-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Найрангбоз... (2019 йил, 21 сон)

29.05.2019

ЖУРНАЛИСТ машаққатли ва шарафли касблардан биридир.

Афсуски, “Тафаккур чаманзори” масъ­улияти чекланган жамияти муассислигида Қашқадарё вилояти бўйича ўз ўқувчисига эга бўлган “Мўъжизавий дунё” газетасида мухбир бўлиб ишлаб келаётган Соҳиб Собировнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) хатти-ҳаракатлари, ушбу машаққатли касб номига доғ туширди. Журналистик фаолияти давомида турли корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари билан учрашиб мақолалар тайёрлаб анча-мунча таниш орттирган эди. Шу тариқа ишлаб, маошига қаноат қилмаган журналист пул топишнинг бошқа йўлларини излай бошлади. Даставвал, бирор муассасага бориб тирноқ остидан кир қидириб танқидий мақола ёзиб, газетага бериб юбораман дея, таъмагирлик йўли билан беш-олти сўм топиб, тажриба орттирди. Тажрибанинг меваси ширин бўлиб, “қаҳрамон”имизнинг нафси борган сари ҳакалак отаверди.

2013 йилнинг февраль-май ойларида қайнотаси воситачилигида Ж.Дамировнинг 1993 йилда Душанбе Давлат Педагогика Университетини тамомлаганлиги ҳақидаги бакалавр дипломини нострификация қилдириб бераман, деб унинг ишончига киради. Ж.Дамиров фирибгарнинг ширин ёлғонларига ишониб, унга 1800 АҚШ доллари ва дипломини бериб юборади. У шу дамда дипломи, пул ва нострификация сертификатидан ҳам ажралиб қолди. Пулларни ўзлаштирган фирибгар кўздан ғойиб бўлган эди-да.

Шундан кейин у яна қинғир ишини давом эттириб, 2016 йилда китоблик Б.Равшановни солиқдан 5 600 000 сўм миқдоридаги қарздорлигини бир танишидан эшитиб, унинг муаммосини ҳал қилиб бераман, дея 2 800 000 сўм пулларини олади ва ўз эҳтиёжлари учун ­ишлатиб юборади. Оқибатда эса, солиқдан қарздорлигини ёпиш ўз гарданида қолади.
2017 йилнинг августида яккабоғлик
Н.Шодиевнинг ўғлини супер контракт асосида ўқишга киритиб қўяман, деб ваъда берган С.Собиров ундан 24 000 000 сўм миқдоридаги пулларини ўзлаштиради. Шу йилнинг октябрь ойида ­эса шаҳрисабзлик В.Мардановни шу тарзда 24 234 360 сўмга чув туширади. Декабрда тумандоши Ш.Зариповнинг қизини тиббиёт коллежига ўқишга киритиб қўяман, деб 800 АҚШ долларини чўнтакка уради. Шу тарзда “ҳожатбарор” С.Собиров 5 нафар инсонни ишончини суиистеъмол қилиб, уларни чув туширади. Бу ҳам етмаганидек, тақдир тақозоси билан С.Собировнинг қармоғига бу сафар катта “лаққа” илинди. Г.Жабборованинг пойтахтдан уй олиш нияти борлигини билган фирибгар фурсатни бой бермай отни қамчилади. Ўзини журналист эканлигини, пойтахтда таниш-билиш­лари кўплигини айтиб, бечора аёлнинг кўнглига йўл топ­ган “шоввоз”нинг бу сафар ҳам омади чопди. Ширинсухан йигитнинг сўзларига ишонган Г.Жабборова унга 3700 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни бериб, орзуси оғушида қолади. Шундан кейин С.Собиров анча пайт кўринмай кетади. Орадан қисқа фурсатлар ўтиб, оғзидаги ошни олдириб қўйган жабрдийдалардан яна бири Тошкентдан уй оламан, деб ­юрган Л.Давронова ҳам С.Собировнинг найрангига учди. Л.Давроновани ҳам 1000 АҚШ долларига чув туширди. Нав­батдаги қурбони З.Розиқовани ҳам пойтахтдан уй олиш нияти борлигини билган С.Собиров уни авраб 1300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини олиб, жуфтакни ростлади. Бу сафар ҳам С.Собиров сувдан қуруқ чиқди. Ўзгалар ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан даромад орттириб, чўнтак қаппайтириш энди С.Собиров учун чикора иш эди. Кунларнинг бирида С.Собиров тиш оғриғидан азият чекиб шифохонага боради. Шифокор қабулига кирган мухбир суҳбат давомида шифокорга ўзини журналист эканлигини ва “Қашқадарё ҳақиқати” газетасида ишлашини айтади. Босма оммавий ахборот воситалари, газета-журналларни мунтазам кузатиб бормаган шифокор бир зумда фирибгарнинг тузоғига тушади. У шифокорлар Ш.Раҳимов ва И.Акромоваларни алдаб, уларга бир неча маротаба газеталарда мақолаларингизни чиқариб бераман, деб сўзларига ишонтиради. Ш.Раҳимовдан 4 200 000 сўм ва И.Акромовадан 2 350 000 сўм пулларини олиб, шифохонадан ҳам тишини даволатиб, ҳам ҳамёни тўла пул билан чиқиб кетади. Афсус­ки, бу сафар фирибгарнинг ортидан из қолган эди. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам ошкор бўлади, деганларидек “журналист” қилган қилмишига яраша ўз жазосини олди.

 

Л.МАМАРАЖАБОВ,

жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди раиси