-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Қонун ижроси таъминлансагина кучли, йўқса... (2019 йил, 14 сон)

14.04.2019

ИНСОНИЯТ яралибдики, жамиятда ўрнатилган маълум қонун-қоидалар ­асосида яшаб келади. Зеро, қонунларсиз бирор бир давлатни ҳам, жамиятни ҳам тасаввур қилиб бўлмайди. Бу ҳаётий мезон, айниқса, ҳозирги замонамиз учун устувор аҳамиятга эга. Лекин қонунларнинг қабул қилиниши энди ҳаммаси “беш” деганини англатмайди. Қонунлар амалда ижроси таъминлансагина, масъул раҳбарлар ва фуқаролар унинг муҳим эканини теран англаб етсаларгина ҳақиқий кучга эга бўлади. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бош қомусимиз қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасида “...қонунларни қабул қилиш — бу ишнинг бир қисми, холос. Асосий масала — қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, ­уларнинг ижросини тўғри ташкил этишдан иборатдир,” — деган фикрни билдирган эди. Республикамизда ўтган йилларда бу борадаги ишларни жонлантириш мақсадида бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Айниқса, Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳа ривожи учун айни муддао бўлди. Ҳужжатга мувофиқ, адлия органларининг туман бўлимлари ташкил этилиб, давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) тузилмаларига қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни етказиш ва ижросини ташкил этиш уларнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланди.

Бугунги кунда адлия органлари билан давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида қонун ҳужжатларини тезкор тарқатиш мақсадида ҳимояланган алоқа каналлари (VPN) орқали идоралараро электрон ҳамкорлик тизими ишга туширилди. Биргина “E-xat” электрон почта тизими ёрдамида ўтган йил давомида Жиззах вилоятида 2 минг 707 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, мазкур ҳужжатлар электрон шаклда 50 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотларига юборилган. Бироқ ўтказилаётган мониторинглар шуни кўрсатмоқдаки, барча давлат органлари ва ташкилотлари етказиб берилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросига етарлича эътибор қаратаяпти, деб бўлмайди. Ушбу ҳужжатлар айрим масъул ходимларнинг эътиборсизлиги сабаб узоқ вақтлар давомида ижрога қаратилмасдан қолиб кетаётир.

Агар аҳолига бирор бир қонун ҳужжатларини етказмоқчи бўлсангиз, оддий, халқчил ва содда тилда гапирганингиз кутилган самара беради. Демак, соҳа ходимлари олдида қонунларнинг мазмун-моҳиятини, уларда белгиланган энг керакли, оддий инсонлар учун муҳим бўлган қоидаларни ана шу йўсинда етказиб беришдек муҳим вазифалар турибди. Бу ўз ўрнида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ­ошириб боришга хизмат қилади.

 Президентимизнинг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, бу билан давлат органлари ва ташкилотларига бир қатор вазифалар юклатилди. Фармонга мувофиқ, Адлия вазирлиги жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш соҳасида мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгиланди. Вазирликка давлат органлари ва ташкилотлар томонидан ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича олиб борилган ишларни ўрганиш, шунингдек, уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрлаш вазифаси топширилди.

Жумладан, ҳуқуқий тарғиботни янги ва замонавий усул ҳамда воситалар ёрдамида амалга ошириш лозим. Бунда анъанавий равишда вақт талаб қиладиган тадбирлар ўтказишни камайтириб, илғор замонавий услубларда иш олиб боришни янада жонлантириш зарур. Чунки битта аудиторияга энг кўпи билан 100 ёки 200 кишини тўплаш мумкин. Қолаверса, аксарият ҳолларда узоқ чўзилган маърузалар аудиторияда ўтирганларга кўп ҳам ёқавермайди. Хуллас, тадбирларнинг таъсирчанлиги бўлмайди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Жиззах вилоятида интернетдан фойдаланувчилар сони 700 мингдан ортган. Демак, бу катта аудитория, керакли ҳуқуқий ахборотни тарқатиш учун улкан майдон деганидир. Шуни инобатга олиб, адлия бошқармаси ҳозирда ҳуқуқий тарғибот ишларини ташкил этишда замонавий ­усулларни ишга солган холда facebook.com ижтимоий тармоғи ҳамда Jizzax.adliya.uz веб саҳифаси имкониятидан кенг фойдаланмоқда. Бугунги кунда 40 мингдан ортиқ аудиторияга эга бўлган телеграм мессенджеридаги “жиззахлик­лар” канали билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ҳафта давомида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни ёритилган инфографикалар ушбу канал орқали ҳам бериб борилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Жиззах вилояти адлия бошқармаси ва тизим ходимлари қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини ташкиллаштириш масалалари бўйича давлат органлари ва ташкилотларига яқиндан тушунтириш ва зарур кўмак беришни асосий вазифаси этиб белгилаган.

 

Шокир САИДОВ,

Жиззах вилояти адлия бошқармаси бошлиғи