-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ота-боболаримизнинг жасорати ва матонати олдида ҳамиша таъзимдамиз (2019 йил, 18 сон)

10.05.2019

9 май — Хотира ва қадрлаш куни

ЎЗБЕКИСТОН Иккинчи жаҳон ­уруши йилларида фашизм устидан қозонилган ғалабага ўзининг машаққатли меҳнати билан салмоқли ҳисса қўшди.

Ўзбек халқи инсониятнинг ­ашад­дий душмани бўлган фашизмга қарши жангларда қаҳрамонлик намуналарини кўрсатиш билан бирга фронт ортида ҳам фидойиларча меҳнат қилиб, фронтни узлуксиз равишда керакли ашёлар билан таъминлади.

Республикамизга фронт чизиғидан кўчириб келтирилган саноат корхоналарини жойлаштириш, ­уларни қийин бир шароитда тезда ишга тушириш, эвакуация қилинган аҳолига ғамхўрлик кўрсатиш, ярадор жангчиларга ёрдам бериш, фронт учун қурол-яроғ, кийим-кечак, озиқ-овқат тайёрлаш ва етказиб бериш, янги қисмларни тузиб фронтга сафарбар этиш, жангчиларнинг оиласига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, қисқаси, фронт учун, ғалаба учун нимаики керак бўлса, ўзбекистонликлар ор­тиғи билан амалга оширдилар. Фронт орти жанггоҳ каби жасорат майдонига айланди. Уруш халқ хўжалигининг барча тармоқлари­ни қайта қуришни, ҳарбий изга солишни тақозо этган эди. Ўзбекис­тон бутун бир индустриал базага айлантирилди.

Президентимиз Ш.Мирзиёев 2018 йил 9 май куни “9 май — Хотира ва қадрлаш куни”га бағиш­ланган тантанали маросимда таъ­кидлаганидек: “Уруш йилларида Ўзбекистон фронтнинг мус­таҳкам таъминот базасига айланди. Юртимизнинг саноат корхоналари ҳарбий соҳага мoслаштирилди, барча имкониятлар фронт учун, ғалаба учун сафарбар этилди. Ўлкамизга эвакуация қилинган юздан зиёд завод ва фабрикаларни ишга туширишда ишчи ва муҳандислар билан бирга аёллар ва кексалар, ўспирин болалар мардлик ва матонат билан меҳнат қилдилар. Уруш даврида халқимиз томонидан фронтга 2 мингдан зиёд самолёт, кўплаб қурол-яроғ, юзлаб ҳарбий-санитария поездлари, дала ошхоналари, палаткалар, жуда катта миқдордаги озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилди. Ўзбекистон меҳнаткашлари тўплаган маблағлар ҳисобидан ўнлаб ҳарбий самолёт ва танклар, жанговар машиналар барпо этилди”.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон халқи Иккинчи жаҳон урушида фронт учун зарур бўлган ўқ-дори, ҳарбий техника ва бошқа анжомлар етказиб беришда тиним билмади. Ўзбекистон 1941-1945 йиллардаги уруш давомида фронтга 2100 та самолёт, 17342 та авиамотор, 2138 минг дона авиабомба, 17100 та миномёт, 4500 бирликдан иборат миналарни йўқ қилувчи қурол, 60 мингга яқин ҳарбий-кимё­вий аппаратура, 22 миллион дона мина ва 560 минг дона снаряд, 1 миллион дона граната, дала радиостанциялари ­учун 3 миллион радиолампа, қарийб 300 мингта парашют, 5 та бронепоезд, 18 та ҳарбий-санитария ва ҳаммом кир ювиш поезди, 2200 та кўчма ошхона ва бошқа кўпгина ҳарбий анжомлар етказиб берди.

Ҳарбий корхоналарни ишга тушириб кўплаб миқдорда ҳарбий анжомлар ишлаб чиқаришга шаҳарликлардан ташқари қарийб 500 минг нафар колхозчи жалб қилинди. Республикада ишчи ва хизматчилар учун ишдан ташқари вақтда мажбурий ишлаб бериш жорий ­этилди. Катта ёшдагилар учун иш куни 6 кунлик иш ҳафтасида 11 соатгача узайтирилди. Ҳақиқатда эса у 12-14 соатга етар эди. Таътилга чиқиш бекор қилинди. 1940 йилда саноат ишчилари орасида хотин-қизлар салмоғи 34 фоизни ташкил қилган бўлса, 1942 йилга келиб бу кўрсаткич 63,5 фоизга етди. Оғир шароитда халқимиз йирик халқ хўжалиги қурилишларида ҳам фаолият кўрсатди. Бу даврдаги машаққатларни сўз билан таърифлаш жуда қийин.

