-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Юракнинг оғир зарблари ёки ички касалларимиз варақаси (2019 йил, 21 сон)

28.05.2019

ҲАЁТ деган чексиз уммонда сузаяпмиз. Ҳар қайси ­замонда, ҳар қандай маконда умрнинг оқ ва қора ранг­лари, яхши ва ёмон кунлари, тўғри ва эгри йўллари, чиройли ва хунук манзаралари борлиги барчамизга ­аён. Қуйидаги ҳолатлар эса юракнинг кучли ва оғир зарбларига сабаб бўлмоқда. Улар жамиятимизнинг ички касалликлари варақаси.

 

Муаммолар тингланди, аммо бирортаси ечим топмади...

Навоий шаҳрини нафақат ­Ўзбекистонда, балки бир қатор чет мамлакатларда ҳам яхши билишади. Эндигина 60 ёшга тўлган зумрад шаҳарда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, дунёга довруғи кетган корхона-ю маҳобатли иншоотлар эса бир неча юз йиллик тарихга эга кентларникидан қолишмайди. Шаҳримизда турли миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Аниқроғи, 80 дан ортиқ миллат вакиллари бир оға-инидек яшашига кўпларнинг ҳаваси келади. Шаҳарда 30 та ­ўзини ўзи бошқариш органи одамларнинг қувонч ва ташвишларига шерик. Аммо айрим муаммолар бу шаҳар аҳолиси учун ҳам бегона эмас. “Ўзбекистон” маҳалласи шаҳарнинг қоқ марказида, биринчи микрорайонида жойлашган. 5700 нафар аҳоли, 1832 та оила истиқомат қилади. Ўтган шанба куни маҳалладошларни йиғилишга тўплашди.

Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати Ғолиб Назаров раислик қилган мажлисда “Ўзбекистон” маҳалласига
янги сайланган маҳалла раиси Нормурод Эсанов, шу ҳудудга масъ­ул бўлган шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Ҳусниддин Нурматовлар ва шунингдек, шаҳардаги баъзи ташкилот раҳбарлари, ҳудуддаги қаҳвахона ва чойхона вакиллари, хуллас, 100 дан ортиқ фуқаролар иштирок этди.

Кун тартибидаги масала — аҳолининг муаммоларини эшитиш ва унга ечим топиш. Кимдир уй йўлагидан машина ўтаётганлигидан норози бўлса, кимдир шаҳардаги 13-умумий таълим мактабига бо­радиган йўлда болалар учун йўлак йўқлиги бир неча йилдан буён ­ота-оналарни хавотирга солиб келаётганлиги, яна кимнидир ­хонадонлардаги жўмраклардан иссиқ сув ўрнига бир соатлаб совуқ сув оқиб туришию, унинг ҳақини тўлаш чақиб кетаётганлиги ҳақида, сув ва газ ўлчагичларини назоратдан ўтказишдаги нохушлик­лар, чойхонадаги тонготар мусиқалар фуқароларнинг тинчини бузаётганлиги, қаровсиз ит ва мушуклар муаммосигача ўртага ташланди. Бир неча ой, бир неча йиллардан буён ўз ечимини кутаётган юқоридаги муаммолар ва турмуш ўртоғи оғир хасталикдан сўнг оламдан ўтган аёлнинг беш ойдан буён маҳалла эшигида ёрдам сўраб сарғайиши, уч боласи билан қийналиб мурожаат қилган муҳтож оилага маҳалланинг нима сабабдан ёрдам кўрсатмаганлигини тушунолмадик.

Фуқаролар ўз муаммоларини куйиб-ёниб баён қилишди. Депутат эса маҳалла котибига “Барчасини протоколга ёзинг, Навоий кон-металлургия комбинати бош директорининг ўринбосарига ва шаҳар ҳокимига, ­яна керакли идораларга хат тайёрлаб ҳал қиламиз, керак бўлса, вилоят ҳокимига, Президентга мурожаат қиламиз”, дейишдан нарига ўтолмади. Ҳатто, ҳассага таяниб, умид билан келган ­одамларнинг қимматли вақти кетган мажлисда лоақал бирорта ҳам муаммо жойи­да ҳал этилмади. Ваҳоланки, бу муаммолар вилоят ҳокими ёрдамисиз ҳал этса бўладиган оддий муаммолар эди. Бу йиғилишни халқнинг дардини эшитиш учун ­эмас, хўжакўрсинга ўз ҳисоботлари ­учун ўтказилган, дейиш мумкин. Чунки муаммоларни у қоғоздан бу қоғозга кўчириш эмас, балки ­ечишга ўрганиш замони аллақачон келганлигини бу масъуллар ҳали тушунмаганга ўхшайди. Бундай мақсадсиз йиғилишлардан, эски ҳаммом, эски тослардан қачон қутуламиз?

 

Навоий асарларини ­билмайдигантарбиячилар

Навоий бобомиз “Жаҳолат ўлимдир, билим — тириклик” деса, Беҳбудий бобомиз “Илмсизлик — барча иллатларнинг калитидир”, деб ёзган эди. Февраль ойининг бошлари, ғазал мулкининг султони Алишер Навоийнинг таваллуд куни арафасида эди. Шаҳардаги мактабгача таълим муассасаларидан бирига “Навоийхонлик” маънавият ва маърифат соатига таклиф қилишди. Тадбирга бир иккита маҳалла фаоллари, асосан мактабгача тарбия масканидаги тарбиячилар тўпланишди. Шунчалик оддий ва шунчалар мазмунсиз бир тадбир бўлдики, ҳатто уни Навоийнинг номига арзийдиган тадбир, дейишга ҳам тил бормайди. Қарийб олти асрким буюк мутафаккир асарлари замон ва макон чегараларини билмай, миллатлар эҳтиёжига айланган бир пайтда, бутун жаҳон Ҳазрат Навоийнинг руҳини шод қилайлик, деб ­унинг ижодига эҳтиром кўрсатиб, таъзим қилсаю, Навоий номини олган шаҳарда тарбиячи, деганлар шу улуғ зотга бағишланган тадбирда шоир ижодидан бирор сўз, дея олмаса, бирор мисра ёд айтолмаса...

Шоирнинг улуғ меросидан ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, маънавиятни юксакликка кўтаришда, инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифат қуролига эга бўлишимиз мумкинлиги етти ухлаб тушига кирмайдиган бу тарбиячилар болаларга нимани ўргатишга қодир? На кийиниш маданияти, на илм ва маърифат бобида бу тарбиячилардан ўрнак олгулик жиҳатлар йўқлиги наҳотки, мутасаддиларни ташвишга солмаётганлигидан таажжубландик. Энг афсусланарли жойи шундаки, болаларнинг келажагига пойдевор қўйилаётган бу масканларнинг аҳволи шу бўлса, бошқалардан нимани ҳам кутиш мумкин? Тарбиячининг ­ўзи тарбияланган бўлиши керак, деган қоидани унутган бу муассасаларга юқори ташкилотлар “яхшироқ” эътибор қаратишса ёмон бўлмасди.

 

“Қўлингизни ўпсам, ноннинг иси келар...”

Навоий шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи”да Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан болаларни табиатни севишга ўргатиш мақсадида табиат сайли ташкил этилди. Тадбир баҳонасида асосий эътибор бу мас­канда тарбияланаётган ўғил-қизларнинг кўнглини кўтариш, уларга ҳаётдан, табиатдан завқланишни ўргатишга қаратилди.

“Меҳрибонлик уйи” директори Дилбар Орзиева жуда меҳрибон аёл. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси унвонига сазовор бўлган фидойи раҳбар. Бир юз ўн тўрт болага ўз боласидек меҳр улашади. Ҳар бир тарбияланувчининг қалбига қулоқ солади, кўзига қараб дилидагини уқиб олади.

Тадбир болаларни қувнатадиган даражада мароқли ўтаётганлигига қарамасдан биринчи қаторда ўтирган тўрт-беш ёшлар чамасидаги болакайнинг қовоғи уйилган, чеҳраси очилмади. Қўлидан тутиб, бирор ширин сўз айтсангиз, йиғлаб юбориши ҳам аниқ.

