-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Оилавий муаммоларни ёритишда ошкоралик зарурми?... унинг ўзига хос қонун-қоидаси бор

16.05.2019

15 май — Халқаро оила куни

15 май — Халқаро оила куни муносабати “Миран” меҳмонхонасида “Оммавий ахборот воситаларида оила мавзусини ёритишнинг долзарб масалалари” мавзуидаги илмий-амалий конференция ўтказилди. Тадбир Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси, Ўзбекистон журналистика ва коммуникация университети, Халқаро пресс-клуб билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Мақсад, оммавий ахборот воситаларида оила мавзусини ёритишда журналист этикаси, масъулияти ва маҳорати масалаларини таҳлил қилишдан иборат. Шунингдек, ОАВда ёритилаётган оила мавзусидаги мақолаларнинг аксариятида жиноят ёки салбий ҳаракатлар ёритилаётгани, оила муаммоларининг туб моҳияти таҳлилий очиб берилмаётгани ҳақида сўз борди.

— Ўтказилган тадқиқотларни, ишлаб чиқилаётган дастурларни  фуқаролар онгига сингдириш, оила институти муқаддаслигини ёшларга етказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори, сенатор Дилором Тошмуҳамедова. — Бугун журналистлар оила мавзусида қандай таҳлилларни олиб боряпти? Ижтимоий тармоқлардаги блоггерлар қандай ахборотларни олишга муҳтож? Бунинг учун нима қилишимиз керак, деган саволларга анжуман давомида, албатта, жавоб олишимиз зарур.


Республикада 8 398 924 та оила мавжуд бўлиб, шундан 2 604 545 нафари ёш оила ҳисобланади


Иштирокчиларнинг фикрича, Ўзбекистон ва дунё халқлари тажрибаси оила бахтли ва тотув бўлса жамият мустаҳкам, давлат қудратли бўлишидан далолат беради. Шу маънода бугун оила, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий институт сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

— Ҳозир дунёда 7 миллиарддан ортиқ аҳоли бор, шулардан 85 фоизи оилаларда яшайди, — деди Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов. — Ўзбекистонда эса 7 ярим миллион оила бор. Ғарбда оила институти тўла маънода инқирозга юз тутиб бораётган бир вақтда юртимизда оилани асраб қолиш учун кўплаб ташкилотлар ҳаракат қилмоқда. Хорижда ўтказилган бир тадбирда менга: “Сизларда ажрашмоқчи бўлган аёлга маҳалла фаоллари томонидан рухсат берилмас экан. Ахир бунда аёлнинг ҳуқуқи поймол бўлади-ку?”, деган саволни беришди. Шунда мен: “Бизда битта аёлни ҳуқуқи ортида яна 3 нафар фарзандни ҳам ҳуқуқи тургани хисобга олинади. Сизларда қанақа билмадиму, лекин бизда битта оилани сақлаб қолиш учун ҳамма ҳаракат қилади”,  деган жавобни бердим.

Ҳозирда турли мамлакатларда оилалардаги ажралишлар сони олти фоиздан саксон фоизгачани ташкил этади. Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Али Ихсан Чағларнинг таъкидлашича бугунги кунда Туркияда ажримлар сони никоҳ сонидан ошиб бормоқда. Бунга оиладаги  қадриятларнинг йўқолиб бораётганлигини сабаб қилиб кўрсатди.

— Болалигим эски шаҳардаги “Кўкча” маҳалласида ўтган. Уйимизда чироқ ўчиб қолса бувим бизга уруш пайтидаги йўқчилик, тандирдан узилган иссиқ нонни сувга оқизиб еб улғайганлари ҳақида эртакнамо ҳикоялар сўзлаб берарди, — дейди Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжаев. Бугун ана ўша бир дастурхон атрофида ўтириб мулоқот қилиш йўқолиб боряпти. Шу сабаб оилавий қадриятларни тарғиб қиладиган, ёшлар онгига миллий ғурур сингдириладиган мақола ҳамда кўрсатувларни кўпайтириш зарур. Оилавий муносабатларга путур етказаётган сериаллардан воз кечсак мақсадга мувофиқ бўлар эди, назаримда.

Психологларнинг фикрига кўра, ўз жонига қасд қилишнинг оммага ошкор этилиши жамиятда бундай ҳолатларнинг кўпайишига олиб келади республиканинг барча ҳудудларида кенг нишонланаётган, оилалар мустаҳкамлиги ва фаровонлигини таъминлаш, оилада маънавий-ахлоқий қадриятларни қарор топтириш, жамиятда тинчлик ва тотувликни сақлашда оиланинг тутган ўрнини кўтариш, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, замонавий намунали оила моделини тарғиб этиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш каби туркум масалаларга бағишланган комплекс чора-тадбирлар доирасида ташкиллаштирилди.

Барчамизга маълумки, ҳар қандай мамлакат ҳаётида юз берадиган ижобий ўзгариш, демократик жараёнлар самараси, эзгу умидлар аввало, оилаларда намоён бўлади. Айни шу муқаддас даргоҳда келажак ворислари камол топади. Шу маънода бугун оила, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий институт сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

Конференция иштирокчилари мамлакатимизда амалга оширилган замонавий оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича 11 номдаги амалий ва инновацион тадқиқотлар натижалари билан атрофлича танишдилар. Улар асосида 40 дан зиёд таҳлилий тавсиялар, илмий-оммабоп қўлланмалар тайёрланди, қатор “йўл ҳариталари” ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилганлиги алоҳида эътироф этилди. Энг муҳими, амалий ишлар натижасида 3859 та ажрашиш борасида судга ариза берган ва 30145 та ажрим ёқасига келиб қолган оилани яраштиришга муваффақ бўлинган, натижада 43229 нафар фарзандлар ярим етим бўлишдан сақлаб қолинган.

Иштирокчилар мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган тизимли ишлар тўғрисидаги маълумотларни жамоатчиликка тезкор ва сифатли етказиш, оила мавзусини ёритишда журналистлар этикаси, масъулияти ва маҳорати масалалари, оилани ҳимоя қилиш ҳуқуқи, оилавий қадриятлар ва анъаналарнинг жаҳон номоддий мероси сифатидаги ўрни, оилавий муносабатларнинг болани баркамол шахс сифатида шаклланишидаги таъсири каби мавзуларда атрофлича фикр алмашдилар. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларида замонавий оила қиёфасини тарғиб қилиш, оила мавзусини стереотиплар асосида ёритилиши ва бу борада журналист этикаси каби масалалар таҳлил қилинди.

Конференция иштирокчилари 5 та гуруҳга бўлинган ҳолда Ўзбекистон ОАВларида замонавий оила мавзусини ёритишнинг шакл ва услублари, оиладаги ўзаро муносабатлар мустаҳкамлигига эришиш, маънавий-маданий муҳитни яхшилаш ва зиддиятли ҳолатларга барҳам беришда уларнинг ролини ошириш каби йўналишларда ўз таклиф ва тавсияларини ишлаб чиқдилар. Шунингдек, ОАВда оила мавзусини ёритишда ўзини оқламайдиган, маънавиятимизга зид стереотиплардан воз кечиш, журналист этикасига доир мулоҳазалар борасидаги фикрлар билдирилди.

Шунингдек, “Оила — энг улуғ қадрият” республика танлови ғолиблари пойтахтимизнинг “Central Park” истироҳат боғида марказининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

 

Мадина ҲАМДАМОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири