-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Қабул квотаси тасдиқланди: Бунинг учун ­етарлича шароит ­ҳозирландими? (2019 йил, 21 сон)

29.05.2019

Маълумки, яқинда Адлия вазирлиги тасарруфидаги юридик коллежларга ўқувчиларни қабул қилиш бўйича қабул квоталари маълум қилинди. Бу борада батафсил маълумот олиш мақсадида Тошкент давлат юридик университети проректори Дилшод ­Умаровни ҳам суҳбатга тортдик:

— Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Адлия вазирлиги тузилмасида ҳар бир ҳудудда биттадан — 14 та юридик коллеж ташкил этилди.

Ушбу юридик  коллежларга қабул қилиш ҳар бир ҳудуднинг “юрис­пруденция” йўналиши  бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига эга бўлган кадрларга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда Адлия вазирлиги томонидан белгиланган квоталар бўйича амалга оширилади.

Хусусан, Адлия вазирлиги тасарруфидаги юридик коллежларга 2019-2020 ўқув йили учун ўқувчиларни қабул қилиш бўйича қабул квоталари тасдиқланди.

Ҳужжатга кўра, 2019-2020 ўқув йили учун вазирликнинг юридик коллежларига тегишли йўналишлар (“Давлат хизматлари бўйича ­юрист”, “Кадрлар масалалари бўйича юрист”, “Аграр секторда ­юрист”, “Шартномавий масалалар бўйича юрист”, “Нотариат бўйича юрист”, “Адвокатура бўйича юрист”, “Ижро иши бўйича юрист”) бўйича  республика миқёсида жами 3340 нафар ўқувчи қабул қилинади.

Ушбу тақсимотга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятлари, Тошкент шаҳри юридик коллежларига 300 нафардан, Наманган вилояти юридик коллежига 250 нафар, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилояти юридик коллежларига 210 нафардан, Андижон, Жиззах, Навоий вилоятидаги юридик коллежларга эса 180 нафардан ўқувчи қабул қилиниши белгиланди. 

Мазкур юридик коллежларга ўқишга қабул қилиш Адлия вазирлиги томонидан белгиланган қабул квоталари доирасида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Адлия вазирлиги тасарруфидаги юридик коллежларга абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш ҳақидаги аризалар 1-июндан 20-июнгача (шу куни ҳам) қабул қилинади. Имтиҳон жорий йилнинг 1-10-июль кунлари “Ҳуқуқшунослик” (100 баллгача) ва “Она тили ва адабиёти” (50 баллгача) фанидан ёзма шаклда бўлиб ўтади.

Таъкидлаш керакки, Тошкент давлат юридик университети бакалавриатига 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб юридик коллежлари битирувчиларининг 30 фоизи йўлланма асосида тест синовларисиз, фақат суҳбат ўтказиш орқали қабул қилинади. Ўқиш даври уч йил бўлиб, ўқиш тугаганидан сўнг уларга тақсимотга мувофиқ уч йил давомида узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти қўйилади. Битирувчи узлуксиз ишлаб беришдан бош тортган ҳолларда, ТДЮУда ўқишни битирган вақтда амалда бўлган шартнома суммасининг йигирма беш баробари миқдорида  компенсация тўлайди.

— Юридик коллежларга ўқувчиларни қабул қилиш ҳамда бош­ланажак ўқув жараёнини муносиб ташкил этиш учун Юридик университет томонидан қандай амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда?

— Юридик коллежларнинг ахборот-ресурсларига бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда ишлаб чиқилган ўқув режа ҳамда ўқув дастурларидаги фанларни тўлиқ ўзлаштириш мақсадида, университет профессор-ўқитувчилари томонидан 27 номдаги дарсликларнинг қўлёзмалари тайёрланди.

Ўқув режа ҳамда дастурдаги фанларни ўзлаштириш юзасидан фойдаланиладиган адабиётларнинг электрон нусхалари тўлиқ етказилди.

Бундан ташқари, юридик коллежларни махсус ҳамда бадиий адабиётлар билан таъминлаш мақсадида, ўқувчилар контингенти ҳисобидан келиб чиқиб, умумий қиймати 345 160,0 минг сўмлик 31 номдаги 22 306 дона адабиёт билан таъминлаш юзасидан Адлия вазирлигига таклиф киритилди.

Шу билан бирга, ўқув жараёнини сифат даражасини ошириш, ўқувчиларнинг мустақил тарзда ўқув машғулотларини ўзлаштириш кўникмаларини шакллантириш мақсадида, юридик фанлар бўйича аудио тушунтиришли слайд-тақдимотлари, тарқатма материаллар тўпламлари ҳамда назорат саволлари ишлаб чиқилиб, ўқув жараёнида фойдаланиш учун ҳудудий коллежларга юборилди.

Юридик коллежларнинг ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш кўламини кенгайтириш, бу йўналишда илғор тажрибаларни татбиқ қилиш мақсадида, юридик коллеж ўқитувчиларига мутахассислик ҳамда хорижий тил фанлари бўйича семинар-тренинглар ўтказилди.

Шу билан бирга, юридик коллежлар ахборот-ресурс марказларидан фойдаланишни такомиллаштириш мақсадида, Адлия вазирлиги юридик коллежларининг Ахборот-ресурс марказларидан фойдаланишнинг намунавий қоидалари тасдиқланди.

Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг “Элект­рон таълим” миллий тармоғи тизимидан фойдаланган ҳолда юридик коллежларнинг ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш кўламини кенгайтириш, бу йўналишда илғор тажрибаларни татбиқ қилиш юзасидан доимий равишда семинар-тренинглар ўтказиб келинмоқда.

Бугуннинг асосий гапи бўлган мавзу юзасидан берилган батафсил маълумотлар учун ташаккур!

 

Гулсум ШОДИЕВА,

 “Инсон ва қонун” мухбири