-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Замонавий “изқувар” ёхуд Республика суд-экспертиза маркази фаолиятига бир назар (2019 йил, 20 сон)

21.05.2019

ПОРАХЎРЛИК, коррупция, таъмагирлик, терроризм каби жиноят ишларини фош этишда суд-фонография экспертизаси муҳим аҳамиятга эга.

Бу турдаги экспертизани ўтказиш суд ва тергов идораларининг кўплаб мурожаатларини ҳисобга олиб, Марказий Осиёда биринчи бўлиб, Ўзбекистонда 1992 йилда ташкил қилинди. “Фонография” жумласи грекча

сўз бўлиб, “phone — товуш, ­овоз, нутқ, шовқин grapho — чизаман, ёзаман, қарайман, кўриб чиқаман”, деган маъноларни билдиради.

Ушбу жумла биринчи бўлиб, XX асрнинг 60 йилларида польшалик криминолог А.Шварц томонидан қўлланилган.

Суд-фонография экспертизасининг мақсади тадқиқот қилинувчи фонограмма ёзиб ­олинган асбоб-ускунани, рақамли товуш ёзиш мосламаларига ­ёзиб олинган суҳбат (фонограмма)ни текшириш натижасида иш бўйича аҳамият касб этадиган далилий фактлар, яъни суҳбат мазмуни, иштирок этган шахс­лар сони, жинси, шахсни, суҳбат шароитлари ва бошқаларни ­аниқлашга қаратилгандир.

Ҳозирги кунда Республика суд-экспертизаси марказида суд-­фонография экспертизаси лабораториясининг экспертлари
томонидан таққослаш, диагнос­тик айрим ҳолларда эса таснифлаш масалалари ҳал қилиниб келинмоқда. Эслатиб ўтиш жоизки, авваллари ўзбек тилида бўлган фонограммалар ҳеч қаерда тадқиқот қилинмаган. Айни вақтда марказда суд-фонография экспертизасини рус ва ўзбек тилларида ўтказиш ташкил қилинган ягона муассаса ҳисоб­ланади. Зарур ҳолларда эса тегишли мутахассислар жалб этилиб, бошқа тилдаги фонограммаларни ҳам текшириш мумкин.

Суд-фонография экспертизасининг объектларига қуйидагилар киради: оғзаки нутқ аудио-­видео фонограммаси, фоног­рамманинг стенограммаси ва товуш ёзиб олувчи воситалардир (рақамли диктофон, уяли телефон аппарати, флэш-хотира картаси, компакт ва рақамли диск ва ҳоказолар).

Экспертиза тайинланаётганда бу ҳа­қдаги қарорда ҳар доим тадқиқот қилинувчи объектлар аниқ ва лўнда кўрсатилиши лозим. Бунинг учун суҳбатнинг бош­ланиш ва тугалланиш сўзлари, уни масалан, компакт диск­нинг қайси файли ёки рақамли диктофоннинг нечанчи йўлакчасида ёзилган эканлиги баён қилиниши шарт.

Эксперт текшириши лозим бўлган объектлар ва ашёвий далиллар экспертга ўралган (қадоқланган) ва муҳрланган ҳолда тақдим этилиши керак.

Суд-тергов органи ходими гумонланувчидан намуна олаётганда унга матнни ўқиттириб намуна олиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки эркин равишда гапираётган шахс билан бирон- бир матнни ўқиётган шахснинг ҳолати икки хил бўлиши маълум, бундан ташқари, ўқилган матнларда шахс, ўзига хос бўлган сўзларни, ибораларни, гап тузишларни қўлламайди. Бу ­эса, ўз навбатида, тадқиқот ўтказиш жараёнига салбий таъсир кўрсатади.

Фонография экспертизасини тадқиқотлари орасида аудитив ва лингвистик тадқиқот асосий ўринни эгаллайди. ­Аудитив таҳлил орқали шахснинг қайси жинсга, нутқнинг қайси ҳудуд шевасига мансублиги, баъзан касби, нутқи рус тилида бўлсада она тили қайси тил эканлиги, нутқидаги камчиликлар, ёзиб олиш жараёнида шахснинг ҳиссий ҳолати ва бошқалар аниқланиши мумкин.

Юқорида баён этилганларга мисол қилиб эксперт амалиётида бўлиб ўтган қуйидаги ҳолатни келтириш мумкин: рес­публикамиз вилоятларининг биридан тайинланган экспертизада шундай бир воқеа бўлган. Келин қайнонаси билан ­урушиб қолади. Оқибатда ошхонага кириб ўзига-ўзи пичоқ санчийди. Буни қўшнилардан бири беҳосдан кўриб қолиб, уни қутқариб қолади. Келин эса ўлмаганига шарманда бўлмай деб, ўзига-ўзи керосин сепиб олов қўяди. Ҳовлида қий-чув бошланади. Шу пайт келиннинг қайниопаси келиб қолади ва уни тезда касалхонага олиб боради. Бўлиб ўтган фожиадан хабар топган тергов органлари ўз вакилини зудлик билан касалхонага юборишади. Терговчи етиб келиб, оғир аҳволда ётган, ўлим билан ­олишаётган келиннинг кўрсатмаларини диктофонга ёзиб олади. Оғриқ азобида чинқириб ва орада терговчи берган саволларга жавоб бераётган келин даҳшатли қичқириб бир оздан сўнг вафот этади. Келиннинг ота-онаси табиийки, диктофонни эшитиб ўз қизининг овозини танишмайди ва турли эътирозлар келтира бошлайдилар. Чунки диктофонга ёзиб олинган кўрсатмаларда келин қайнона билан келишмаганлиги туфайли ўзига-ўзи пичоқ урганлиги ва ўлмай колганлиги сабабли шарманда бўлмай, деб ўзини ёқиб юборганини айтади. Лекин унинг оила аъзолари бу овоз қизимизники эмас, қайниопаси терговчи билан келишиб, атайлаб овозини ўзгартириб ёзган дейишиб, юқори турувчи инстанцияларга шикоят аризаларини ёза бошлашади. Натижада, шикоят аризаларида кўрсатилган важларни текшириш учун касалхонада ёзилган суҳбат ва қайниопанинг овози ва нутқи намуналари олиниб суд-фонография экспертизаси тайинланади. Ушбу иш бўйича ўтказилган экспертиза жараёнида экспертлар анчагина мураккабликларни бошдан кечирдилар. Касалхонада ёзилган суҳ­бат чоғида терговчининг саволларига келин бутун бадани куйиб, эриб кетганлиги сабабли, азобли оғриқ билан чинқириқлари аралаш жавоб берар ва суҳбат унинг ўлим билан олишаётиб аянчли қичқирган ҳолда жон таслим бўлиши билан якунланган эди. Экспертиза ўтказиш жараёнида жуда кўплаб тиббиётга оид бўлган адабиётларни ҳам ўрганиб чиқдик. Танаси куйган, оғриқ азобларида бўлган шахсларнинг психик, физик ҳолатлари ва бундай вақтда овоз ва нутқдаги ўзгаришлар борасида изландик. Маълумки, ­одам танаси таркибининг асосий қис­ми сувдан иборат. Шу сабабли ёнган тери тезда эриб, куйиб, бир-бирига ёпишиб қолади. Ушбу ишда терговчи кўрсатмаларини ёзиб олган аёлнинг (шахснинг) оғзи, юзи терилари куйиб кетганлиги ва ёпишиб қолганлиги сабабли, нутқ аъзоларида ҳосил бўлаётган товушлар оғиз терисининг ёпишиб кетганлиги учун овози яхши чиқмай чи­йиллаб, гоҳида хириллаб бурун орқали талаффуз қилинганлиги аниқланди. Овоз ушбу ҳолатда тезлиги бўйича нотекис, ноаниқ, рангсиз ёки тезлашиб кетиши мумкинлиги исботланди.

Намуна сифатида ёзиб ­олин­ган қайниопанинг ёши катта бўлиб, унинг овози баланд, йўғон, тезлиги ўртача, сўз ва ­ибораларни қўллаш тартиби ҳам ўзгача. Касалхонада олинган фонограммада эса аёлнинг овози жарангли, ёшида ҳам фарқ катта эди. Лекин юқорида келтирилган тафсилотларни соғлом одам атайлаб ўзгартириш хусусиятига эга эмас. Инструментал (асбоб-ускунали) таҳлил ҳам ушбу овозлар ва нутқлар бир шахсга эмас, балки турли хил ёшдаги икки шахсга тегишли эканлигини кўрсатди.

Юқоридагиларни инобатга олиб тақдим қилинган терговчи касалхонада ёзиб олган суҳбат иштирокчисининг овози ва нутқи намуна сифатида тақдим қилинган қайниопанинг овози ва нутқига тегишли эмас, деган хулосага келинди.

 

Нигора АБРОРОВА,

Республика суд-экспертизаси марказининг суд-фонография экспертизаси лабораторияси мудири