-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Китоб беминнат устоз Китобхонлик эса маънавий эҳтиёж (2019 йтл, 19 сон)

15.05.2019

КИТОБ — ақл қалъасидир. Китоб — хазина, у чексиз билим манбаи. Инсоннинг ҳаётда ундан яқин ҳамроҳи, дўсти, маслаҳатчиси йўқ. Негаки, у ақлни пешловчи қайроқдир. Китобсиз дунё ҳидсиз гулга ўхшайди.

Китобхонлик — маънавий эҳтиёж. Китобхонлик оиладаги муҳитга ҳам боғлиқ. Маърифатли оилаларда китобга эътибор фарзандлар тарбиясида қўл келади. Фарзандини китобга қизиқтирмаган, ўқишга ўргатмаган ота-она, аслида, уни саводсиз қилиб тарбиялаган бўлади.

Мутолаага қизиқиш сусайиши, ўз навбатида, аҳоли саводхонлиги даражасига салбий таъсир кўрсатиб, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланиши учун катта таҳдидлардан саналади. Чунончи, тараққий этган давлатларда бу муаммонинг ечимини ҳал этиш бў­йича бир қатор аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда. Бунда асосан китобни севиш, фуқаролар ўртасида мутолаа маданиятини манзилли қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш, ноширлик фаолиятини такомиллаштириш, жамиятнинг интеллектуал, маънавий ва маданий эҳтиёжларига тўлиқ жавоб берадиган китоб бозорини шакллантиришга ­алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бинобарин, мамлакатимизда ҳам ёшлар ўртасида китоб мутолаасини тарғиб этиш, уларга қизиқтириш, ошно қилиб тарбиялаш борасида бир қатор амалий тадбирлар қилинмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дас­тури тўғрисида”ги Қарори бу борада ­юзага келган муаммоларни комплекс ҳал қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур Қарор китоб, китобхонлик маданиятининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни ва ролини янги босқичга кўтарганлиги билан изоҳланади. Китобхонликни оммалаштириш мақсадида кенг аҳоли қатламини китоб мутолаасига жалб қилиш, уларни китоб билан таъминлаш, оммавий тадбирларни ташкил этиш бўйича аниқ ишлар олиб борилмоқда.

 

Китоб дўконида

...Яқинда “Шарқ зиёкори” китоб дўконига бордим. Одам гавжум. Демак, ­одамлар ҳали ҳам китоб ўқишаяпти, дея ўзимча фикр қилдим. Китобларни кузатдим. Турли ёшдаги китобсеварлар учун ранг-баранг ­адабиётлар бисёр. Шеърият, бадиий адабиёт, детектив, маънавий-маърифий асарлар дейсизми, барчасидан бор. Тўғриси, менга дўконнинг болаларга мўлжалланган ­адабиётлар жойлаштирилган китоблар қатори ёқди. Бирма-бир китобларни кўздан кечирдим. Рангли муқовадаги китоб­лар шунчалик хилма-хилки, кўзингиз яшнайди.

Ўша тоб тўсатдан кўнглимдан бир савол ўтди. Бугун қандай китоблар кўпроқ мутолаа қилинмоқда? Катта ёшдагилар маъноли, ўқишли китоблар мутолаа қилишлари бор гап. Бироқ бугун ёшларимизни кузатсангиз, кўпроқ “енгил ҳазм бўладиган” китоблар, ўлдим-куйдимга қоришган, севги-муҳаббат ҳақида ёки “Қандай қилиб тезда бойиб, миллионер бўлишнинг сири”, деб номланган Ғарб ­адабиётларига ўч бўлишаяпти. Улар енгил-елпи, маънавий саёз китоб­ларга ўрганиб қолишмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ёшларимизнинг маънавий дунёқараши, ақлий билим ва тафаккурларини бойитишга салбий таъсир ­ўтказмоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, турли мамлакатлар, элатларларнинг китобат тарихини кузатсангиз, ўша юрт халқлари, миллатлари тарихи, уларнинг тафаккур даражаси, ўй-мушоҳадалари, орзу-интилишлари, топганлари ва йўқотганлари, кучли ҳамда ожиз жиҳатлари, қувончу қайғулари — барча-барчаси ўша китоблар саҳифаларида муҳрланиб қолган.

Шукрки, миллатимизнинг турли даврларда турли хил ёзувларда муҳрланиб қолган оламга кўз-кўз қилгулик бой ёзма ёдгорликларимиз бор. Бебаҳо тарихий, диний, илмий, адабий асарлар ёзиб қолдирган юртдошларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Қолаверса, халқимиз азалдан китобни севади, ­буюк аждодларимиз, олиму фузало алломаларимиз ўз даврларида мутолаа қилиш асносида буюкликка эришганлар.

Шу маънода айтганда, ички ишлар органлари ходимларини юксак касб маданияти соҳиби этиб, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида “Шарқ зиёкори”, “Адолат”, “Ўзбекистон”, “Маънавият” ва “Янги аср авлоди” нашриётлари ҳамкорликда “Китоб ярмаркалари” ташкил этилмоқда.

Бу эса ходимларда хизмат бурчига садоқат ва масъулият ҳиссини ошириш, Ватанига ҳалол, пок, виждонан ва сидқидилдан хизмат қилиш шарафли бурч эканлигини, ҳар қандай машаққатли хизмати ортида юртимиз манфаати ва халқимизнинг бахт-саодати турганини онгу шуурига сингдиришда ижобий самара беради.

 

Азизжон ФАЙЗИЕВ,

ИИВ Кадрлар бош бошқармаси Маънавий-тарбиявий ишлар ва ижтимоий ҳимоя бошқармаси МТБ инспектори, капитан