-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Форумда иштирок этишни истаганлар сони 800 нафардан ошди (2019 йил, 16 сон)

23.04.2019

Форумга икки кун қолди

Форумда иштирок этишни истаганлар сони 800 нафардан ошди

Жорий йилнинг 25-27 апрель кунлари мамлакатимиз тарихида илк маротаба  “Tashkent Law Spring” халқаро юридик форуми ўтказилади. Бу ҳақда аввал ҳам хабар берган эдик. Мазкур тадбирнинг ўтказилиши Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий  ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида кўзда тутилган. Форумнинг асосий мавзуси: “Ҳуқуқ жадал модернизация даврида”. Бундай ном қўйилиши бежизга эмас. Сўнгги икки йил ичида Ҳаракатлар стратегияси  доирасида  90 дан ортиқ қонунлар ва  икки мингдан зиёд  Президент, ҳукумат  фармонлари ва қарорлари қабул  қилинди. Энг яхши амалиётлар, илғор  тажриба ва таклифлар  миллий ҳуқуқ тизимини  такомиллаштириш имконини бермоқда. 

Шу боисдан ҳам тадбир қатнашчилари  “Давлат ва жамиятнинг жадал ўзгариш даврида ҳуқуқ қандай бўлмоғи керак?”,  деган  савол устида изланадилар.

Форум юриспруденция соҳасидаги мингдан зиёд вакиллар, жумладан,  дун­ёнинг 37 мамлакати (АҚШ, Англия, Авс­трия, Австралия, Озарбайжон, Буюк Британия, Германия, Ирландия, Италия,
Франция, Нидерландия, Швейцария, Польша, Канада, Молдова, Беларусь, ­Украина, Мальта, Латвия, Литва, Россия, Грузия, Саудия Арабистони, БАА, Хитой, Япония, Корея Республикаси, Сингапур, Ҳиндистон, Малайзия, Туркия, Шри-Ланка, Қозоғистон, Афғонистон) дан қарийб 240 делегатни бирлаштирадиган муҳокама майдончасига айланади.

Ушбу аҳамиятли анжуманда Корея Республикаси, Сингапур, Россия, Афғонистон, Беларусь, Озабрайжон, Саудия Арабистони, Шри-Ланка давлатларининг адлия вазирликлари ва қонунчилик тизими, дунёнинг етакчи арбитраж  марказлари раҳбарияти ҳам иштирок этади. Гарвард ҳамда Бостон университетларидан профессорлар ташриф буюриши кутилмоқда.

Брифингда маълумот берилишича, “Tashkent Law Spring” дастурини  тузиш­да экспертлар ва спикерлар фаол
қатнашади. Форумнинг амалий дастури “Сифатли бошқарув”, “Суд устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ  тизимини ислоҳ қилиш”, “Фаол инвестициявий сиёсат” йўналишлари бўйича  17 та  сессияни ўз ичига олади.

Ушбу йирик халқаро анжуман ҳақида Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи, Форумга тайёргарлик кўриш бўйича ишчи раҳбар ўринбосари Аъзам Мадаминов шундай фикрларни билдирди:

— “Tashkent Law Spring” халқаро ­юридик форумини ўтказишдан кўзланган асосий мақсадлар бор. Авваламбор, жаҳон юридик ҳамжамиятини Ўзбекистон қонунчилиги билан яқиндан таништириш ва ҳозирги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни афкор оммага объектив шаклда етказишни устувор вазифа қилганмиз. Шу билан бирга юридик соҳадаги дунёнинг етакчи мутахассисларини йиғиб, ўзбек ҳуқуқшунослари билан биргаликда ҳуқуқ оламидаги масалаларни муҳокама қилиш, муҳокамалар натижасида экспертлардан муҳим тавсиялар олиш ва ушбу тавсиялардан келажакда амалиётда, Ўзбекистон қонунчилигини ривожлантиришда фойдаланишни кўзда тутаяпмиз.

Форумда адлия вазирлари, хориж ҳамда юртимизнинг суд, прокуратура органлари раҳбарлари, етакчи юридик ва консалтинг ташкилотлари, таниқли адвокатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этадилар. Тадбир доирасида хорижий давлатлар делегациялари ва ўзимизнинг Адлия вазирлиги ҳамда бошқа давлат органлари вакиллари ўртасида ўзаро учрашувлар ҳам ташкил этилади. Бир қанча хорижий мамлакатлар билан меморандумлар имзоланиши режалаштирилган.

Брифингда журналистлар учун бир нечта муҳим маълумотлар ҳам берилди. Маълум бўлишича, асосий тадбирлар ЎЗЭКСПО марказ павильонларида бўлиб ўтади. Журналистлар учун техник жиҳозланган матбуот марказлари ишлаб туради. Бепул Wi-Fi орқали ОАВ ходимлари бемалол интернет тармоғидан фойдаланишлари мумкин бўлади. Муҳокамалар ва сессиялар оммавий ахборот воситалари, хусусан, телевидение орқали тўғридан-тўғри трансляция қилинади.

Мадҳия АВАЗОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири