-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Шу йўлда сира чарчаманг! (2019 йил, 19 сон)

16.05.2019

УЗОҚ йиллардан бери Сурхондарё вилоят адлия бошқармасида халқимизга ҳуқуқий тарғиботни самарали етказишда муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир инсон фаолият юритади. Унинг мамлакатимизда ­олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда ҳуқуқий ислоҳотларнинг моҳиятини тўғри англаб, талқин этаётганини алоҳида тилга ­олиш жоиз. Қолаверса, у нафақат ҳуқуқий ахборот тарғиботчиси, балки аҳолига маънавий ғизо улашуви соҳиби маърифат ҳамдир. Унинг газета обунаси жараёнларидаги куюнчаклиги ва жонкуярлигини, ишга холис ва пухта ёндашувини таҳририятимиз жамоаси ҳамиша мамнуният билан эътироф этади. У ҳамма газет ўқисин, маънавий ва руҳий оламини бо­йитсин, жамиятдаги энг муҳим ўзгаришларни англаб етсин ҳамда ўзида муносабат, дахлдорлик туйғуларини шакллантирсин, шу аснода эл корига ярасин, дейдиган ҳуқуқшунос.

Қоржов Чориев 1957 йилда Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида таваллуд топган. Олий маълумотли ҳуқуқшунос. Кўп йиллар Сурхондарёнинг Сариосиё, Бандихон туманларида, шунингдек, Сурхондарё вилоят судида судья бўлиб ишлаган. Мана йигирма олти йилдирки, Сурхондарё вилоят адлия бошқармасида меҳнат қилиб келади. “Давлатимиз мустақилликка эришган кундан бошлаб ҳозирга қадар суд ва адлия идораларининг демократик-ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш борасида амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг шоҳиди бўлибгина қолмай, уларни кенг жамоатчиликка етказишда ўзининг беминнат ҳиссасини қўшаётган малакали мутахассислардан бири ҳисобланади”. Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан Қоржов акага мана шундай муносиб таъриф берилган.

Адлия ходими ёш ҳуқуқшуносларга доимий равишда билим ва тажрибасини улашиб келмоқда. Адлия сафига қадам қўйган ходимларни қўлидан тутиб, ҳуқуқий янгиликлар — ислоҳотларни аҳолига қандай етказиш кераклиги борасидаги йўл-йўриқларни кўрсатади. Одамларнинг ҳуқуқий онгини ўстириш ҳар бир адлия ходимининг юксак мажбурияти эканлигини бот-бот такрорлайди. Уни жамоада ҳақли равишда устоз, деб атайдилар.

Қоржов Чориев кўп йиллик самарали меҳнати туфайли Адлия вазирлигининг эътирофи ва рағбатига сазовор бўлиб келмоқда. У 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги муносабати билан эсдалик кўкрак нишони билан тақдирланган.

Биз жонкуяр устозга халқимиз маънавиятини бойитиш, ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилиш, одамларнинг ҳуқуқий соҳадаги билимларини ошириш ва уларнинг оғирини енгил қилиш йўлидаги бетиним саъй-ҳаракатларда ҳеч вақт чарчаманг, деймиз.

 

Мадҳия АВАЗОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири