-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тадбиркор муаммоси янада қисқа вақт ичида ҳал бўлади (2019 йил, 20 сон)

23.05.2019

ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тадбиркорлик борасида амалга ошираётган ишларимизни янада ривожлантириш учун ҳуқуқий асос бўлди.

Фармонга мувофиқ, Бош вазирнинг туман (шаҳарлар)даги қабулхоналари жойлардаги давлат хизматлари марказлари биноларига жойлаштирилмоқда.

Барчамизга маълумки, тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини ташкил этишдан бошлаб — қурилишга рухсат олиш, муҳандислик коммуникация тармоқларига уланиш, айрим фаолият турлари учун лицензия ва рухсатномаларни олишгача бўлган барча жараённи айнан давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширади.

Шундай экан, Бош вазир қабулхоналарининг давлат хизматлари кўрсатиш марказлари билан бир бинода жойлаштирилиши ҳам — шубҳасиз, тадбиркорларимиз, жумладан, хорижий инвесторлар учун ҳам айни муддао бўлмоқда.

Эндиликда муаммо ва таклифлар билан келган тадбиркорлар қулай шароитларга эга бўлган давлат хизматлари марказларида тегишли давлат органлари вакиллари иштирокида қабул қилинади. Мурожаатни жойида ҳал қилинишига эътибор берилади ҳамда жойида ҳал қилиш имконияти бўлмаганлари ваколатли идорага назоратга олинган ҳолда юборилади.

Шунингдек, ваколатли органларнинг биринчи раҳбарлари қабулхона топшириғини кўриб чиқадилар, натижалари ва қабул қилинган қарорлар тўғрисида 7 кун муддатда қабулхонага ёзма равишда ахборот берадилар.

Ҳар бир мурожаат “business.gov.uz” ахборот тизимига киритиб борилади ва мурожаатчига ўзининг шахсий кабинети орқали “онлайн” реал вақт режимида аризани кўриб чиқиш босқичини кузатиб бориш имконияти яратилади.

Агарда, мурожаатда кўрсатилган қонуний талаблар ва таклифларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасида ҳал қилиш имконияти бўлмаса, кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасининг Қабулхоналар фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибиятига юборилади.

Мазкур котибият эса белгиланган қисқа муддатларда тегишли республика ташкилотлари орқали мурожаатни ҳал қилиш чораларини кўради.

Бир сўз билан айтганда, ушбу Фармон — ҳеч шубҳасиз, тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри, шаффоф мулоқотни йўлга қўйиш орқали, улар муаммоларининг қисқа вақт ичида ҳал этилишида муҳим ўрин тутади.

Адҳам БАРАТОВ,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари ­Агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари