-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Қарздорликни “йўқ қилувчи”лар жавобгарликка тортилди (2019 йил, 14 сон)

14.04.2019

Самарқанд вилоят мажбурий ижро бюроси бошлиғининг биринчи ўринбосари Бурхон Ҳайдаровнинг маълумотига кўра, Пастдарғом туманидаги “Найман” маҳалласида истиқомат қилувчи Ботир Ҳасанов (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғига ноқонуний, ўзбошимчалик билан уланиб, 75 миллион 150 минг сўмлик табиий газдан ўғринча фойдаланган. Ушбу ҳолат ­юзасидан фуқаро Б.Ҳасанова­га нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Шунингдек, Самарқанд тумани, “Янгиравот” маҳалласида яшовчи Расул Иброҳимов қонунга зид равишда 410 метр квадрат иссиқхонага ўзбошимчалик билан газ тармоғини улаб олган. 2 ой давомида яширинча табиий газдан фойдаланиб, давлатга 25 миллион 225 минг сўмлик миқдорда зарар етказган. Бу фуқарога нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилган.

Халқимизда гуруч курмаксиз бўлмайди, деган ибора бор. Бугун коммунал тизимида иш­лайдиган айрим ходимлар ўз ваколатларини суиистеъмол қилаётганлик­лари ҳам бор гап. Айтай­лик, Самарқанд вилояти “Электр тармоқлари ва монтаж ишлари” МЧЖ ходимлари Бегзод Зокиров, Турди Исанов, Иноят Туроповлар ўзаро жиноий тил бириктириб, фуқаро Адаш Худайқуловдан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолатини расмийлаштирмаслик эвазига, 300 минг сўм пора талаб қилишган. Бу ҳолат бўйича А.Худайқулов Самарқанд вилояти мажбурий ижро бюросига ариза билан мурожаат қилди. Тезкор гуруҳ ходимлари томонидан ушбу фуқаролар ­устидан далилий ­ашёлар йиғилиб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Шунингдек, Пастдарғом туманидаги бир гуруҳ фуқаролар туманлараро газ участкаси ходимларининг “хурмача” қилиқлари хусусида мажбурий ижро бюросига мурожаат қилишди. Текшириш давомида маълум бўлдики, туманлараро газ участкаси ходимлари Саид Эшонов, Рўзи Муҳаммадиев, Латиф Инатовлар фуқаро Рашид Ишоновни табиий газдан қарзи борлиги, қарзни тўламай юрганлиги ва катта жаримага тортилишини айтиб, газ тармоғидан узиб қўямиз, деб қўрқитишган. Улар “ҳожатини” чиқариш эвазига 2 миллион 352 минг сўм “хизмат ҳақи” сўрашган. Шунингдек, шу тумандаги “Найман” маҳалласида яшовчи Бобонор Умировнинг 5 миллион сўмлик қарзини йўқ қиламиз, деб ундан 300 АҚШ доллари талаб қилишган. Шуни айтиш керакки, 3-сонли Пастдарғом туман газ таъминоти бўлими ходимлари мажбурий ижро бюросининг туман мониторинг бўлими ҳисоб шўъбасидаги махфий рақам орқали ҳеч қандай ҳужжатсиз, ноқонуний равишда 81 нафар истеъмолчининг 227,6 миллион сўмлик қарздорлигини олиб ташланганлиги ҳамда 124 нафар истеъмолчининг шахсий ҳисоб рақамларига қўшимча равишда 194,6 миллион сўмлик қарздорлик асоссиз киритилганлиги текшириш давомида фош этилди. Нафси ҳакалак отган 3-сон Пастдарғом туманлараро газ идораси ходимлари Саид ­Эшонов, Рўзи Муҳаммадиев, Латиф Инатовлар Жиноят кодексининг тегишли бандлари билан жиноий жавобгарликка тортилдилар.

 

Азим ҚОДИРОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири