-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Олий таълим тизимида қандай ўзгаришлар бор? (2019 йил, 19 сон)

14.05.2019

2019 ЙИЛ 27 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қи­лиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга киритилган қўшимчаларга мувофиқ, энди турк тилини чет тили сифатида ўқиган абитуриентлар ҳам мазкур тилдан кўп балли баҳо тизими бўйи­ча имтиҳон топширадилар.

Муҳим ўзгаришлардан яна бири эндиликда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда 086-У шакл бўйича тиббий маълумотнома талаб этилмайди.

Қарор билан қуйидагилар ­олий таълим муассасаларига қўшимча давлат грантлари асосида имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинувчилар қаторига киритилди:

● Наманган вилоят Тўра­қўрғон туманидаги Исҳоқхон ­Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатни аъло баҳоларга битирган битирувчилар бакалавриатнинг хорижий тил ва адабиёт, филология ва тилларни ўқитиш йўналишларига;

● ҳар бир ҳарбий қисмдан биттадан ёш ҳарбий хизматчи, қисм қўмондонлиги ва Ўзбекистон Ёш­лар Иттифоқи бошланғич ташкилоти тавсияномасига асосан.

Шунингдек, киритилган қўшим­чалар билан сиртқи таълим шаклига ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланди. Унга кўра, энди сиртқи таълим йўналишларига ҳуж­жатлар 1 июлдан 30 ­июлгача қабул қилинади. Кириш имтиҳонлари эса 16 августдан 25 августгача камида 3 та фандан ўтка­зилади. Ёзма имтиҳонлар шифр­ланган ҳолда текширилади. Им­ти­ҳонлар бакалавриат таъ­лим
йўналишларига мувофиқ келувчи 3 та фандан тўпланиши керак бўлган максимал 189,0 балл­дан, ҳар бир фаннинг ўрнига қараб ­унинг учун ажратилган энг кўп баллнинг 0 дан 100 фоизгача бўлган оралиқда баҳоланади. Натижалар имтиҳондан кейин ­1-3 кунда таълим муассасасининг расмий сайтида эълон қилинади.

Магистратурага ­киришда нималар бекор қилинди?

Шунингдек, магистратурага киришда қуйидагилар бекор қилинди:

● магистратурага кирувчиларнинг илмий ва илмий-педагогик ишларга қобилияти ҳамда қизиқишини аниқлаш мақсадида танланган мутахассисликка мос саволлар асосида суҳбат;

● “Информатика ва ахборот технологиялари” фани бўйича синов;

● Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва ­ама­лиёти фани бўйича синов.

Магистратурага ҳужжат топширганларнинг TOEFL бўйича камида 72 ёки IELTS бўйича камида 5,5 балли бўлганида ­улар чет тилидан кириш синовида иштирок этмайди. Илгари бу натижалар TOEFL бўйича камида 58 ва IELTS бўйича камида 5 балл бўлиши керак эди.

Ўқишини баҳорги семестрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш ҳар йили 15 январдан 25 январгача давом этади. Илгари 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар эди.

Тест синови учун белгиланган пул миқдори

камайиши мумкинми?

Жорий йилнинг 10 май куни худди шу мавзуда Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида Давлат тест маркази томонидан жорий йилда ишлаб чиқилган бир қатор ҳужжат лойиҳалари ва уларнинг ҳозирги ҳолати муҳокама этилди. Мамлакатимизда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини пуллик асосда ташкиллаштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда журналистлар саволларига Давлат тест маркази вакили жавоб берди.

Барно РАЖАБОВ,

Давлат тест маркази

Бош бошқарма бошлиғи: — Тест синовларини янада яхшироқ ўтказиш, шаффофликни ва ошкораликни таъминлаш учун бир қатор қўшимча чора-тадбирлар зарур бўлади. Бу ҳақда ҳужжат лойиҳаларида батафсил маълум қилинган. Авваламбор, биноларга киришда бармоқ изларини текширишда керакли аппаратуралар, тест синови бўладиган бинода мобил алоқани тўсиш, видеокамералар ўрнатиш, биноларнинг ижара ҳақлари, тест синовларини назорат қиладиган ходимларга шартнома асосида иш ҳақи тўлаш каби кўплаб маблағ талаб қилинадиган масалалар бор. Илгари барча харажатлар Давлат бюджетининг миллиардлаб маблағлари ҳисобидан амалга оширилар эди. Айни дамда бутун дунёда тест синовларини топшириш пуллик асосда бўлгани ҳолда турли харажатларни қоплаш учун нега энди бизда пулли бўлмаслиги керак, деган савол ҳам бор. Нима учун бюджет маблағини бошқа мақсадлар учун давлат ҳисобида қолдириб, тўловдан тушган ушбу пулларни тест синовини ўтказишнинг моддий манбаларига сарфламаслик ке­рак? Шу мақсадда лойиҳага олий таълим муассасаларига имтиҳон топширишни пуллик тарзда, яъни энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида белгилаш лозимлигини киритдик. Албатта, ушбу лойиҳа бир қанча муҳокамаларга сабаб бўлди. Айтиб ўтишим лозимки, бу масала ҳозирда Президент Админстрациясида ҳам кўриб чиқилаяпти. Айни пайтда аҳолининг турли қатламлари, халқнинг ижтимоий ҳимояси масалаларини назарда тутган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида белгиланган тўлов суммаси камайтирилиши кўзда тутилган.

Бир йўла нечта олийгоҳга ҳужжат топшириш мумкин?

Давлат тест маркази вакилининг маълум қилишича, жорий йилдан бошлаб абитуриентлар ўз хоҳиш-истагига қараб, учта олий таълим муассасасига ҳужжат топшириши мумкин бўлади. Биринчи олийгоҳга тўплаган бали етмаган абитуриент иккинчи ва учинчи олийгоҳга ўқишга қабул қилиниши мумкин. Олийгоҳни танлаш абитуриент учун эркин, аммо ҳар бир олий таълим муассасасига учта фани бир хил бўлган йўналишлар бўйича ҳужжат топшириш талаб этилади.

 

“Инсон ва қонун” мухбири

Мадҳия АВАЗОВА тайёрлади.