Шу ёқимтой болакайдан кўзимизни узмаслигимиз саволини тушунган Дилбар опа “Бу ерга келганига беш кун бўлди, ҳеч кимга қўшилмайди, ўрганолмаяпти, онасини соғинаяпти”, ­дея изоҳ берди. Ўн етти ёшида шаръий никоҳ билан дунёга келтирган боласини боқиб, тарбиялаш ўрнига, оиласиз саёқ юриб, иккинчи фарзандни орттиргач, уларни боқолмайман, деб фарзандидан кечган қизнинг хатоси жабрини шу мунисгина болажон тортаяпти экан.

Дилбар опанинг юраги яна сел бўлди: “Меҳрибонлик уйи”нинг аксарият болалари ота-­онаси бор ўғил-қизлар. Қимматбаҳо машиналарда юрадиган айрим бадавлат оталар ҳам бир йилда бир марта “Меҳрибонлик уйи” эшигидан фарзандини сўраб келмайди. Дугоналари билан кафема-кафе зиёфатдан бўшамайдиган баъзи бемеҳр оналар эса боласига бир дона конфетни раво кўрмайди. Болалар эса ота-онасини интизор бўлиб кутади, зор бўлиб кутади. Бир вақтлар онаси берган рўмолчани ёстиғи остига қўйиб ухлайди, онасини соғиниб йиғлайди, отасини кўргиси келади. Дунёнинг барча бойликларини берсангиз ҳам ота-онаси берган бир бурда нондек бўлмаслигини уларнинг кўзлари, айтолмаган сўзлари билдириб туради...”.

Ҳақиқатан ҳам тадбирда “Қўлингизни ўпсам, ноннинг ­иси келар...”, деган сатрларни соғинч билан айтаётган ўсмир қизнинг ­овози, қўллари ҳаяжондан тит­рарди. Болалар ёд айтган аксарият шеърлар ота-она соғинчи ва меҳр ҳақида. Улар юракка ботадиган сатрларни топиб ёдлашган. Меҳр нима ­ўзи, деб сўраймиз Дилбар опадан. У саволимизга савол билан жавоб беради: “Меҳр... Ўзига тўқ, данғиллама уйи, жойи бор айрим оталарнинг ўз қизидан қизғанган бир парча ноними, раво кўрмаган жойими меҳр, дариғ тутган сўзими меҳр? Дилбандини “Меҳрибонлик уйи”га топшириб, ўз тинчини ўйлаб, йиллар давомида бир қиё боқмаган, бир бор сўрамаган бағирдаги тошми меҳр? Давлатимиз томонидан яратилган яхши шароитлару, тарбиячиларнинг чексиз меҳрибонлиги ҳам ўрнини боса олмаган, ўз боласини зор қақшатган ота-она дийдорими меҳр? Нима у меҳр?!”.

Тўғри, “Меҳрибонлик уйи”да ҳамма шароитлар бор, давлат бераётган нону туз, тарбиячилар бераётган меҳр, ҳаммаси беминнат. Аммо болаларга ­оила қувончи, ота-оналар бахти етишмайди. Шундай экан, маҳаллага бориб, “Боламни боқолмайман, маълумотнома беринг, “Меҳрибонлик уйи”га топшираман”, дегувчиларга бошқача йўл тутиш керакмикин? Уларга ёрдам бериш, иш билан таъминлаш, болаларини болалар боғчасига имтиёзли равишда жойлаштириш, маҳалласидаги ўзига тўқ оилалар билан суҳбатлашиб, бу ночор оилани қўллаб-қувватлаш ҳақида алоҳида йўл харитаси тузиш зарурга ўхшайди. Болаларнинг кўнглини синдирмаслик учун нимаики зарур бўлса, ҳозир қилишимиз керак. Улар оила бағрида ўсиб, улғайсин, кўнгли кемтик, дили ўксик бўлмасин. Ахир, бунга имкониятларимиз етиб ортади-ку!

 

Мактабда ўқиётган куёв

Халқимизда савобли хайрия тадбирлари, саховатли инсонлар кундан-кунга кўпаяётганлигига гувоҳмиз. Аммо савоб оламан, деб ёки “Қош қўяман, деб кўз чиқариш” ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Вилоят отинойиси бир гуруҳ ҳожи оналар ҳомийлиги билан 10 та келин-куёвнинг никоҳ тўйи ҳамда 20 га яқин боланинг ёш тўйини ўтказишга қарор қилди. Ноз-неъматларга тўла, тўкин-сочин тўй дас­турхони, келин-куёвларга ва суннат тўйи болаларига қимматбаҳо совғалар ҳозирланди. Карманадаги катта тўйхонада хайрия тўйи тантанаси бошланди. Келин-куёвлар, тўй болалар ва уларнинг ота-­оналари, яқинлари давра тўридан жой олди. Вилоятнинг бош имом-хатиби, ­отинойиси, Навоий шаҳар ҳамда Кармана тумани ҳокими ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмитаси раислари бирин-кетин тўй минбарига чиқиб, хайрия тадбири ҳақида тўлиб-тошиб фикр билдиришди, ёш оилаларни табриклашди, қутлашди. Тўй сабабчиларининг барчасига тайёрланган совғалар бирма-бир тарқатилди.

Саховатли халқимиз борлигидан фахрланиш туйғуларини келин-куёвларнинг 
ўз тилидан ­эшитиш ниятида улар турган саҳнага кўтарилдим. Одатда ­улардан бундай вақтда нимани ҳам сўраш мумкин, исми-шарифию, касби-корини. Бир жуфтликдан сўрасам, иккиси ҳам коллеж ўқувчисиман, дея жавоб берди. Иккинчи жуфтликка юзландим, ­уларнинг иккови ҳам коллеж ўқувчиси. Яна бир жуфтликка берган саволимнинг жавобидан ҳайратда қолдим. Куёвтўра ўрта мактаб ўқувчиси экан. Қулоқларимга ­ишонмай, қайта сўрадим. Ҳақиқатан ҳам Кармана туманидаги умумий таълим мактабларидан бирининг 11-синф ўқувчиси. “Савобли” тадбир ташкилотчиларининг бунчалик эътиборсизлигини, рўйхатни шакллантиришдаги кўзбўямачилигини мендан эшитгач, ҳожи оналар ҳам афсусланиб, ранжиб қолишди, баъзилари тўйхонани тарк этишди. Куёв бола таҳсил олаётган мактабга бориб, уйланаётган ўқувчилари ҳақида сўрадим, мутасаддилар бу тўйдан бехабарлик­ларини, ёши каттароқ бўлиб мактабга чиққан ўқувчиларидан бири эканлигини айтишди. Аммо нима бўлганда ҳам у мактаб ўқувчиси. Мактаб ўқувчисининг уйланишини эса ақлга сиғдириш қийин. Маънавият ҳақида катта-катта минбарларда қилаётган баланд-баланд овоздаги маърузаларнинг моҳияти ёки натижаси шуми?!

Одатда  ёши  ўтиб, оила  қуришга, тўй қилишга имконияти йўқ йигит-қизларга хайрия ёрдамлари қилиб, қўллаб-қувватлаб, муста­қил ҳаёт остонасига қадам қў­йишларига кўмаклашиларди. Бу галги хайрия тўйи қаҳрамонлари эса...

Ҳали касб-ҳунар коллежини, ҳатто мактабни ҳам битирмаган ёшларнинг оила қуришларига бу қадар “жонкуярлик” қилаётган ­отинойидан ҳамда тўйга келиб нутқ сўзлаган, ўз ҳудудидаги йигит-қизлар тақдирига бунчалик бефарқ, эътиборсиз бўлган хотин-қизлар қўмиталари раисларидан бу ёшларнинг оила қуришга тайёр эканликларига, турмушнинг турли имтиҳонларидан ўта олишларига кафолат бера оласизми, деган саволимизга жавоб кутамиз.

 

Маруса ҲОСИЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири