент вилояти, Бекобод туманида яшовчи фуқаро Ҳусниддин Ғайбуллаев жорий йилнинг март ойида таҳририятга оз эмас, кўп ­эмас, нақд ярим асрдан ортиқроқ уй-жой билан боғлиқ муаммосини ҳал ­этишда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Унинг қисқача мазмуни қуйидагича: “Мен ота-онамдан қолган Бекобод туман ­Улуғбек фермерлар ­уюшмаси, “Теракзор” МФЙ, Теракзор кўчаси, 59-уйда туғилганимдан буён, яъни 1967 йилдан оилам билан яшаб келмоқдаман.

Отам Жамолиддин Ғайбуллаев деярли бутун умр ўқитувчи бўлиб ­ишлаганлар. 1964 йилда ­отам ­ўша вақтдаги давлат ҳокимияти томонидан ажратилган ерга уй-жой қурганлар. ­Отам вафотидан (1995 йил) кейин мен ­ака-укаларим розилигини олиб, турмуш ўртоғим ва 4 нафар фарзандларим билан ­яшаб келмоқдаман. Мен 2017 йилнинг августидан буён туман ҳокимиятига 55 йил яшаб келаётган уйимизга ­эгалик ҳуқуқини сўраб, бир неча бор мурожаат қилдим. Лекин турли важлар билан эгалик ҳуқуқини беришмаяпти...”

Тегишли қонун ҳужжатларига ­асосан, мазкур мурожаат юзасидан журналистик суриштирув давомида баъзи бир ҳолатлар ойдинлашиш баробарида кишини ажаблантиради.

Хусусан, 2018 йилда Ҳ.Ғайбуллаев уй-жойига Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги 5421-Фармонига асосан эгалик ҳуқуқини беришни сўраб Бекобод туман Давлат хизматлари марказига мурожаат қилади. Унинг мурожаати туман комиссияси томонидан эгалик ҳуқуқи берилиши мумкин эмаслиги ҳақида далолатнома тузилиб, рад этилади. Бунга Бекобод туман қурилиш бўлими архитектори М.Абдуллаевнинг 2018 йил 26 декабрдаги 461/775-сонли хулосаси асос бўлиб хизмат қилади. Биз унинг айрим жузъий ҳатоларини тузатган холда, аслича келтирамиз.

 

Хулоса

Бекобод тумани қурилиш бўлими Сизга шуни маълум қиладики, Бекобод тумани “Теракзор” маҳалла фуқаролар йиғини “Теракзор” ҳудудида фуқаро Ғайбуллаев Ҳусниддин Жалолиддинович томонидан қурилган 0,12 га ер майдонида жойлашган 75,80 кв.метр уй-жойи туман қурилиш бўлими томонидан жойига чиқиб ўрганилганда, мактаб ҳудудида жойлашганлигини инобатга ­олиб мувофиқ эмас.

Бекобод туман Қурилиш

Бўлими архитектори (имзо) М. Абдуллаев

Бу матндан ким нима тушуна олди билмадигу, ҳар ҳолда биз “мувофиқ эмас”, деган жумладан мулк ҳуқуқи берилиши мумкин ­эмас, деган маънони аранг пайқадик. Ва М.Абдуллаев бу хулосага келишдан олдин бутун бошли бир оиланинг тақдири билан боғлиқ ҳолатга ўта масъулиятсизлик ва эътиборсизлик билан ёндашганига чин дилдан ­ачиндик.

Сабаби, эгалик ҳуқуқи сўралаётган уй-жой бу хулосада айтилаётганидек, Ҳусниддин Ғайбуллаев томонидан эмас, унинг отаси Жалолиддин Ғайбуллаев томонидан қурилган. Бу ҳақда Ҳ.Ғайбуллаевнинг мурожаати ва бошқа ҳужжатларда кўрсатиб ўтилган. Яна бир томондан, агар туман архитектори мазкур хулосада назарда тутилаётган мактабнинг юридик ҳужжатлари билан яқиндан танишиб чиққанда эди, Ғайбуллаевлар уй-жойи 10-мактаб ҳудудида жойлашмаганлигини дарров англаб етган бўларди. Зеро, буни Тошкент вилояти “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” давлат корхонаси Бекобод шаҳар филиали тураржой мутахассиси И.В. Петрованинг Тошкент вилояти прокуратурасига берган қуйидаги хулосаси ҳам тасдиқлаб турибди. Гап шундаки, Ирина Викторовна Ҳусниддин Ғайбуллаевнинг рес­публика бош Прокуратурасига мазкур муаммо бўйича қилган мурожаатини ўрганиб чиқиш жараёнига вилоят прокуратураси томонидан етук мутахассис сифатида жалб қилинган.

Унинг хулосасига эътибор қаратинг:

“...Ҳ.Ғайбуллаевнинг шаҳар Давлат хизмати марказига қилган мурожаати туман архитектура ва қурилиш бўлимининг асосланмаган рад жавоби билан қайтарилган. Ўрганиш давомида мурожаат этувчининг уйи билан чегарадош мактабнинг кадастр ҳужжатлари кўриб чиқилди. Ушбу мактабнинг фақат техник ҳужжатлари мавжуд бўлиб, мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилмаган, ер ажратиш ва мактабга бириктирилган ер майдони ҳақида ҳам ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмас.

Ҳ.Ғайбуллаев яшаб келаётган Бекобод тумани, Теракзор МФЙ Теракзор кўчасидаги уй-жойдаги қурилишлар ва эгалланган ер майдони чегардош бўлган ­10-умумтаълим мактаби ерига кириб кетгани ёхуд ушбу ҳудуднинг ерини ўзлаштириб олингани ҳақида (мактаб биносига қанча ер ажратиб берилгани ҳақидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмагани сабабли) маълумотлар аниқланмади”.

Шунингдек, Тошкент вилояти “Ермулккадастр” ДК Бекобод туман филиали раҳбари Б.Турсуновнинг расмий маълумотномасида ҳам 10-сонли мактабнинг фақат кадастр ҳужжатлари борлиги, юридик ҳужжатлари мавжуд эмаслиги ва давлат рўйхатидан ўтмаганлиги қайд этилган. Биз бу масалага янада ­аниқлик киритиш мақсадида у киши билан телефон орқали боғланиб, Ҳусниддин Ғайбуллаевнинг уй-жойи мактаб ҳудудида жойлашган ёки жойлашмаганлигини сўрадик.

У кишининг жавоби шу бўлди. “Йўқ. Мактаб кадастр ҳужжатларига кўра, мазкур уй-жой мактаб ҳудудида жойлашмаган”.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, яна бир эътиборли жиҳат, битта мурожаатга битта комиссия ­аъзоларининг икки хил жавобидир. Хусусан, “Ермулккадастр” ДК Бекобод тумани филиали раҳбари в.б. Б.Турсуновнинг Ҳ.Ғайбуллаев ва туман ҳокимлигига берилган жавоб хулосасида эгалик ҳуқуқи сўралаётган уй-жой 1964 йилда “Бекобод қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш бошқармаси” томонидан Ғайбуллаев Жалилга қуриб берганлиги ва буни тасдиқловчи 04.08.1964 йилдаги 79-сонли маълумотнома мавжудлиги, шу сабабли Вазирлар Маҳкамасининг Президентимизнинг 5421-сон Фармони ижросини ташкил этиш ҳақидаги қарори Низомидаги 1-боб 1-бўлимига ­асосланган холда Ҳусниддин Ғайбуллаевнинг мурожаатига комиссия рад хулосасини берганлиги маълум қилинган.

Бир инсонинг 55 йил яшаган ­ота мерос уй-жойига эгалик ҳуқуқини рад этиш қудратига эга 79-сонли маълумотнома аслида 1964 йил 4 августда Бекобод қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш бошқармаси партия қўмитаси котиби ўринбосари П.Кушеровнинг Ғайбуллаев Жалилга совхоз дирекцияси томонидан уй қуришни бошлагани ва уй 1964 йилнинг 15 сентябрига қадар битказилиши ҳақида юқори турувчи органга тақдим этган маълумотидир. Айни пайтда ҳоким қарори билан тенглаштирилаётган бу билдирги фуқарога турар уй-жойини хусусийлаштириш учун асос бўла оладими? Агар аксинча бўлса, Ҳ.Ғайбуллаевга Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421 сон Фармонига асосан эгалик ҳуқуқини беришга нима халақит беради? Бу саволлар жавоби олти нафар инсон кўп йиллардан бери яшаб келаётган уй-жой муаммосига ечим бўла олишини тегишли ташкилотларнинг мутасадди ходимлари мутахассис сифатида яхши билишади, деб ўйлаймиз.

Ҳусниддин Ғайбуллаев таҳририятимизга тақдим қилган ҳужжатлар орасида ота мерос уйида 1967 йилдан бери яшаб келаётганлиги, улар доимий рўйхатга қўйилганлиги ҳақида расмий маълумотлар, “Теракзор”  МФЙ раиси ва қўшниларининг кафолат хатлари, шунингдек, унинг мурожаатига турли давлат органларининг ёзма жавоблари чорасиз қолган бир оила бошлиғининг нажот истаб тинмай бонг чалаётганидан далолат бериб турибди. Лекин айрим давлат ташкилотларининг мутасадди раҳбарларига қулоғини беркитиб, мурожаат эгасига ҳуқуқий йўл-йўриқ кўрсатиш, амалий ёрдам беришдан кўра, “судга мурожаат қилинг”, дейиш осон кўринади. Ваҳоланки, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш бугунги кунда барча давлат органи ва ташкилотларининг асосий вазифаси саналади. Албатта, Президентимизнинг “Уй-жой амнистияси тўғрисида”ги Фармони ижроси алоҳида назоратга ­олинган айни бугунги кунда бир инсоннинг 55 йиллик уйидан, оиласи билан яшаб турган бошпанасидан ажралиши оғир ҳолат. Бунга панжара ортидан томошабин сифатида қараб туришнинг ҳам жавобгарлиги муқаррар. Шундай эмасми?

 

Фарида ҚОРАҚУЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири