-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Адлия тизимидаги янги таълим даргоҳлари: юридик коллежга ўқишга кириш, у ерда таҳсил олиш қандай амалга оширилади? (2019 йил, 21 сон)

28.05.2019

МАМЛАКАТИМИЗ ҳудудларида янги таълим муассасаларининг ташкил этилиши, кадрлар тайёрлашнинг замонавий таълим йўналишлари ва мутахассислик­лари, сиртқи ва кечки бўлимларнинг очилиши, қолаверса, олий таълим муассасаларига қабул квоталарининг оширилиши, энг аввало, юрт келажаги, ёшларнинг ўз соҳасининг билимдони, салоҳиятли кадр бўлиб етишишига асос бўлади.

Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Рес­публикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори эса ёшларга бўлган эътибор ва имтиёзларнинг яна бир намунаси сифатида намоён бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу Қарори билан юридик коллежларнинг ўқув-методик жараёнини мувофиқлаштириш, уларга амалий ва ахборот-ресурслари жиҳатдан кўмаклашиш Тошкент давлат ­юридик университети томонидан, уларнинг фаолиятига раҳбарлик қилиш ва назоратни ташкил этиш ҳамда ташкилий-кадр­лар базасини мустаҳкамлаш эса ҳудудий адлия органлари томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Айни пайтда Адлия вазирлиги тасарруфидаги юридик коллежларга 2019-2020 ўқув йили учун ўқишга қабул қилиш бўйича тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бош­лиғи Акбар Абраев билан суҳбатимиз ҳам айнан шу хусусда бўлди.

— Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 октябрдаги 858-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик коллежларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом”га мувофиқ, абитуриентларни Адлия вазирлигининг юридик коллежларига ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланган. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар асосида Адлия вазири буйруғи билан вазирлик тасарруфидаги юридик коллежларга 2019-2020 ўқув йили учун ўқувчиларни қабул қилиш бўйича квоталар тасдиқланди.

Ҳужжатга мувофиқ, Тошкент шаҳри юридик коллежига 300 нафар ўқувчи қабул қилиниши белгиланган.

Ҳозирги кунда юридик коллежнинг жамиятдаги ва таълим тизимидаги нуфузи, обрў-эътиборини, ўқув жараёнини сифат даражасини ошириш мақсадида, барча ўқув бинолари, спорт майдончалари замонавий кўринишда таъмирланиб, зарур ўқув адабиётлари ва ахборот-технология жиҳозлари билан таъминланди ҳамда ўқувчиларни қабул қилиш жараёнига пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

— Жорий йилда олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш тартибига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Энди абитуриентлар Тошкент шаҳар юридик коллежи билан бир вақтда бошқа олий таълим муассасасига ҳужжат топшира ­оладими?

— Албатта. Ҳукуматнинг 2018 йил 23 октябрдаги 858-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик коллежларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ, юридик коллежларга қабул қилишда абитуриент қабул комиссиясига умумий ўрта таълим (11-синф негизида), академик лицей ва касб-ҳунар коллеж муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатни тақдим этади. Қабул комиссияси аъзоси ҳужжатнинг нусхасини унинг асли билан таққослаб, ҳужжатнинг аслини ариза берувчига қайтаради. Шу сабабли бошқа таълим муассасасига ҳужжат топшириш имкони мавжуд бўлади.

— Шу ўринда яна бир савол. Дейлик, боқувчиси йўқ, кам таъминланган оиланинг фарзанди юридик соҳага қизиқади. Лекин уни контракт тўлашга имкони бўлмаса, бундай абитуриентга қандай имтиёзлар берилади?

— Юқоридаги низомга мувофиқ, кам таъминланган оилалар ва кўзи ожиз абитуриентлар ҳамда “Меҳрибонлик уй”ларининг тарбияланувчилари махсус ажратилган ўринларга давлат гранти асосида қабул қилинади.

Хусусан, кам таъминланган ­оилалардан абитуриентлар, “Меҳ­­рибонлик уй”ларининг тарбияланувчилари, шунингдек, кўзи ожиз абитуриентлар натижалари алоҳида йиғма қайдномаларда кўрсатилади.

Бунда кўзи ожиз абитуриентларни қабул қилиш учун танлов ёзма имтиҳон натижаларига кўра, кўп балли ёхуд анъанавий беш балли тизим асосида амалга оширилади.

Йиғма қайдномада кўзи ожиз абитуриентлар рўйхати ҳар бир мутахассислик ва касб бўйича кўп балли ёхуд тегишли анъанавий беш балли тизим асосида тўпланган энг юқори баллдан бош­лаб камайиб бориш тартибида жойлаштирилади. Танлов натижалари кўзи ожиз абитуриентларга танлов ўтказилган куни эълон қилинади.

— Абитуриентлар билим даражасини холисона баҳолашда мутахассисликка оид фанларнинг роли ва аҳамияти катта бўлади. Шу маънода айтганда, юридик коллежга кириш имтиҳонлари қайси фанлардан бўлади?

— Дарҳақиқат, юридик коллежларга ўқишга қабул қилиш бўйича танловлар ёзма имтиҳон шаклида 1 июлдан 10 июлгача бўлган муддатда “Ҳуқуқшунослик” ва ­“Она тили ва адабиёти” (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) фанлари бўйича ўтказилади. Таъкидлаш керак, ёзма имтиҳон олинадиган фанлар дастури, қоида тариқасида, имтиҳон бошланишидан бир ой олдин қабул комиссиясининг ахборот стендлари ва юридик коллежлар веб-сайтига жойлаштирилади.

Юридик коллежларда ўқитиш тили тасдиқланган қабул квоталари доирасида абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинишига қадар Адлия вазирлиги томонидан белгиланади ва тасдиқланади.

— Хорижий фуқаролар ­учун ҳужжат қабул қилиш ва имтиҳон олиш қандай тартибда амалга оширилади?

— Ҳукуматнинг 2018 йил 23 октябрдаги 858-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Рес­публикаси Адлия вазирлигининг юридик коллежларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ, хорижий фуқароларни (хорижий давлат фуқароси бўлган жисмоний шахсни, шунингдек, хорижий давлат ҳудудида доимий равишда истиқомат қиладиган фуқаролиги бўлмаган шахсларни) юридик коллежга ўқишга қабул қилиш юридик коллежлар томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган суҳбат натижаси бўйича амалга оширилади.

Хорижий фуқароларни юридик коллежларга ўқишга қабул қилиш қабул квотасидан ташқари Адлия вазирлиги томонидан белгиланган ўринлар сонига мувофиқ, тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

— Юридик коллежни муваффақиятли тамомлаган ўқувчилар учун қандай имтиёз ва афзалликлар мавжуд?

— Ҳукуматнинг 2018 йил 24 июлдаги 573-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Респуб­ликаси Адлия вазирлиги юридик коллежлари битирувчиларини Тошкент давлат юридик университети бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги низомга мувофиқ, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб юридик коллежлар битирувчилари Тошкент давлат юридик университетига ҳудудий адлия органларининг йўлланмалари бўйича кириш тест синовларисиз якка тартибдаги суҳбат ўтказиш орқали бакалаврларни тайёрлашнинг махсус уч йиллик дастури бўйича ва ўқишнинг тугашидан сўнг тақсимотга мувофиқ уч йил давомида узлуксиз ишлаб бериш мажбуриятини олган ҳолда киришга ҳақли эканлиги белгиланган.

Масалан, махсус комиссия томонидан қуйидаги белгиланган талаблар ўрганиб чиқилади. Унга кўра, юридик коллеж битирувчисининг ўзлаштириш кўрсаткичи рейтинг натижалари бўйича барча фанлардан 71 ва ундан ортиқ фоизни ташкил қилиши керак. Шунингдек, битирувчининг юридик коллеж ижтимоий ҳаётидаги фаол иштироки, ўрнатилган ички тартиб-қоидалар, одоб-ахлоқ нормаларига риоя этиши ва намунали хулқ-атворга эгалиги ­эътиборга олинади. Тақдим этиладиган йўлланмаларнинг умумий сони юридик коллеж жами битирувчилари сонининг 30 фоизидан ошмаслиги керак.

— Тошкент шаҳар юридик коллежига республикамизнинг бошқа ҳудудларидан келган ­абитуриентлар ҳам ҳужжат топшириши мумкинми?

— Ҳукуматнинг 2018 йил 23 октябрдаги 858-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Респуб­ликаси Адлия вазирлигининг юридик коллежларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низомда Республиканинг бошқа ҳудудларидан келган ­абитуриентларга Тошкент шаҳар юридик коллежига ҳужжат топширилишига таъқиқ мавжуд эмас.

Шу боис фарзандининг ўзи танлаган касбни пухта ўзлаштиришига, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш ҳар бир ота-­она олдидаги муҳим вазифа бўлгани сингари, давлатимизнинг ҳам диққат ва эътибор марказида турибди.

 

Гулсум ШОДИЕВА,

 “Инсон ва қонун” мухбири