-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Давлат хизматлари марказлари — янги имкониятлар эшиги (2019 йил, 26 сон)

03.07.2019

ЯҚИНДА Навоий шаҳар Давлат хизматлари марказининг янги биносида  фуқароларга  60 та қабул  ойналарида 100 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйил­ди. Унда, фарзандини боғчаларга жойлаштириш учун келган фуқароларга она ва бола хонаси, тиббий кўмакка муҳтож одамлар учун тиббий ёрдам хонаси ажратилган, кўрсатилган барча хизматлар тўловини амалга ошириш учун банк кассалари мавжуд ҳамда нақд пул ечиш учун банкоматлар қўйилган. Мобил телефонларнинг қувват олиши учун қурилмалар ҳам ўрнатилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Навоийда давлат хизматлари кўрсатишда инновацион ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилган. Тадбиркорларга бож тўловларини амалга ошириш учун божхона хизмати ҳам марказнинг ўзида ташкил этилган. Яна бир қулайлик, энди навоийлик ҳайдовчилар 10 дақиқа ичида автомобиль учун давлат рақами белгилари ва техник паспорт  олишлари мумкин.  Фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзиш бўлими ҳам марказ биносида фаолият юритади. Туғилганлик ҳамда никоҳни қайд этиш гувоҳномаларини бериш хизмати ҳам марказдан чиқмасдан амалга оширилади. Шунинг­дек, бинода йўлга қўйилган бепул wi-fi дан  марказга ташриф буюрадиган фуқаролар беминнат фойдаланишлари мумкин.

Яқин-яқингача  битта маълумотнома учун вилоят марказидан  салкам 600 километр олис Қизилқумда жойлашган Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманларидан келувчиларнинг ҳам қимматли вақти, ҳам ортиқча маблағи сарфланарди. Идорама-идора юришлар, отангга бор, онангга бор қабилидаги муносабатлар, хуллас, фуқароларнинг фиғони фалакка кўтариладиган ҳолатларга дуч келинарди. Бугунги кунда ҳар бир туман  ва шаҳар фуқаросига ўзи яшаётган ҳудудда 100 дан ортиқ хизмат тури кўрсатилади. Шунингдек, давлат хизматлари марказларини ҳақиқий маънода халқнинг корига ярайдиган замонавий, шаффоф идораларнинг биринчи рўйхатига киритиш мумкин.

— Халқ ишончига киришга эришиш  осон бўлмади, албатта, — дейди Адлия вазирлиги  ҳузуридаги Давлат хизматлари Агентлиги Навоий вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элдор Баҳодиров.

— Чунки марказларга ҳар хил одам келади. Баъзиларининг муаммоларини ечишга қонуний асос йўқ. Улар эса буни тушунишни хоҳламайди. Шунда фуқароларимизнинг ҳуқуқий билимларини ошириш нечоғлик зарурлиги кўриниб қолади. Шу ўринда айтиш лозимки, фаолият турлари дастлаб 16 та бўлган бўлса, бугун 103 турда хизмат кўрсатилмоқда. Бу халқимиз учун қанчалик  енгиллик туғдираётган бўлса, бизнинг елкамиздаги масъулиятни эса 100 карра ошираётгани аниқ. Ҳали яна қўшимча 59 та хизмат тури ҳам  кўрсатилиши назарда тутилган. Ҳозиргача  вилоятда 185 000 га яқин хизматлар кўрсатилди. Улар орасида нафақат Ўзбекистон фуқаролари, балки Америка Хитой, Ҳиндистон, Корея, Швейцария, Туркия, Россия ва ­Украина каби қатор давлатларнинг фуқаролари ҳам бор.  Ҳозирги кунга қадар вилоятда 32 та чет эл корхонаси айнан давлат хизматлари  марказлари томонидан рўйхатга олинган.

Намунали ва  тезкор  давлат хизматлари нафақат шаҳарда, балки  чекка туманларда ҳам кўрсатилаётганлигига Конимех туман Давлат хизматлари марказида бўлган чоғимизда  гувоҳ бўлдик.

— Муҳандисман, ўн дақиқада “BILLUR STORY BUILDING”, деб номланган қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган оилавий корхонани ҳеч қандай оворагарчиликсиз рўйхатдан ўтказишга муваффақ бўлдим, — дейди ўз оилавий корхонасини давлат рўйхатидан ўтказган Акмал Раҳматуллаев. — Тумандаги 40 минг аҳолига хизмат кўрсатаётган беш нафар марказ ходимлари туман марказидан 300 километр олисда жойлашган овулларга сайёр давлат хизматлари кўрсатишни ҳам яхши йўлга қўйган.

Мақсад халқни рози қилиш, уларнинг оғирини енгиллатишга кўмаклашишдан иборатдир. Тушликсиз, танаффуссиз узлуксиз график асосида фаолият юритаётган  марказ хизматларидан одамлар миннатдор.

Нурота тумани Янгиобод  қишлоғида жойлашган  “Зарнур боғлари” хусусий корхонаси раҳбари Рамазон Сатторовга давлат хизматлари кўрсатилаётган жараёнга гувоҳ бўлдик. — Тез ва соз хизмат кўрсатилди, — дея мамнун бўлди фуқаро Р.Сатторов. — Қишлоғимиз сал ­олисда жойлашганлиги учун туман марказига тушганда, ҳамма ишларимизни бир йўла битириб кетишга одатланганмиз. Мана ишим саноқли дақиқаларда битди. Марказда шароитлар ҳам зўр, ходимлар ҳам хушмуомала. Роҳат қилиб, нафасингизни ростлайсиз. Авваллари бундай шароитларни хаёлимизга ҳам келтира олмас эдик.

Дарҳақиқат, туман  давлат хизматлари марказида бугунгача 18205 та давлат хизмати кўрсатилган. Улар орасида Хитой, Ҳиндистон, Туркия  ва Қирғизистон каби давлатларнинг фуқаролари ҳам бор. Нуротада мазкур мамлакатлар билан давлат рўйхатидан ўтказилган қўшма корхоналар сони йил бошидан буён 5 тани ташкил этаяпти. 

Мазкур тизим халқнинг ишончини қозонаётганлигини ҳар бир мижознинг марказдан миннатдор чиқиб кетаётганлиги билан изоҳлаш мумкин. Буларнинг барчаси халқимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб ­яшаши учун қилинаётган саъй-ҳаракатларнинг бир бўлагидир.

Янги имкониятлар эшиги халқимиз учун ҳамиша очиқ бўлсин!

 

Маруса ҲОСИЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири