-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ўтирган ўринни тозалаш керакми? Ёки булғаш? (2019 йил, 20 сон)

23.05.2019

ҲАР куни иш, ўқиш, юмуш билан кўчага отланамиз. Одамлар орасида одимлаймиз. Гоҳида толиққан пайтларимиз бироз ҳордиқ олиш учун сўлим хиёбонларда сайр қиламиз. Лекин бу жойлар ҳам кимсасиз эмас. Хуллас, ҳамиша, ҳар дақиқа одамлар қуршовидамиз. Шундай экан, одамлар оралаб юриш, кўпнинг ичида ўтириб-туриш ҳамда сўлим хиёбонларда сайр қилишнинг ҳам ўз тартиб-қоидалари бор, десак адашмаймиз. Ана шундай кезлари кишининг таъбини хира қиладиган манзаралар ҳам учраб туради. Бу эса, ўз навбатида, жамоатчилик фикри билан ҳисоблашмаслик туфайли юз беради. Зеро, бу ҳаракатларимиз жамоат жойининг талабларига тамоман зиддир.

Гўзал пойтахтимизнинг энг сўлим ва юртимизга келган саёҳатчиларнинг илк ташриф буюрадиган гавжум масканларидан бири Сайилгоҳ кўчасидаги Адлия вазирлиги биносининг ­атрофидаги бежирим, доира шаклида ўрнатилган ўриндиқларнинг ҳозирги аҳволини кўриб ачиндик. Улар ўқувчиларнинг “черновик” қоғозига ўхшаб, ранг-баранг тасвирларга тўлиб кетган. Ўриндиқнинг бутун девори ҳар хил бемани ва хунук сўзлар, турли тиллардаги дил изҳорлари билан безалиб, “санъат асари”га айланиб улгурган. Гапнинг қисқасини айтганда, бу ўриндиқларнинг деворини “бемани сўзлар луғати”, десак ­адашмаймиз. Эсимда, бундан бир неча ой илгари Сайилгоҳ кўчаси ободонлаштирилиб, кўркига кўрк қўшиш учун қурилишлар олиб борилган эди. Ушбу ­ажойиб усулда ўрнатилган ўриндиқлар тамомила бошқача кўринишда бўлган. Деворлари оппоқ, ўтириб дам олган инсонларнинг баҳри дили очиларди. Кейинчалик эса, мен таъкидлаган кўринишга тушиб қолгани айрим “замонавий” ёшларнинг саъй-ҳаракатлари, деб биламан. Ўйлаб кўрайлик, бу кўчадан кимлар ўтади? Нафақат мамлакатимиз аҳолиси, балки хориж фуқароларини ҳам шу кўчада учратамиз. Ҳар ҳолда саёҳатчилар мезбон юртида бундай манзараларнинг пайдо бўлишига ҳиссасини қўшмаслигини барчамиз яхши биламиз. Аниқроқ қилиб айтганда, ёши катталардан кўра, ёшларнинг кўчадан ўтиши кўпроқдир. Шу ўринда, омманинг маънавияти билан ҳисоблашмайдиган, жамоат жойларининг тартиб-қоидаларини менсимайдиган “оғзим қийшиқ бўлса ҳам хоҳлаганимни сўзлайман, ақлим қисқа бўлса сиздан кўра дономан”, қабилидаги қарашлар билан ҳаётга боқадиган ёшларимизнинг иши эмасмикан? Таъкидлаш керакки, бир ҳақиқат бор: ҳеч ким ўзгалар наздида ёмон кўринишни хоҳламайди. Инсон борки, атроф­дагиларга ўзи ҳақида ёрқин таассурот қолдиришни истайди. Шунинг учун ҳам ёшми, қарими жамоат жойларининг ­ёзилмаган қонун-қоидаларига амал қилиши ҳам яхши, гўзал хулқдан далолатдир. Юқоридаги ўриндиқлар ҳақидаги мавзу атрофида бироз мулоҳаза юритишга ҳам қарор қилганимиз шундан. Театр арбобларидан бири шундай деган: “Саҳнада милтиқ осиғлиқ бўлса, у отилиши шарт”. Башарти, биз яшаб турган жамиятда, муаммо мавжуд экан, жамоатчиликда унга нисбатан муносабат шаклланиши лозим. Жамоат жойларидаги тартиб-қоидаларнинг назорат этилишини жамоанинг ўзидан яхшироқ назорат қилувчи йўқ. Бунинг учун айрим Ғарб давлатларида жорий қилингани сингари “Ахлоқ полицияси” фаолиятини йўлга қўйиш ҳам шарт ­эмас, назаримда. Ўзимиз қилаётган хатти-ҳаракатларга четдан баҳо бериб, уни назорат қилишимиз керак, холос.

 

Гулҳаё НУРМЕТОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири