-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Адлия аралашгач... (2019 йил, 14 сон)

14.04.2019

Қариндошлик факти исботланди

УЧТЕПА туманида яшовчи фуқаро Б.Ахунджанов туман адлия бўлимига бобосидан қолган Учтепа тумани, Тўқимачи кўчаси, 27-уй манзилида жойлашган уй-жойни мерос сифатида ўз номига расмийлаштира олмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилди. Унда қайд этилишича, отасининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси бобоси ва отасининг ҳақиқатан ҳам ­ота-бола эканлиги фактини белгиловчи расмий ҳужжатлар мавжуд эмаслиги боис, ушбу масаланинг ҳал этилишида амалий ёрдам беришни сўраган.

Ушбу мурожаат Б.Ахунджановда мавжуд ҳужжатлар асосида ўрганилганда, бобоси ва отасининг ҳақиқатан ҳам ота-бола эканлиги фактини суд тартибида белгилатиш лозимлиги маълум бўлди.

Фуқаронинг манфаатида фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига ариза киритилиб, ­Б.Ахунджановнинг бобоси ва отасининг ҳақиқатан ҳам ота-бола эканлиги, яъни қариндошлик факти белгиланди.

Суднинг қарорига асосан Б.Ахунд­жановга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида говҳнома расмийлаштириб берилиши таъминланди.

Манзура ОЧИЛОВА,

Учтепа туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси


 

Уй-жойга бўлган ҳуқуқ тикланди

ТЕРМИЗ туман адлия бўлимига 2019 йилнинг 1-чораги давомида келиб тушган жами 53 та мурожаатнинг 28 таси бўлим бошлиғи ҳамда ходимлари томонидан амалга оширилган шахсий ва сайёр қабулларга тўғри келади.

Жумладан, Термиз тумани “Гулбаҳор” маҳалласида яшовчи фуқаро З.Холбоева адлия бўлими бошлиғининг шахсий қабулига мурожаат этиб, ўзбошимчалик билан қурилган жами 0,9 га. (9 сотих) ер майдонидаги уй-жойларини тегишли тартибда ҳужжатларини расмийлаштириб беришни сўраган.

Ушбу мурожаат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ўрганилиб, туман адлия бўлимининг аралашуви билан амалдаги қонун ҳужжатлари асосида Термиз туман ҳокимининг фуқаро ­З.Холбоеванинг ер майдони ва тураржой ҳамда ёрдамчи биноларга бўлган ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги 2019 йил 22 мартдаги 1455-сонли қарорининг қабул қилинишига эришилди. Фуқаронинг уй-жойлари учун тегиш­ли кадастр ҳужжатлари йиғма жилди шакллантирилиб, унинг ҳуқуқлари тўлиқ тикланди.

Баҳодир АШУРОВ,

Термиз туман адлия бўлими бошлиғи


 

Бош шифокор жаримага тортилди

ПОП туман адлия бўлими фуқаро Э.Бердалиеванинг Поп туман тиббиёт бирлашмаси томонидан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижасига кўра, ­аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан адлия бўлими томонидан киритилган тақдимномага асосан Поп туман тиббиёт бирлашмасининг 2019 йил 3 январдаги 3-сонли буйруғи бекор қилинди.

Шунингдек, фуқаронинг ўз хоҳиши билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ёзган ­аризаси Поп туман тиббиёт бирлашмасининг 132-сонли буйруғи асосида у билан тузилган меҳнат шартномаси 2019 йил 15 январдан бекор қилиниб, шу кунга қадар ишлаган ойлик иш ҳақлари ундириб берилиши таъминланди.

Шу билан бирга, Поп туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Р.Рахматуллаев томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси (Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги аниқланиб, бош шифокорга нисбатан жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун Поп туман бандликка кўмак­лашиш марказига тегишли маъмурий таклиф киритилди. Марказнинг 2019 йил 27 февралдаги қарорига асосан туман тиббиёт бирлашмаси бош­лиғига нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баробари миқдорида маъмурий жарима жазоси тайинланди.

 

 

Сарвар АБДУНАЗАРОВ,

Поп туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси