-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Лицензиясиз фаолият учун жавобгарлик бор (2019 йил, 26 сон)

04.07.2019

“ЛИЦЕНЗИЯ” — лицензияловчи орган томонидан юридик ­ёки жисмоний шахсга берилган, лицензия талаблари ва шартларига сўзсиз риоя этилгани ҳолда фаолиятнинг лицензияланаётган турини амалга ошириш учун рухсатнома (ҳуқуқ) ҳисобланади.

Бугунги кунда лицензиясиз фаолият тадбиркорлар манфаати йўлида ­олиб борилаётган давлат бошқарувини издан чиқарадиган иқтисодиётга зарар етказадиган долзарб муаммолардан бири бўлиб, давлат ривожланишига ва жамоат манфаатларига путур етказади. Шу сабабли бу иллатга қарши кескин чоралар кўриш лозим.

Ушбу жиноятлар субъектлари кўпроқ ўз шахсий манфаатларини ўйлаб, назорат қилиб бўлмайдиган бойлик орттириш мақсадида тегишли рухсатнома олмасдан, давлат божи, кейинчалик эса солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни давлатга тўламасдан шуғулланишдан иборат бўлади. Натижада, ушбу шахс ёки корхоналар нафақат соғлом рақобатни издан чиқариб, иқтисодиётга зиён етказади, балки унинг сифатсиз хизмат кўрсатиши ёки соғлиқ учун хавфли бўлган маҳсулот чиқаришига олиб келади.

Шу мақсадда 2018 йил 16 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси “Хусусий банд­лик агентликлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ҳозирда 56 та фаолият турлари учун лицензия олиш шартлиги белгиланган.

Ҳозирги вақтда давлат манфаатларида ҳаракат қиладиган, бунинг оқибатида барча фуқароларнинг ҳаёти яхшиланишини тушунадиган шахсни шакллантириш методологияси мавжуд эмас. Аммо ушбу ҳуқуқбузарлик ва жиноят турларини коррупцияни кескин камайтириш чораларини кўриб ривожланиб кетган давлатлар тажрибаси унга қарши курашиш орқали иқтисодиётни кўтаришга, халқнинг ижтимоий ҳаётини тубдан яхшилашга эришиш мумкинлигини кўрсатди.

Шу боис, давлатимизда тадбиркорларга кенг ҳуқуқ ва имтиёзлар берилиши билан бирга, лицензиясиз фаолият учун Маъмурий жавобгарлик тўғриси­даги кодекснинг 165, 1763-моддалари билан маъмурий ёки Жиноят кодексининг 190-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, тадбиркорлик фаолиятининг махсус рухсатнома (лицензия) олмасдан амалга оширилиши Жиноят кодексининг 190-моддасининг 1-қисми билан; ўша ҳаракат жуда кўп миқдорда, хавфли рецидивист томонидан ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 190-моддаси, 2-қисми билан жавобгарликни келтириб чиқариб, ушбу ҳаракатлар учун айбдор шахс энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача муддатга ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди томонидан лицензиясиз фаолият жиноятларига нисбатан қонунни қўллаш амалиёти ўрганилганда, 2017 йилда 8 та (11 шахс) жиноят иши, 2018 йилда 3 та (5 шахс) жиноят иши судлар томонидан кўриб чиқилганлиги, шу ўринда 2018 йилнинг 1-чорагида — 4 та (7 шахс) жиноят иши кўриб чиқилган бўлса, 2019 йилнинг мазкур даври мобайнида 1 та (2 шахс) иш кўриб чиқилганлиги, бу эса бу соҳадаги жиноятлар ҳам бошқа жиноятлар сингари камайганлигини кўрсатади.

Шу ўринда, таъкидлаш лозимки, ушбу жиноятга қарши курашишда, аввало, ҳар бир тадбиркор ўз фаолиятини қонунларга бўйсуниш нуқтаи назаридан жиддий ислоҳ қилиши керак, унда соғлом фикр пайдо бўлишига, ушбу иллатга қарши қатъий фуқаролик позицияси шаклланиши, унга нисбатан муросасизлик ва тоқатсизлиги пайдо бўлишига қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш лозим бўлади.

 

Қаҳрамон МИРСАФАЕВ,

жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси