-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ижтимоий тармоқ ихтирочилари фарзандларига қандай тақиқ қўйишган? (2019 йил, 26 сон)

04.07.2019

АPPLE компаниясининг собиқ раҳбари, марҳум Стив Жобс ҳаётлигида ўзининг фарзандларига iPad’да узоқ вақт ишлашни тақиқлар эди. Нима учун? “The New York Times” газетасининг журналисти Ник Билтон интервьюларининг бирида Стив Жобсга шундай савол беради: сизнинг фарзандларингиз iPad’ни ёқтиришадими? “Улар ундан фойдаланишмайди. Биз болаларнинг уйда янги технологияларга кетказадиган вақтларини чеклаб қўйганмиз”, деб жавоб беради Жобс.

Журналист бу жавобни эсанкираган ҳолда сукунат билан қабул қилди. Негадир унинг назарида Жобснинг уйи ҳар томондан гигант сенсор экранлар билан қуршаб олингандек, у эса айпедларни уйига келган меҳмонларга конфетдек улашадигандек туюларди. Лекин ҳаммаси ҳатто бунга яқинроқ ҳам бўлиб чиқмади.

Умуман, Кремний водийсида фаолият юритувчи кўпгина технологик компания­лар бошқарувчилари ва венчур капиталистлари ўз фарзандларининг хоҳ компьютер, хоҳ смартфон ёки планшет экрани олдида вақтларини ўтказишларини чеклаб қўйганлар. Жобснинг ­оиласида ҳатто кечқурунлари ва дам олиш кунларида гаджетлардан фойдаланишга тақиқлов мавжуд эди. Технология дунёсининг бош­қа раҳнамолари ҳам худди шу каби йўл тутадилар.

Бу бироз ғалатироқ туюлади. Кўпгина ота-оналар бошқа ёндашувни тарғиб қиладилар, яъни ўзларининг фарзандларига интернетда қанча хоҳласалар шунча вақтларини ўтказишларига рухсат берадилар. Аммо ИТ-гигантларнинг бош директорлари ота-оналар билмайдиган оддий ниманидир билишади.

3D Robotics компаниясининг ижрочи директори Крис Андерсон ўзининг оила аъзоларига гаджетлардан фойдаланишга чеклов қўйган. У ҳатто бу қурилмаларни шундай созлаб қўйганки, улардан бирортасини кунига икки соатдан кўп ишлатиб бўлмайди.

“Менинг фарзандларим мени ва турмуш ўртоғимни ҳаддан ташқари қаттиққўлликда айблашади. Улар ўзларининг дўстларига уларнинг оилаларида бундай чекловлар қўйилмаганини айтишади”, дейди у.

Андерсоннинг 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган 5 та фарзанди бор ва бу чекловлар ­уларнинг ҳар бирига бирдек тааллуқлидир.

“Бунинг сабаби шуки, интернетга ҳаддан ташқари ружу қўйиш қандай хавф-хатарларга олиб келишини бошқалардан кўра яхшироқ биламан. Мен ўз пайтида шундай муаммоларга дуч келганман ва менинг фарзандларим ҳам шундай муаммоларга дуч келишларини хоҳламайман”, деб тушунтиради у бу ҳолатни.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, айниқса, ўн ёшгача бўлган болалар янги технологияларга ўта таъсирчан бўлишади ва уларга худди гиёҳвандларга ўхшаб боғланиб қоладилар. Шундай экан, Стив Жобс ҳақ бўлиб чиқди: болаларга планшетлардан кунига 30 дақиқадан, смартфонларга эса 2 соатдан кўп фойдаланишга рухсат бериш керак эмас. 10-14 яшар болаларга эса фақатгина мактаб топшириқларини бажариш учун компьютердан фойдаланишларига рухсат бериш мумкин.

Жиддий айтганда, ИТ-тақиқлар борасидаги расм-русум америкалик оилаларга борган сари чуқурроқ сингиб бормоқда. Баъзи ота-оналар ўзларининг фарзандларига ижтимоий тармоқлардан (мисол учун, Снапчат каби) фойдаланишларига рухсат бермайдилар. Бу билан улар фарзандлари интернетда бекорчи сафсатабозлик қилиш­ларидан бехавотир бўлишлари мумкин.

Олимларнинг айтишича, болаларга ахборот технологияларига чекловларни 14 ёшдан олиб ташлаш мумкин. Бироқ Андерсон 16 яшар фарзандларига ҳам ўз ­ётоқларида бу воситалардан, ҳатто телевизордан фойдаланишларига рухсат бермайди. Twitter’нинг ижрочи директори Дик Костоло эса ўз фарзандларига гаджетлардан фақатгина умумий хоналарда фойдаланишларига рухсат беради. Унинг фарзандлари бу воситаларни ётоқларига олиб киришларига ҳақлари йўқ.

Унда болаларни нима билан банд қилса бўлади? Мисол учун, Стив Жобс кечки овқатни ўз оиласи даврасида ўтказишни, улар билан бирор китоб, воқеа, жараённи муҳокама қилишни ёқтирар эди. Шу билан бирга унинг фарзандларидан бирортаси отаси билан суҳбат чоғида чўнтагидан iPhone’нинг чиқаришга ҳаққи йўқ эди. Натижада унинг фарзандлари интернетга қарам бўлмаган ҳолда вояга етдилар. Сиз ҳам бундай чекловларга тайёрмисиз?

 

Мадина ҲАМДАМОВА тайёрлади.