Завод ва фабрикаларда ишлайдиган хотин-қизлар, ҳатто ойлаб цехлардан чиқмай меҳнат қилдилар. Улар овқатларини шу ерда ейишар, дам олиш тўғрисида эса умуман ўйламас эдилар. Кунбўйи тинмай меҳнат қилганларидан ке­йин шаҳарда ташкил этилган донорлик пунктларига бориб, ярадор жангчилар учун қон беришарди.

Ўзбекистон деҳқонлари қийинчилик­ларга қарамай, оғир шароитда фидокорона меҳнат қилди. Шунинг эвазига уруш йиллари ўзбек деҳқонлари 4.148.000 тонна пахта, 82.000.000 пуд ғалла, 54.067 тонна пилла, 195.000 тонна шоли, 57.444 тонна мева, 36.000 тонна қуритилган мева, 159.300 тонна гўшт, 22.300 тонна жун тайёрлаб берди.

Ўзбекистон аҳли урушнинг дастлабки 6 ойи мобайнида фронтга 421.500 та турли иссиқ кийимлар юборди. Якка тартибда ва жамоа йўли билан юборилган совға-салом ва озиқ-овқатлар бунга кирмайди. Фронт учун, ғалаба учун халқимиз маблағларини ҳам аямади. Улардан йиғилган пулга “Ўзбекистон колхозчиси”, “Ўзбекистон авиаэскадрильяси”, “Санитария-авиация полки” каби танк колонналари, самолёт эскадрильялари ташкил этилди.

1943 йилнинг ўзида танк колоннаси, самолёт эскадрильяси қуриш учун Тошкент шаҳар меҳнаткашлари шахсий жамғармаларидан 34 миллион 210 минг сўм, сурхондарёликлар 28 миллион сўм ажратдилар. Бу каби мисолни ҳар бир вилоят бўйича келтириб ўтишимиз мумкин. Уруш йиллари республикамиз меҳнаткашлари томонидан мудофаа фондига 649.9 миллион сўм пул йиғилди ва 22 кг. олтин ва кумуш топширилди.

Булар ўзбек халқининг оғир ва тинимсиз меҳнати, кўз қорачиғидек яхши кунлари учун асраб-авайлаб сақлаган маблағлари эди. Юртдошларимизнинг ғалаба йўлида чеккан заҳматларини ҳеч нарсага тенглаштириб ҳам, қиёслаб ҳам бўлмайди. Ўзбек фарзандлари фашизмга қарши шиддатли жангларда жон олиб жон бераётган паллада уларнинг кекса ота-оналари, суюкли ёрлари, меҳрибон опа-сингиллари, укалари фронт ортида мислсиз жасорат кўрсатиб, тунни-тонгга улаб меҳнат қилдилар. Уруш қабоҳати ҳар бир хонадонга бало-қазодек ёпирилиб кирди. Жанг майдонларида қаҳрамонларча ҳалок бўлган фарзандлардан келган қора хатлар юрак­ларни ларзага солди. Аммо матонатли, иродали халқимиз ҳар қандай синовларга бардош берди.

 Манбаларда қайд этилишича, Иккинчи жаҳон уруши арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, 1,5 миллиондан ортиғи урушда бевосита иштирок этган. Ёш гўдаклар, болалар, қария ва аёлларни ҳисобга олмаганда, халқимизнинг учдан бир қисми жанговар ҳаракатларда қатнашган. Бу даҳшатли қирғинда қарийб 500 мингга яқин юртдошларимиз ҳалок бўлган, қанчадан-қанча юртдошларимиз бедарак кетди, минглаб инсонлар ногирон бўлиб қолди. Қайд этилган рақамлардан кўриниб турибдики, уруш оқибатлари халқимиз қалбига, унинг ҳаётига қандай оғир жароҳат етказганини тасаввур этиш мушкул эмас.

Ўзбекистонликларнинг мураккаб даврдаги матонати, фидокорона меҳнати ва жасорати фашизм устидан қозонилган ғалабага беқиёс ҳисса қўшди ва кишилик тараққиётини ҳалокатдан сақлаб қолди.

Суронли йилларда жанггоҳлар ва фронт ортида жасорат кўрсатган барча юртдошларимизни хотирлаш, азиз фахрийларимизни қадрлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Юртбошимиз айтганидек: “Бугун фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган минглаб ватандошларимизнинг сўнмас хотирасини ёд этиб, уларнинг руҳи пок­ларига ҳурмат бажо келтириш — биз ­учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Қонли жанг майдонларида мардлик кўрсатган, фронт ортида меҳнат қилиб, бугун ҳаётимизга файз бағишлаб юрган муҳтарам фахрийларимиз олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз”.

Ҳаким АЗИМОВ,

Тошкент давлат юридик университети тарих фанлари номзоди, доцент